2022 йилда иқтидорли ўқитувчиларнинг иш ҳақлари оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисидаги» Президент фармони лойиҳасида назарда тутилган.
Яъни, 2022 йилдан бошлаб ўқитувчиларнинг малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда қуйидаги миқдорларда қўшимча иш ҳақи тўлаш режалаштирилмоқда:
- олий тоифали ўқитувчилар учун – камида 15 фоизга;
- биринчи тоифали ўқитувчилар учун – камида 10 фоизга;
- иккинчи тоифали ўқитувчилар учун – камида 5 фоизга.
Агар мазкур фармон лойиҳаси тасдиқланса, малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар қуйидаги миқдорда ойлик маош оладилар:
Олий тоифали ўқитувчи – 3 млн 645 минг 511 сўм
Биринчи тоифали ўқитувчи – 3 млн 155 минг 468 сўм
Иккинчи тоифали ўқитувчи – 2 млн 703 минг 065 сўм
Эслатиб ўтамиз, ўқитувчиларнинг малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ойлик маошларнинг оширилиши юқорида айтиб ўтилган Президент фармони лойиҳаси имзолангандан сўнгина амалга оширилади.
Фармон лойиҳаси 2021 йилнинг 30 декабрь куни муҳокамалар порталига жойланган бўлиб, 2022 йилнинг 14 январь куни якунланади. Катта эҳтимол билан Президент фармони январъ ойининг учинчи ўн кунлигида тасдиқланиши мумкин.
Фармон лойиҳаси билан ушбу ҳавола орқали танишиб, ўз фикрингизни қолдиришингиз мумкин.