Ҳар тўрт йилда февраль 29 кун келишини ва бу кабиса йили деб аталишини яхши биламиз. Хўш, нега шундай? Февраль календари қандай ҳисоб-китоб қилинган? Тарихий мисоллар ва февраль иримлари ҳақида «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов маълумот берди.
Гап шундаки, Ернинг Қуёш атрофида айланиш даври, аслида, 365 кунга тенг эмас ва у аниқ 366 кун ҳам эмас, балки 365 кундан 6 соатга кўпроқ, 366 кундан эса 18 соатга камроқдир. Соат, дақиқа ва сонияларигача ҳисоблайдиган бўлсак, Ер Қуёш атрофини 365 кун, 5 соат 48 дақиқа ва 46 сонияда тўлиқ айланиб чиқиб бўлади.
5 соат ва 48 дақиқа «ортиқча» вақтни эса биз одатий календаримизда ҳисобга олмай кетамиз. Аслида, деярли олти соатга тенг вақт анчагина бўлиб, у бир сутканинг чорак қисми демакдир. Яъни, шунақадан тўрттаси бир суткани ташкил қилади. Ҳисобга олинмай қолаётган вақтни ўрнига қайтариш учун тақвимда ҳар тўрт йилда битта «ортиқча» кун – 29 февраль санаси қўшилади. Бу йил «кабиса» йили деб аталади. Маъноси ҳам айнан «ортиқча» деганидир.
Йил ҳисоби тўлиқ 365 кун эмаслигини даставвал қадимги Рим мунажжимлари сезиб қолишган дейилади. Эрамиздан аввалги 46 йилда император Юлий Цезарь томонидан, искандариялик астроном Созигенга янги, аниқ тақвим ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган. Бунгача римликлар анча чалкаш календардан фойдаланишган. Хусусан, уларда мусулмон тақвимига ўхшаш 354 кунлик тақвимлар ҳам бўлган ва йил давомийлиги 355 кунга тенг деб белгиланиб, ҳар икки ёки уч йилда йил ҳисобига 13-ойни ҳам қўшадиган ажабтовур тақвим ҳам бўлган. 13-ойдаги кунлар сони 22 кундан иборат бўлган. Табиийки, бу ижтимоий-сиёсий жиҳатдан жуда чалкаш мураккабликларга олиб келган.
Созиген янги тақвимни Юлий Цезарь топшириғига биноан ишлаб чиққани боис, тақвимга «Юлиан» деб ном берган. Юлиан тақвими эрамиздан аввалги 45 йилдан эътиборан кучга кирган. Ўтган 2065 йилдан буён инсоният тақвимида ҳар тўрт йилда 29 февраль санаси қўшимча белгилаб келинади.
Ортиқча сана нега айнан февралга қўшилди? Чунки Цезарь замонасида янги йил 1 мартдан бошлаб ҳисобланган. Рим тақвимига кўра бир ойдаги кунлар сони 31 га тенг бўлса, кейинги ой 30 кун тартибида белгиланган. Йил 365 кун бўлганда, бу тартибга кўра, энг охирги ой – февралга фақат 29 кун қолган. Цезарь кабиса йилидаги ортиқча бир кунни февраль ойига қўшилишини истаган ва ўша пайтларда кабиса йилида февраль 30 кун келар эди.
Кейинчалик йил боши ҳисоби январга кўчирилган бўлсада, тартиб сақланиб қолди. Юлиан тақвимида ёзнинг иккинчи ойи – июлнинг номи ҳам айнан Юлий Цезарь номига қўйилди. Цезардан кейин тахтга чиққан император Октавиан Август ҳам ўз номини йил ойларидан бирига қўйилишини истади ва «секстилий» деб номланган ёзнинг учинчи ойини «август» деб фамилиясига мослаб ўзгартирди. Қарасаки, Юлий Цезарь номига қўйилган ойда 31 кун, ўз номига қўйилган ойда эса 30 кун экан (юқорида айтилган тартибга кўра, Цезарь даврида ҳеч қачон иккита ой кетма-кет 31 кун келмаган, август ҳам 30 кун бўлган). Шунда Октавиан жаноблари ўзини камситилган деб ҳис қилмаслик учун, февралдаги бир кунни олиб августга қўшиб қўяди ва яна бечора февраль 28 кун бўлиб қолади.
Шу сабабли Октавиан давридан бери февраллар 28 кун келади ва кабиса йилида энди февраль 30 кун эмас, 29 кунни ташкил қилади. Бу ҳикоя шунчаки миф ҳам бўлиши мумкин, айрим манбаларда Октавиан ортиқча бир кунни сентябрдан олиб августга қўшиб қўйган ҳам дейилган. Хуллас, бу мужмал мавзу.
Юлиан тақвимида йил ҳисоби 365 кун ва 6 соат деб аниқ белгилаб олинган эди. Лекин юлиан тақвими ҳам нақ 11 дақиқага адашган. Тақвим қабул қилинганидан бир неча аср ўтиб эса ўз салбий оқибатини кўрсатган. Хусусан, юлиан тақвимида ҳар 128 йилда 1 кун хатолик юз беради ва 1500 йилларга келиб, насронийларнинг эрта баҳорда нишонлайдиган байрамлари, хусусан, пасха ва бошқа саналар баҳорги тенгкунликка нисбатан олдинга силжиб қолганини одамлар яққол пайқай бошлайди.
Масалан, 1582 йилда баҳорги тенгкунлик 21 мартда эмас, балки, 11 мартда келадиган бўлиб қолган. Шу сабабли Рим папаси Григорий XIII махсус ҳайъат тузиб, календарни яна ислоҳ қилишга қарор қилади ва ўшандан буён, йил давомийлиги 365 кун 5 соат ва 48 дақиқа деб қабул қилинган. Европанинг аксар мамлакатларида 1582 йилдан эътиборан қабул қилинган ушбу тақвимни биз бугунда «григориан тақвими» деб номлаймиз ва у папа Григорий XIII номига аталишини сезган бўлсангиз керак.
Григориан тақвими 1582 йилдан амалга жорий этилган бўлсада, дунёнинг барча мамлакатлари бунга бирданига ўтмади. Германия 1583 йил, Венгрия 1587 йил, Пруссия 1610 йил, Дания 1700 йил, Англия 1752 йил ва Япония 1753 йилларда ўтди. Кўп мамлакатлар то ХХ асргача ҳам юлиан тақвимидан фойдаланишда давом этди. Бу пайтга келиб, юлиан тақвими хатолиги аллақачон 13 кунга етиб қолган эди.
Россия фақат янги тақвимига 1918 йилда ўтди (Шу сабабли, русларда «эски янги йил» 13 январда нишонланади). Григориан тақвимига охирги бўлиб, Юнонистон (1923), Туркия (1926) ва Миср (1928) ўтиб, юлиан тақвимини эндиликда бутунлай тарихда қолдирди.
Лекин григориан тақвимини ҳам тўла мукаммал ва аниқ деб бўлмайди. Чунки унда ҳам 26 сонияга хатолик бор ва йиллар, асрлар ўтиб у ҳам албатта ўз нишонасини кўрсатади. Ҳисоб-китобларга кўра, григориан календари ҳар 10000 йилда 3 кунга (3332 йилда 1 кунга) хато қилади. Шу сабабли, григориан календарига ҳам баъзан тузатишлар киритиб туриш зарур.
Қабул қилинган қоидага кўра, агар йил иккита нол билан тугалланса, (масалан, 1900, 2100) ва ушбу йил 400 га ё 4 га эмас, 100 га каррали бўлса, ўша йил кабиса йили бўлмайди ва унда февраль одатдагидек, 28-куни келаверади. Қоидага биноан, 1900 йил кабиса йили бўлмаган; шунингдек, 2100 йилда ҳам шундай ҳолат кузатилади. Бошқача айтганда, григориан календари ҳар 400 йилда 97 та кабиса йилига эга бўлади.
Кабиса йили тарихи ана шунақа қизиқ тарих. 29 февраль календардаги ноёб сана бўлгани учун, одамнинг ушбу санада туғилиш эҳтимоли ҳам жуда кам. Статистикага кўра, 29 февралда туғилиш атиги 0,066 фоизни ташкил қилади. Ер шарининг атиги 0,069 фоиз аҳолисининг туғилган куни шу санада нишонланади.
Мутахассисларнинг айтишича, 29 февралда туғилган чақалоқларнинг ота-онаси жуда кўп ҳолатда, фарзандининг туғилган кунини ёки 28 февраль, ёки, 1 март қилиб белгиланишини исташар экан. Бу, албатта, боланинг кейинчалик туғилган кунини нишонлашда ўксимаслиги нияти билан қилинади. New York Daily газетасининг ёзишича, Норвегиядаги Хенриксенлар оиласида, 1960, 1964 ва 1968 йилларда учта ака-ука 29-фервал санасида туғилган экан. Худди шундай ҳолат америкалик Эстеслар оиласида ҳам рўй берган. Уларнинг фарзандлари 2004, 2008 ва 2012 йилларнинг 29 февралида дунёга келган.