Энг кўп овоз олган 1666 та лойиҳа маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштириладиган бўлди. Жами ташаббусларга ўтган мавсумдан икки баробар кўп – 16 миллионта овоз тўпланди.
1,6 трлн сўм маблағни қаерга сарфлашини бевосита фуқаролар ҳал этишига қаратилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йил 1-мавсуми якунланди.
18 март соат 10:00 дан 7 апрел соат 10:00 га қадар давом этган жараёнда Ўзбекистон бўйлаб “Опенбюджет” портали орқали 33 680 та ташаббус учун 16 миллиондан ортиқ овоз берилди.
Овоз бериш жараёни якунларига кўра, 1666 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ғолиб лойиҳалар билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда тўпланган жами овозлар сони 7,8 миллионта бўлганди.
“Мазкур жараёнда иштирок этган барча фуқароларга миннатдорчилик билдирган ҳолда, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг кейинги мавсум жараёнларида фаол бўлишингизни сўраб қоламиз”, – дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарида.