Ушбу саҳифада фан олимпиадасининг шаҳар/туман босқичини ўтказиш бўйича йўриқнома билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 02-02/5-1692 хатига асосан Асосий олимпиаданинг II (туман, шаҳар) босқичи умумий ўрта таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотларининг 9-11-синф ҳамда касб-ҳунар мактабларининг 1-2-босқич ўқувчилари ўртасида Республикамизнинг барча туманларида жорий йил 17-21-октябр кунлари ўтказилади.
Умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқувчилари ўртасида Асосий олимпиаданинг II (туман, шаҳар) босқичини ўтказиш бўйича
йўриқнома
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2023 йил 3 октябрдаги 02-02/5-1692 – сонли хатига 1-илова
Мазкур йўриқнома 2023/2024 ўқув йилида туман (шаҳар) миқёсида ўтказиладиган асосий олимпиаданинг II босқичини (кейинги ўринларда – олимпиада) ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қўлланилади.
1-§. Олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш
2. Туман (шаҳар) Мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида Олимпиадани ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита тузилади.
3. Ташкилий қўмита:
- олимпиада ўтказиладиган жойни белгилайди ва тасдиқлайди;
- олимпиада ўтказиладиган жой ва вақти бўйича умумий ўрта таълим муассасалари, касб-ҳунар мактабларини ва нодавлат таълим ташкилотларини хабардор қилади;
- ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари рўйхатини шакллантиради, бунда ҳакамлар ҳайъати таркибига юқорида қайд этилган таълим муассасаларида албатта аъзо бўлиши лозим;
- олимпиада назорат материалларининг махфийлигини таъминлайди;
олимпиадани йўриқнома талаблари асосида ўтказилишини таъминлайди; - очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида иштирокчилар, ота-оналар, ўқитувчилар ва кузатувчилар учун ҳар бир фандан алоҳида-алоҳида телеграм каналлар ташкил қилинади ва бу каналлар номлари рўйхати олимпиада ўтказилаётган бинонинг барчага кўриш имкони бўлган, қулай жойларига илиб қўйилади, бу каналларга аъзо бўлиш тарғиб қилинади;
- ўқувчилар тест топшириқларини якунлагандан сўнг, саволлар китобчаси иштирокчиларнинг ўзида қолдирилади ҳамда жавоблар варағи сканер ёки расмга олиниб, ҳар бир фан бўйича ташкил қилинган телеграмм каналга жойланади (барча иштирокчиларнинг жавоблар варақаси электрон шаклда каналда бўлиши шарт!);
- олимпиада ўтказилаётган хоналарни, йўлакларни назорат қилиш учун холис кузатувчилар (журналистлар, блогерлар, ОАВ вакиллари, ота-оналар, ўқитувчилар) жалб қилинади, бунда бу кузатувчилар ўз алоқа воситаларини (телефон, гаджетлар ва ҳ.) топширган ҳолда киритилади ва жараёнларни кузатиб туришга рухсат берилади;
- барча олимпиада иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни olympiad.uzedu.uz ахборот тизимига киритилишини мувофиқлаштиради;
- олимппиада натижалали ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиши бўйича тавсияни юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этади.
4. Олимпиада умумий ўрта таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотларининг 9-11 синф ҳамда касб-ҳунар мактабларининг 1-2-босқич ўқувчилари ўртасида 2-иловадаги жадвал асосида 16 та фандан ўтказилади.
Академик лицейлар (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар тасарруфдаги академик лицей) ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабиларнинг биринчи босқич ғолиблари тўғридан-тўғри учинчи босқичда иштирок этиши белгиланганлиги сабабли, олимпиаданинг мазкур босқичида иштирок этмайди.
2-§. Олимпиада натижаларини баҳолаш
5. Олимпиада барча фанлардан тест синовлари шаклида ташкил қилинади.
6. Тест синовларида ҳар бир фандан 30 та тест саволлари тақдим қилинади. Биринчи гуруҳ фанларидан (математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот техгологиялари) топшириқларни бажариш учун 90 дақиқа; иккинчи гуруҳ фанларидан (тарих, география, она тили ва адабиёт, ўзбек тили, қорақалпоқ тили ва адабиёти, инглиз тили, француз тили, немис тили, рус тили ва адабиёти, тожик тили, қозоқ тили) топшириқларни бажариш учун 60 дақиқа вақт ажратилади.
7. Биринчи гуруҳ фанларидаги тест топшириқларининг дастлабки 10 таси содда даражасидаги ёпиқ (A, B, C, D жавоб вариантларидан танланади) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 0,9 балл;
кейинги 10 таси ўрта қийинлик даражасидаги ёпиқ (A, B, C, D жавоб вариантларидан танланади) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 1,5 балл;
қолган 10 таси очиқ (жавоби ёзиладиган) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб
2,6 балл билан баҳоланади, жами 50 балл (10*0,9+10*1,5+10*2,6=50).
Иккинчи гуруҳ фанларидаги тест топшириқларнинг дастлабки 10 таси содда даражасидаги ёпиқ (А, В, С, D жавоб вариантларидан танланади) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 0,9 балл;
кейинги 10 таси ўрта қийинлик даражасидаги ёпиқ (A, B, C, D жавоб вариантларидан танланади) тест бўлиб, ҳар бил тўғри жавоб 1,5 балл;
қолган 10 таси мураккаб даражадаги ёпиқ (A, B, C, D жавоб вариантларидан танланади) тест бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб 2,6 балл билан баҳоланади, жами 50 балл (10*0,9+10*1,5+10*2,6=50).
8. Тест натижаларига кўра, ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар ғолиб (1-, 2-, 3-ўринлар) аниқланади;
ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ташкилий қўмита томонидан учинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.
9. Тест натижаларига кўра, ғолиб ўринлар учун бир нечта иштирокчиларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, берилган тест топшириқларининг юқори балл бериладиган қисми бўйича кўп балл тўплаган ўқувчи устунликка эга бўлади (яъни, учинчи 10 ликдан (21-30 саволлар) юқори балл тўплаган номзод устунликка эга бўлади.Агар у ҳам тенг бўлса, иккинчи ўнлик (11-20 саволлар) таҳлил қилинади).
10. Ҳар бир қисм бўйича ҳам баллар тенг бўлган тақдирда ўқувчиларга ҳакамлар ҳайъати томонидан қўшимча 3 та очиқ тест (жавоби ёзиладиган) берилади ва ғолиб аниқланади.
11. Барча фанлардан тест топшириқлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тузилади ва махфийлиги таъминланган ҳолда жойларга етказилади.
12. Жойларга етказилган тест топшириқларининг маҳфийлигини таъминлаш, жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ташкил этиш, олимпиада жараёнларини (топшириқларни қоғозга чиқариш вақтида, иштирокчилар тест топшираётган вақтида, ҳакамлар ҳайъати ишларни текшираётган вақтда) ижтимоий тармоқларда (Facebook, Инстаграм, YouTube) жонли тарзда намойиш қилинишига туман (шаҳар) Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирлари шахсан масъул ҳисобланади.
13. Барча ҳудудларда олимпиада жараёнлари бир вақтда соат 11:00 да бошланади.
14. Топшириқлар иштирокчиларга ўзбек ёки рус тилларида берилади. Чет тиллар ва қардош тиллар бундан мустасно. Қорақалпоғистон Республикасида туман (шаҳар) босқичи учун топшириқлар қорақалпоқ тилига таржима қилиниши мумкин. Бунда таржима қўлёзма шаклда ўқувчиларга тақдим этилишига рухсат берилади.
3-§. Ҳакамлар ҳайъати
15. Олимпиадада ташкилий қўмита томонидан 3 кишидан 7 кишигача таркибда ҳакамлар ҳайъати тузилади.
16. Иштирокчиларга топшириқларни бажариш учун берилган вақт якунлангандан сўнг, аудитория раҳбари томонидан ўқувчиларнинг ишлари йиғиб олинади ва шифрланган ҳолда ҳакамлар ҳайъатига топширилади.
17. Ҳакамлар ҳайъати олимпиада иштирокчиларнинг ишларини текшириш учун тест топшириқларининг тўғри жавобларини тайёрлайди ҳамда шу асосида холисона текширади ва баҳолайди.
18. Иштирокчиларнинг жавоблар варағида битта саволга икки ва ундан ортиқ жавоблар тўғри деб белгиланган бўлса, уларнинг биронтаси ҳам инобатга олинмайди ва ушбу саволнинг жавоби учун 0 балл қўйилади.
19. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ўқувчиларнинг бажарган ишлари текширилаётган пайтда, ташкилий қўмита томонидан топшириқларнинг тўғри жавоблали ва ечимлари эълон қилинади.
20. Топшириқлар орасида хато тузилган ёки тўғри жавоби мавжуд бўлмаган саволлар аниқланса, барча иштирокчиларга мазкур савол учун белгиланган балл берилади (бунда, иштирокчилар орасида ушбу тест топшириғи учун балл қўйилганларга қайта яна балл қўшилмаслигини нобатга олиш лозим).
21. Ҳакамлар ҳайъати барча ўқувчиларнинг ишларини текшириб бўлгандан
сўнг, балларни Excel дастурига киритади ҳамда аудиторияга йиғилган иштирокчиларга ўз ишлари баҳоланган ҳолатда танишишлари учун тақдим этилади. Иштирокчиларнинг аудиториядаги ҳаракатлари (ўз ишларини ўзгартириб қўйиши, жавоблар варағини қайтариб топширмаслиги олди олиниши керак) қатъий назоратга олинади.
22. Иштирокчилар ўз ишларини ҳакамлар ҳайъати томонидан тўғри ва адолатли текширилганлигига ишонч ҳосил қилсалар, уни қайтариб ҳакамлар ҳайъатига топширади.
23. Агар иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати баҳолаган ишларига эътироз билдирсалар, уларга ҳакамлар ҳайъати томотидан шу савол бўйича тушунча берилиши керак.
24. Барча иштирокчиларнинг ишлари қайта йиғиб олингандан сўнг, баллар
ўзгарган ҳолатлар мавжуд бўлса, шу асосида якуний қарор шакллантирилади ҳамда якуний қарор ва ғолиб бўлган 3 нафар иштирокчининг жавоблар варағидан нусха олиниб, барчага эълон қилинади.