Мактаб директори қандай бўлиши керак? | «Умид» ИДУМ

Мактаб директори қандай бўлиши керак?

Бугунги кунда раҳбар нафақат аниқ бир касб-ҳунарнинг эгаси, аввало ўзининг фаолияти ва инсонийлиги билан халқнинг ишончига муносиб бўлиши, юксак интеллектуал тафаккур соҳиби, узоқни кўра оладиган, доимо янгиликка интилиб, замон билан ҳамқадам бўлиб яшайдиган, қатъиятли шахс бўлиши лозим.

ДиректорДарҳақиқат, мактаб директори ҳам таълим муассасаси бошқарувини замонавий усулларда ташкил этиши зарур. Бу эса ундан илғор тажрибаларни ва фан-техника ютуқларини мунтазам ўрганиб ўз фаолиятига татбиқ этиб боришни, касбий фаолиятига ижодий ёндашувни талаб қилади. Агар умумий ўрта таълим муассасаси раҳбарида бошқарув йўналишлари бўйича зарур билим, тажриба, педагогик маҳорат, кўникма ва малакалар етарли бўлмаса таълим жараёнини бошқаришда вужудга келадиган турли муаммоларнинг ўз вақтида, оқилона ечимини топишда унинг ожизлиги сезилиб қолади. Уларнинг олдини олиш ҳамда педагогик ходимлар фаолиятини такомиллаштириш ва натижада ўқув жараёнини ривожлантиришнинг энг асосий шартларидан бири раҳбар бошқарув фаолиятининг илмий асосда ташкил этилишидир.

Мактаб директорига қўйиладиган талаблар

XXI аср мактаб директори қандай фазилатларга эга бўлиши керак? 

Маълумки, республикамизда мактаб директорлари тайёрлайдиган олий ўқув юрти йўқ. Директорлик фазилати бевосита ўқитувчининг мактабдаги иш фаолияти давомида шаклланади. Ундан энг аввало билим, тажриба, ўз ишига содиқлик, ташаббускорлик, тадбиркорлик, ҳалоллик, талабчанлик, адолатли, ўта маданиятли ва жамоани маълум мақсадга йўналтира билишлик талаб этилади.

Бундан ташқари директор қуйидаги фазилатларга эга бўлиши керак:

  1. Ўз фанини яхши билиши ва замонавий дарс бериш жиҳатдан бошқа ўқитувчиларга намуна бўлиши;
  2. Изланувчан, янгиликка интилувчи, илғор ўқитувчилар тажрибаларини ўрганиб жамоага ўргатувчи бўлиши;
  3. Дунёқараши кенг, ўзининг сиёсий, илмий-методик ва раҳбарлик малакасини мунтазам ошириб бориши;
  4. Мактаб жамоаси, ота-оналар ва жамоатчилик ўртасида катта обрўга эга бўлиши;
  5. Сезгир, кишиларга эътибор билан яхши муомала ва муносабатда бўладиган, уларнинг меҳнатини тўғри қадрлай билиши, адолатли ва қатъиятли бўлиши;
  6. Ишга виждонан муносабатда бўлиш, ўз ишларини сид-қидилдан бажариш ва ўз меҳнатини тўғри ташкил қила билиши;
  7. Мактабнинг ҳамма соҳадаги ишларини чуқур ўрганиб, ишни яхшилаш учун аниқ чора-тадбир белгилаши ва уни амалга оширишни таъминлаши;
  8. Мактабнинг хўжалик ишларини тўғри ҳал қиладиган ва тежамкорликка катта эътибор берадиган бўлиши;
  9. Фидойилик, масъулиятлилик, поклик, қатъийлик, жамоаси манфаати йўлида жонкуярлилик, меҳнатсеварлилик, адолатлилик, ўзига ва ўзгаларга талабчанлилик каби сифатларда барчага намуна бўлиши.
  10. Шахсий ахборот ва методик диапазонини бойитиб бориш, вақти-вақти билан бу ҳақда ўзига ҳисобот бериб бориш (ўз-ўзини назорат қилиш).
  11. Индивидуал хусусиятларига кўра шахсий ривожланиш тизимини юзага келтириш: касбий қобилиятлари ва маҳорат-ларини такомил-лаштириш, ўзини тарбиялашни индивидуал режалаштириш, уни амалга ошириш жараёнида ўз-ўзини назорат қилиш (ўзига-ўзи ҳисобат бериш).
  12. Раҳбар яхши психолог бўлиб, ходимларнинг ёши, жинси, миллий ва индивидуал-психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар билан муносабатда бўлиши.
  13. Жамоа шаънини, обрўсини ўйлаши, юқори таълим оргинлари ходимлари олдида унинг қадрсизланишига, обрўсини кетказмасликка  йўл қўймаслиги, уларни ҳимоя қилиши, зарур бўлганда ўзи қаттиқ жазо чораларини кўриши.
  14. Педагог ходимини танқид қилишда иложи борича яккама-якка суҳбат шаклидан фойдаланиш, танқид қилинганда ҳам ходимнинг шахси эмас, балки унинг нотўғри фаолияти танқид қилиниши, шу билан бирга раҳбар танқид қилинган хоимини ижобий потенциал имкониятларини эслатиб ўтиши.
  15. Педагогларга кўпроқ эркинлик ва мустақиллик бериш керак ва уларни ҳар қадамини назорат қилишдан сақланиш лозим. Янгиликларни жорий қилаётганда йўл қўйган хатоларини кечириш, уларни ўзлари тўғрилаши учун вақт ва имконият бериши.
  16. Мактабни бошқариш, айниқса, ички бошқарув тизимини тўғри йўлга қўйиши;
  17. Умумий ўрта таълим мактабни ташкил этиш тўғрисидаги Низом ва шу асосда ишлаб чиқилган мактаб Уставини, мактаб ва мактабдан ташқари ишларга тегишли Йўриқномаларни яхши билиб олган юқори ташкилотчилик қобилиятларига эга бўлиши зарур.
  18. Дунёда ҳеч нарса абадий бўлмагани каби, раҳбарлик ҳам абадий бўлмаслигини, уни фақатгини ўз фаровонлигини таъминлаш манбаи деб тушунмаслиги, бу «касалликка» қарши унда «маъмурий-ижтимоий иммунитет» бўлиши шарт ва лозим.

Директор (2)

Директорнинг мактабдаги мавқеини унинг лавозими ёки бошлиқларнинг қўллаб-қувватлаши эмас, балки унинг ўз ишига муносабати, мактаб жамоасининг унга бўлган муносабати белгилайди. Обрў-эътиборли директор жамоанинг энг ҳурматли кишиси ва устозидир.

Таълим муассасалари раҳбарлари учун қуйидаги жиҳатлар жуда муҳимдир:

  • педагог кадрлар, ходимлар ва ўқувчиларни ҳурмат қилиш;
  • уларнинг исмларини ёдда тутиш, чунки одамнинг исми унинг учун энг ёқимли овоз ҳисобланади;
  • мактаб фаолиятининг барча турларини муҳим, деб ҳисоблаш;
  • ижодкорлик ва ташаббускорликни рағбатлантириш;
  • ходимга ўз иши билан ғурурланишига имкон бериш;
  • уларнинг турмуш тарзи билан қизиқиш;
  • турли мазмундаги шикоятларни тинглай олиш ва унга нисбатан тўғри муносабат билдириш;
  • одамларга ишон ва уларни кузат;
  • агар инсон нотуғри иш қилган бўлса, унга бақириб уришмасдан, тушунтириш усулидан фойдаланиш;
  • ташаббусни қайтармаслик;
  • ўзини тута билиш;
  • ўзгалар ўрнига ўзини қўйиб кўриш;
  • қўл остидаги ходимларнинг иззат-нафсига тегмаслик;
  • билмаган нарсани сўраб-суриштириш, қарор қабул қилишга шошилмаслик;
  • ходимларни ижодга, иложи борича кўпроқ ижодий гуруҳларни жалб қилиш;
  • ходимларни мактабдаги аҳвол, барча инновациялар, юқори ташкилотларнинг буйруқ ва кўрсатмалари билан таништириб бориш;
  • доимо жамоанинг ойлик ва кунлик режалар асосида фаолият йўналишларини белгилаб бориш;
  •  ишлаш учун имкон даражасида шароит яратиш;
  • Ходимингизни мақтасангиз ҳамманинг олдида мақтанг, уришсангиз – ёлғиз қолганингизда;
  • Ўқитувчиларнинг меҳнат фаолиятини қадрлаш;
  • вақтга риоя қилиш;
  • инсоннинг яхши фазилатларига эътибор бериш ва риоя қилишга хракат қилиш;
  • ўзгалар танбеҳини тўғри маънода қабул қилиш;
  • ўринбосарларнинг ягона гуруҳга эга бўлиш имконини яратиш;
  • раҳбарлар билан ҳамжиҳат бўлиш ва ходимларни шунга ўргатиш;
  • жазо ёрдам бермайди, у инсонларда фақат тушунмовчиликни юзага келтиради, деган шиорга риоя қилиш;
  • дангаса ишда барчани ишдан қолдирадиган таъсирга эга бўлишни ёдда тутиш;
  • эгилувчан бўлиш, ходимларга ҳадеб пўписа қилавермаслик;
  • ҳиссиётлар устидан ғолиб чиқиш ва уни бошқара олиш;
  • фақат олдинга қараб ҳаракат қилиш, жамоани бир мақсад сари бирлаштира олиш;
  • ваколатларни раҳбарият ўртасида тўғри тақсимлаш, раҳбар йўқ бўлганда ҳам мактаб соат сингари аниқ ишлаши керак;
  • ўз хатоларини тан олиш
  • жаҳл билан айтилган сўзлар ойлар давомида тузатиш қийин бўладиган зарар етказиши мумкинлигини эсда тутиш;
  • ўзининг имкониятларини тўлалигича сарф қиладиган одам ўзгалардан ҳам тўлалигича ишга берилишига эришади, деган ақидага амал қилиш. Бу дегани раҳбар ҳар жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўлиши керак;
  • таълим соҳасидаги йўриқномалар, қонунлар, қарорлар ва буйруқларда белгиланган топшириқ ва вазифаларга риоя қилиш директорга одамлар билан мулоқотда бўлишни ва уларга юклатилган вазифаларнинг бажарилишини енгиллаштиради;
  • таълим соҳасида барча масалалар бўйича маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилиш;
  • бажарилмайдиган ваъдалар бермаслик;
  • муассасани бошқаришни вазиятдан тўғри фойдаланган ҳолда ташкил этинг.

 

Хулоса қилиб айтганда, инсон омили, вазифаларни тўғри топшириш, ваколатларни тақсимлаш, раҳбарнинг нуфузи ва билимдонлиги, мактабнинг ривожланиши, таълим сифатининг ошишига йўналтирилган вазифаларни тўғри тушунтира билиш, одамларнинг шошма-шошарликсиз, тинч ишлашларига имкон яратиш, ишдаги тизимлилик, тўғри ташкил этилган мактаб ички назорати ва мониторинг, рағбатлантиришнинг яхши танланган тизими мактаб жамоасининг берилган барча кўрсатмаларнинг бажарилиши сифат ва савиясини таҳлил қилишга имкон беради.

Директорнинг мактабдаги мавқеини унинг лавозими ёки бошлиқларнинг қўллаб-қувватлаши эмас, балки унинг ўз иши ва мактаб жамоасининг унга бўлган муносабати белгилайди. Обрў-эътиборли директор жамоанинг энг ҳурматли кишиси ва устозидир.

Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатадики, мактабда таълим-тарбиянинг йўлга қўйилиши, ўқитувчиларнинг ижодкорлик фаолиятлари, таълим муассасасининг обрў-эътибори, ўқувчиларнинг билим олиш самарадорлиги, тарбияланганлиги, камол топиши, кўп жиҳатдан мактаб директорининг фидойилигига боғлиқ.

Мактаб директори мактаб учун давлат, ҳокимият, халқ таълими бўлими олдида жавоб берувчи ягона шахсдир.

Айниқса, мактаб бошқаруви тизимида бўлаётган ўзгаришлар, унинг раҳбарларига ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ масъулият юклайди. Бугунги умумий ўрта таълим муассасалари директорлари таълим соҳасидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўғри англаши, унинг илғор жиҳатларини ўзлаштиришга алоҳида аҳамият беришлари лозим. Шу маънода, тайинланган директор фақат ижрочигина эмас, балки ўз ишининг ҳақиқий устаси, маҳоратли бошқарувчи, малакали педагог, фаол ташкилотчи бўлишини даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Мактаб директорининг сифатлари ва қирралари

Мактаб директори таълим-тарбия жараёни амалга ошадиган муассасанинг биринчи кишиси, бош мутасаддидир. Унинг мактабни бошқаришда қатор вазифалари ва фаолият турлари мавжуд. Аввало, мактаб директории – раҳбар сифатида мактабнинг истиқбол режасини белгилайди ва уни амалга оширишга жамоани йўналтиради. Мактабда «Таълим тўғрисида» ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Президент фармони ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг таълимга оид қарорларини бевосита таълим-тарбия жараёнига татбиқ этувчи масъул шахс.

Мактаб директории – педагог сифатида ўзининг муайян концепциясига эга бўлиши, «Устоз – педагоглар мактаби»ни доимий равишда ўрганиб, кузатиб бориши зарур. Мактабда илмий, педагогик, методик ишларни такомиллаштиришга ҳисса қўшиши лозим. Педагог сифатида барча ўқитувчилар ва ўқувчиларга ҳар томонлама (кийиниш, мулоқот маданияти ва бошқа йўналишлар билан) ўрнак бўлиши керак. Шу билан бирга мактабдаги тарбия жараёнининг мазмуни, усули, шаклларини ташкил этиш масалаларини мувофиқлаштиради.

Мактаб директорининг сифат ва қирралари.

Мактаб директори турли тоифадаги, феъл-атвордаги кишилар билан доимий мулоқотда бўлар экан, унинг психология фанидан яхши хабордор бўлиши ва психолог сифатида қўли остидаги ходимлари олдида ўзини тута билиши, ўқитувчиларига ўзи тутган йўлини фақат тушунтириш эмас, балки уларнинг фикрларини тинглай олиши, ҳамфикр, ҳаммаслакликни тўғри қўллай олиши мАқсадга мувофиқдир. Директор мактабда педагогик-психологик ташхис ишларининг асосий функцияларини англаб етиш ва ундан самарали фойдаланишни таълим жараёнига татбиқ этиб боради. Раҳбар қабулига келган ҳар бир фуқаронинг фикрини тўлиқ эшитиш, тигишли жавобларни фуқаронинг шахсиятига тегмасдан, босиқлик Билан тушунтириб, саволга жавобларни бериш талаб этилади.

Раҳбар мактабнинг бош методисти сифатида – халқаро ташкилотлардан, республиканинг турли давлат ва жамоат ташкилотларидан, у ёки бу усуллардаги ахборотларни олади, уни таълим-тарбия жараёнига татбиқ этиш бўйича педагогика  (методика) ва методбирлашма кенгашиларида муҳокама этиш юзасидан таклифлар киритади. У методиканинг нозик қирраларини кўра билиши, ажрата олиши муҳим бўлиб, янгиликларни (ихтиро, рационализаторлик) яратиб боради. Мактабда «Ёш ўқитувчилар мактаби» доимий ҳаракатдаги ўқув-семинарларини ташкил этади ва унинг ишини ўрганиб боради, унинг методик таъминоти юзасидан амалий ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, у бугунги ўқитиш тизимида долзарб саналган замонавий таълим, ахборот технологияларини тарғиб қилиши ва албатта, ўзи ўқитувчи сифатида уларни қўллай билиши шарт.

Мамлакатда олиб борилаётган таълим сиёсатининг мазмун – моҳиятини яхши билган ҳолда мактаб директории дастурловчи сифатида  тегишли юқори идораларнинг кўрсатма ва меъёрий хужжатларидан келиб чиқиб, мактабнинг таълим-тарбия ва молиявий ишларни ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида олиб бориладиган ишлар юзасидан истиқбол, йиллик, чораклик ва ойлик иш режаларни тузиб боради. Уни ривожлантириш ва такомиллаштириш дастурларини ишлаб чиқади ва режалаштириш механизми лойиҳасини педагогик жамоа муҳокамасига қўяди, тасдиқлаган дастурларни юқори ташкилотларда ҳимоя қилади.

Мактабнинг асосий ташкилотчиси ҳам мактаб директоридир. Шу нуқтаи назардан у мактабда ташкил этиладиган ҳар бир тадбирнинг маз-мунли ўтиш чораларини кўради. Мактабни ривожлантириш, барча соҳа йўналишлари бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарлари Билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, амалий семинарлар ўтказиш режасини тузади ва уни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатиб боради.

Даврнинг ўзи мактаб директоридан фақат раҳбар, педагог бўлишнигина эмас, балки ишнинг кўзини биладиган тадбиркор бўлишни ҳам тақоза этмоқда. Мактабда бюджетдан ташқари маблағ топиш чора-тадбирларини кўради. Ҳукматнинг тегишли қарорлари асосида мактабда шартнома асосида қўшимча таълим бериш, мактаб биносида жойлашган спорт заллари, бўш хоналарни ва бошқа жойларни таълим-тарбия жараёнига таъсир этмайдиган ҳолда ижарага бериш ҳамда пуллик хизмат кўрсатишни бошқа турларидан фойдаланилади.

Директор назоратчи – таҳлилчидир. У таълим-тарбия жараёнларини ўрганади, кузатади, текширади, таҳлил  қилади, хато ва камчиликларни Аниқлайди, уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни белгилайди, ижобий ишларни рағбатлантиради. Мактабда ўқув йили давомида таълим-тарбия жараёнини яхшилаш бўйича хорижда ҳамда республикада таълим ва ижтимоий соҳада олиб борилаётган ишларни таҳлил этади, хулосалар чиқаради.

Таълим муассасасида янгилик яратиш, педагогларни янгиликка жалб этиш, таълим-тарбияни, узлуксиз методик хизматни илмий-методик жиҳатдан ташкил этиш, уни бошқариш, педагог кадрларни фаолият кўрсатишларига ва ўқувчиларни вариатив ўқув режалар ва дастурлар асосида таълим олишларига шарт-шароитлар яратишда директор алоҳида фаоллик кўрсатади. Таълим-тарбия фаолияти мониторингини олиб бориш жараёнида, уни ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан ҳам янгиликлар киритишни тақоза этадиган фикр-мулоҳазалар вужудга келганда уни амалиётга қўллаш бўйича тажриба-синов ишларини олиб боради.   

Замонавий мактаб директори бозор қонуниятларини, хусусан маркетингни яхши билиши керак.  Директор мактабда бюджетдан ташқарии топилган маблағларни йўналишларини белгилайди, ташкил этади. Тегишли ташкилот ва муассасалар, юридик ёки жисмоний шахслар Билан шартномалар тузади. Барча ишларни амалдаги қонунчилик асосида юритади ва унинг мониторингини олиб боради. Шунингдек у даъвогор (истец) сифатида шартнома тузган ташкилот, юридик ёки жисмоний шахснинг шартномада белгиланган шартларни бажармаган бўлса, уларнинг устидан тегишли ҳуқуқий органларга даъво этади.

Бутун бошқарув фаолиятини ташкил эти шва амалга оширишда мактаб директории адолатни ўзига асосий мезон қилиб олиши керак. Педагог ва ходимларга белгиланган вазифаларни тақсимлашда уларнинг ёши, тажрибаси, жисмоний имкониятини ҳисобга олиши, рағбатлантириши, шу Билан бирга ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги ҳамда ўқувчилар ўртасидаги зиддиятли вазият юзага келганда уни адолатли ҳал этилади.

Бошқарувда раҳбарнинг мустақил фикрга эгалиги, сабр-тоқатли, диққат-эътиборли, ҳалол, интизомли, сўзининг устидан чиқувчи, тўғри сўз, виждонли, инсонпарвар бўлиши билан бирга қийинчиликларни енга оладиган, орқага чекинмайдиган, тўсиқлардан  қўрқмайдиган, ўзи хато ёки камчиликка йўл қўйганда айбини тан олишдан уялмаслиги, тажрибали педагогларга суяниб иш кўради.

Директор (3)Бугунги давр талаби мактаб директоридан иқтисодий билимларни яхши ўзлаштирган  иқтисодчи бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 26 февралдаги «Халқ таълими муассасаларининг молиялаштириш механизмини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-3857 фармонига биноан мактабларни молиявий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда таълим муассасаларининг мустақиллигини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш назарда тутилади.

Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатадики, мактабда таълим-тарбиянинг йўлга қўйилиши, ўқитувчиларнинг ижодкорлик фаолиятлари, мактабнинг обрў-эътибори, ўқувчиларнинг билим самарадорлиги, тарбияланганлиги, камол топиши мактаб директорининг ўз ишига фидойилигига боғлиқ.

Директор қандай бўлса, мактаб ҳам шундай бўлади, деган хулоса бежиз айтилмаган.

Мактаб директори мактаб учун давлат олдида, ҳокимият, халқ таълими бўлими олдида жавоб берувчи ягона шахсдир.

Ўқувчилар ҳисоботини юритиш, улар таркибини сақлаб қолиш бўйича умумтаълим мактаб директорлари учун

Э С Л А Т М А

Умумтаълим мактабларида қуйидагилар бўлиши керак:

  • маҳалла ва кўча, тор-берк кўчаларнинг номи, уйларнинг рақами аниқ кўрсатилган микроучастканинг харитаси;
  • туман ҳокимиятининг микроучасткани таълим муассасасига бириктирилиши ҳақидаги қарори;
  • мактаб директорининг микроучасткани ўқитувчиларга (кўча, уй, хонадони аниқ кўрсатилган) бириктирилганлиги ҳақидаги буйруғи;
  • «Микроучасткада истиқомат қиладиган 0 ёшдан 19 ёшгача бўлган болаларни қайд қилиш бўйича ягона шаклдаги дафтари»нинг мавжудлиги;
  • 6 ёшли болаларнинг алоҳида рўйхати;
  • ўқувчиларнинг муайян бир мактабда таълим олишини тасдиқловчи мактаблараро рўйхат;
  • ўқувчилар таркибининг буйруқлар дафтари, ҳар бир ўқувчининг мактабдан кетишини тасдиқловчи ҳужжат (чиқариш варақаси, чиқиш ҳақида маълумотнома);
  • ўқувчилар таркибининг сақланишини акс эттирувчи «Ўқувчилар ҳаракати дафтари»;
  • йўриқнома асосида тўлдирилган синф журналлари;
  • ўқувчиларнинг давомат дафтари;
  • иккинчи йилга қолдирилган ўқувчиларнинг жорий ва чорак баҳолари акс эттирилган ҳолда синфлар кесимидаги рўйхати;
  • тарбияси оғир бўлган ўқувчиларни алоҳида қайд қилиш;
  • 9, 11-синф битирувчиларининг ўқишга, ишга жойлашиши бўйича маълумот;
  • ота-оналар, ички ишлар бўлими ходимлари, маҳаллий нозир, маҳалла кенгаши билан ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар (папка);
  • кам таъминланган оила фарзандларининг рўйхати;
  • ўқувчиларни қайд қилиш дафтари (3-шакл) асосида тузилган микроучасткада истиқомат қиладиган ўқувчиларнинг умумий қайдномаси.
🔥812 марта кўрилди

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*