АҚШ мактаблари узра саёҳат (1-қисм)

New YorkСайтимизда «Чет эл таълим тизими» рукни остида хориждаги мамлакатлар таълим тизими, таълим жараёни, хусусан мактаблари хақида маълумот беришни давом эттирган ҳолда, бугунги мақоламизни АҚШ мактабларидаги таълим жараёнига бағишладик. Мақоламиз икки қисмда бўлиб, биринчи қисмида маълумот, иккинчи қисмида АҚШ мактаблари ҳақида видеороликлар жой олади.

Федерал бошқарувга асосланган АҚШда умуммиллий таълим стандарти мавжуд эмас. Икки асрлик тарихга эга Конституцияга кўра, ҳар бир штат таълим тизимини, жумладан, мактаб таълимини мустақил ташкил этади. Таълимнинг номарказлашган тарзда шаклланиши Америка давлатига хос бўлган ва бошқа бирор мамлакатда учрамайдиган тизимдир. Ҳар қандай мукаммал тизим ҳам замон талабидан келиб чиқиб ўзгариб боради. Америка мактаб таълимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам уни янада такомиллаштиришга қаратилган.

Ҳаммаси IQга боғлиқ

Тизимдаги ўзгаришларга тўхталишдан аввал Америка мактаб таълимининг асосий хусусиятлари билан таништириб ўтсак. Қўшма Штатларда болалар 5 ёшдан бошланғич мактаб (elementary school)га қатнайди. Дастлабки йил тайёрлов муддати бўлиб, у умумий мактабга даврига кирмайди (бу “нолинчи” синф ҳам деб аталади). Олти ёшдан мактаб дастурига ўтилади. Бу боланинг келажагини ҳал қилувчи муҳим босқич. Негаки, шу даврда ўқувчиларнинг ақлий қобилият коэффициенти (IQ – Intelligence quotient) аниқланади. Боланинг илғор ёки қолоқ гуруҳлардан ўрин олиши айнан IQ кўрсаткичига боғлиқ.

Бошланғичда болаларнинг жамиятга тез ва соз мослашувини таъминлаш, уларда ижодий қобилиятни уйғотиш учун музей, театр ва бошқа маданий масканларга тез-тез экскурсия уюштирилади. Шунингдек, болалар навбатма-навбат ота-оналарининг иш жойлари билан танишадилар. Яъни бошланғичдаёқ уларда шифокор, журналист, полициячи, ўт ўчирувчи ёки cотувчи касби хусусида тасаввур шаклланади. Бу тажриба уларга келгусида касб танлашда асқотади.

5-cинфдан кейин ўқиш ўрта мактаб (middle school)да давом этади. Ўрта мактаб айрим штатларда 5-, яна айримларида 6-cинфдан бошланади. Ушбу босқичда ўқувчи келажак режасини аниқлаб олиши, бирор касбнинг этагидан тутиш ёки олий ўқув юртида ўқиш борасида бир қарорга келиши керак.

Кейинги босқич – юқори мактаб (high school). Бу босқичда ўқиш тўққизинчидан ўн иккинчи синфгача давом этади. Юқори мактабда ўқувчига фанларни танлаш имконияти берилади. Аммо танлов фандан ташқари кимё, биология, физика, математика, адабиёт, жисмоний тарбия каби мажбурий фанлар ҳам ўзлаштирилиши лозим. Олий ўқув юртига кириш ниятида бўлган ёшлар чет тилини ҳам ўрганиши керак. Америка мактабларида асосан испан, француз, немис, шунингдек, япон, хитой, лотин, юнон, араб тиллари ўргатилади. Ўқув дастурлари штатлар бўйича бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Аммо юқорида қайд этилган мажбурий фанлар барча штатлар учун хос. Шу тариқа америкалик ўсмир 17-18 ёшида ўрта мактабни тамомлайди. Юрагида ўти бор ёшлар кейин таълимни олий ўқув юртида давом эттиради…

Аксар ривожланган давлатларда бўлгани каби АҚШда ҳам таълим даражаси ҳар бир инсоннинг жамиятдаги мавқеи ва ижтимоий мақомини белгилаб берувчи кучли омил саналади. Таҳлилларга қараганда, мамлакатдаги 25 ёшдан юқори аҳоли гуруҳининг 85 фоизи тугалланган ўрта, 30 фоизи олий маълумотга эга.

Хусусий мактаб: қиммат беҳикмат эмас

АҚШда давлатга қарашли мактабларда (public school) таълим бепул. Ўзига тўқ оила вакиллари хусусий мактаблар (private school)да ҳам ўқиши мумкин. Хусусий мактабларда билим сифати нисбатан юқори, синфларда ўқувчи сони ҳам кўп эмас (ўртача 12-15 нафар). Шунга яраша, ўқиш учун каттагина ҳақ олинади: бир йиллик тўлов 2000 доллардан ошади. Албатта, бунча тўловни ҳамманинг ҳам ҳамёни кўтаравермайди. Аммо мутахассисларнинг кўп йиллик кузатишларга таяниб ёзишича, давлат арбоблари, дипломатлар, нуфузли олимлар айнан хусусий мактаблар битирувчилари орасидан етишиб чиқади. Америка бўйича 120 минг мактаб фаолият юритаётган бўлса, ундан 30 мингга яқини хусусий таълим масканларидир. Мактаб ёшидаги ўғил-қизларнинг 15 фоизи хусусий таълим даргоҳларида ўқийди.

Ўқув ҳафтаси 5 кундан иборат, кунлик дарслар 5-6 соат (8.30дан 15.30гача)ни ташкил этади. Ўқувчилар билими инглиз ҳарфлари A (аъло), B (яхши), C (ўрта), D (ўртадан паст) ва F (қониқарсиз) билан баҳоланади. Болалар билимини аниқлаш бўйича умумий тизим йўқ, штатларда бу борада Cognitive Abilities Test, Henmon-Nelson Test of Mental Ability, SOI Learning Abilities Test, Scholastic Aptitude Test каби синов тизимлари мавжуд.

Қўшма Штатлар мактабларида илмий янгиликлар машғулоти алоҳида ўрин тутади. Бунга кўра, ҳар бир ўқувчи йил давомида маълум фан бўйича янгилик, ихтирога қўл уриши ва йил якунида амалга оширган кашфиёти ёки ғояси бўйича маъруза қилиши керак. Бу ёшларни ижодий фикрлаш, яратувчилик ва кашфиётларга ўргатади.

Дарвоқе, мактаблар бошқаруви хусусида икки оғиз. Давлатга қарашли ўқув масканлари ҳар бир штатда сайлов асосида шакллантириладиган мактаб кенгашлари (school boards) томонидан бошқарилади. Мазкур кенгаш ўша ҳудуддаги мактаблар учун мажбурий бўлган чора-тадбирлар, ўқув дастурларини тасдиқлайди, таълим даргоҳларини молиялаштириш масаласини ҳал этади (Ҳар бир штат кўчмас мулк солиғидан тушган маблағдан маълум улушини мактаблар учун ажратади. Демак, мактабларнинг моддий таъминоти ва таълим сифати ота-оналар тўлаётган солиқларга боғлиқ).

Америка жамиятида айрим ота-оналар фарзандларини жиноятчилик ва нобоп муҳитдан муҳофаза қилиш мақсадида уларни уйда ўқитишни афзал билади. Баъзида ноёб истеъдодга эга ёки аксинча ақлий қобилиятда тенгдошларидан ортда қолган болалар ҳам уйда ўқийди (уй шароитида билим олаётган болалар мамлакат бўйича 3 фоизни ташкил этади). Олимларнинг фикрича, уйда ўқиган болаларда фанларни ўзлаштириш ижобий бўлиши мумкин, аммо уларнинг кейинчалик жамиятга мослашуви қийин кечади.

“Таълим тизимига ўзгаришлар керак”

Ҳозирда давлатга қарашли мактабларда ўқувчиларнинг кўплиги (айрим синфларда ўқувчи сони 45дан ошади) асосий масала бўлиб қолмоқда. “Америкага ўзгаришлар керак” шиори билан ҳокимиятга келган Барак Обама маъмурияти таълим соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга оширмоқда. “The Washington Post” газетасининг ёзишича, Президент Обама маъмурияти ўрта таълим тизимида барча штатлар учун умумий стандарт жорий этиш ғояси билан чиққан. Мазкур ғоянинг ташаббускорларидан бири, Таълим вазири Арне Данканнинг фикрича, умумий мезонлар мавжуд эмаслиги, баъзи штатларда таълим сифати пастлиги сабабли, айрим ўқувчилар олий ўқув юртига кира олмаётирлар. Маълум бўлишича, ҳозирда мактаб битирувчиларининг 30 фоизи коллеж ва университетда таҳсилни давом эттирмоқда. Аммо мазкур кўрсаткични янада ошириш керак. Таълим вазири умумий стандарт ишлаб чиқилиши билан ўқув жараёни сифати яхшиланишига умид билдирган. Ягона таълим стандарти ғоясини Жанубий Каролина, Аляска ва Техасдан ташқари 47та штат раҳбарияти қўллаб-қувватлаган. Ушбу ташаббус асосан айрим республикачи губернаторлар томонидан танқид қилинган. Республикачилар таълим ваколати штатларда қолиши керак, бу федерал ҳукуматнинг иши эмас, деган фикрда.

Албатта, умумий стандарт ишлаб чиқиш жараёни осонликча бўладиган иш эмас. Бунга муайян фурсат талаб этилади. Қолаверса, стандарт ишлаб чиқилганидан кейин ҳам қонунчилик бўйича штатларда бир-бир тасдиқланиши керак.

2001 йили АҚШ Конгресси “Бирорта ҳам қолоқ ўқувчи қолмасин” (No Child Left Behind Act) деб номланган қонунни қабул қилди. 2002 йилда кучга кирган қонун федерал ғазнадан таълим ривожига кўпроқ маблағ ажратишни кўзда тутади. Соҳа мутахассисларига кўра, ушбу ҳужжат ҳам мамлакатда мактаб таълимини янада ривожлантиришга имкон бермоқда.

“Келажак мактаблари”

Амалдаги маъмурият мактаб таълими соҳасида “Биринчилик учун пойга” (Race to the Top) ташаббусини эълон қилган. Бунга кўра, янгиликлар жорий этган, таълим кўрсаткичларини яхшилаган мактабларга федерал ғазнадан молиявий кўмак берилади.

Қўшма Штатларда махсус тажриба мактаблари ҳам ташкил этилган. Тўла давлат томонидан молиялаштириладиган ушбу мактабларда таълим жараёни мониторинг қилиб борилади, янги ғоялар нечоғли самара бераётгани ўрганилади. Ҳозирда бу каби махсус таълим масканларининг саноғи 4,6 мингни ташкил этади. “Биринчилик учун пойга” ташаббуси мактаблар ўртасида кучли рақобат муҳитини яратишни кўзлайди. Яна бир жиҳати, мазкур мактабларда ўқитувчиларнинг маоши ҳам ўқувчиларнинг билим даражаси, аниқроғи, улар топширадиган тест натижаларига асосан белгиланади. Бу эса турли мунозараларга ҳам сабаб бўлмоқда. Одатда, демократлар томонида бўладиган касаба уюшмалари ҳам мазкур ташаббусга баҳо беришда иккига бўлинган. Масалан, Таълим ходимлари миллий касаба уюшмаси (NEA) ушбу ташаббус бўйича мактабларнинг юқоридан пастга принципи асосида идора этилишини танқид қилган. Шунингдек, ўқитувчиларнинг маоши тест натижаларидан келиб чиқиб белгиланиши керак, деган таклиф ҳам салбий баҳоланган. Уюшма баёнотига кўра, мазкур тартиб педагогларнинг таълим бериш билан эмас, кўпроқ ўқувчиларни аттестацияга тайёрлаш билан шуғулланишига олиб келиши мумкин.

“The Washington Post”нинг ёзишича, Таълим вазири Арне Данкан ҳар қандай янгилик дастлаб қаршиликларига учраши табиий эканини айтган ва ушбу ислоҳотларни таълим тизимидаги янги давр деб баҳолаган.

Мазкур ташаббус ижодкорлари мактаб таълимини аҳоли яшаш сифатини янада ошириш, иқтисодий тараққиёт ва қудрат, хавфсизлик ҳамда улкан илмий кашфиётлар омили деб баҳолаган. Ушбу ғояни амалга оширишга хизмат қилувчи янги таълим масканлари эса “Келажак мактаблари” деб аталган. Вақт – одил ҳакам. Янги мактаб тизими борасида ҳам маълум фурсатдан кейин аниқ хулосалар айтиш мумкин.

Ўхшаш мавзулар:

One thought on “АҚШ мактаблари узра саёҳат (1-қисм)

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*