Ўтган йили декабр ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшовчи мактаб ўқувчиси Замира Тўйчиева мактабга қайиқда қатнаши шов-шувларга сабаб бўлганди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Сирдарёда ёш қиз мактабдан қайтишда бир қанча вақтдан бери дарёдан қайиқда сузиб ўтаётгани акс этган видео тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг, Сирдарё вилояти ҳокимлиги масъуллари қизалоқнинг хонадонида бўлиб, ҳолатни ўрганишганди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, энди қиз мактабга бориши учун дарё кечиб ўтиши шарт эмас. Вилоят ҳокимининг таклифига кўра, у янги ўқув йилидан бошлаб Гулистон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида академик эшкак эшиш йўналишида ўқишни давом эттирадиган бўлди.
“Марказда ётоқхона ва 4 маҳал бепул овқат билан таъминланади. Шунингдек, бўш вақтларида унга ”Ёшлар маркази”да дастурлаш ҳамда IТ-соҳасини ўрганиши учун шароит яратиб берилади”, – дейилади хабарда.