Қоғоз тарихи, тайёрланиши (видео) - Ta’lim / Образование

Қоғоз тарихи, тайёрланиши (видео)

Мактабни қоғозсиз тасаввур қилиш жуда ва жуда қийин: дафтар, китоб, синф журнали, ўқитувчи хужжатлари, турли ҳисоботлар, хаттоки кундалик дафтари ҳам қоғоздан тайёрланади. Қоғоз ҳаётимизда жуда муҳим роль уйнайди. Бир парча қоғоз тайёрлаш учун қанчадан қанча инсон меҳнати ётади. Ишонмайсизми? Қуйидаги мақола ва видео ёрдамида бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Қоғоз тарихи

Инсоният ёзиш учун материални қоғоз ихтиро қилинмасдан анча аввал топган. Қадимги мисрликлар эрамиздан 4000 йил олдин папирус ўсимлик поясининг қобиғини шилиб текислашган, сўнгра уни хоч ҳолида устма-уст қўйиб, пресслаб ёпиштиришган. Қуритилган материал эса ёзиш воситаси сифатида ишлатилган. Лекин бу ҳали қоғоз эмас эди. Қоғоз тайёрлашни хитойлик Сай Лун ўзидан олдинги изланишларни ҳисобга олиб, 105-йилда ихтиро қилган.

Хитой жуда қадим замонлардаёқ ўзининг китобий сермушоҳада мафкураси ҳамда, амалдорлардан доимий ҳисобот талаб этувчи мураккаб расмиятчилик тизими билан донг таратган. Шу туфайли, бу ерда доимо, ихчам ва арзон ёзув воситаси ва материалига талаб юқори бўлган. Қоғоз ихтиро қилингунича хитойликлар бамбук тахтачалари ёки шойи матоларга ёзишган. Лекин шойи доимо ўта қиммат, бамбук эса, ноқулай ва ўғир бўлган. Масалан битта бамбук тахтачага ўртача 30 иероглиф сиққан. Энди тасаввир қилинг, битта ўртача ҳажмдаги китоб ёзиш учун бундай тахтачадан қанча зарур бўлган экан? Бундай «Бамбукли китоб»ни кўтариб юриш учун бутун бошли арава даркор бўлган.

Фақат хитойликларгина узоқ даврлар мобайнида ипак ва шойи ишлаб чиқариш сирларини билишган ва қоғоз ишлаб чиқариш жараёни айнан ипак учун пиллаларни техник қайта ишлаш босқичидан ривож топган. Бу ҳодиса қуйидагича юз берган: Ипакчилик билан шуғулланувчи аёллар, ипак қурти пиллаларини қайнатиб олиб, кейин бўйрага ёйишган ва сувга бўктириб, бир жинсли бўтқасимон масса ҳосил бўлгунича ишқалашган. Бу бўтқани сувдан сиқиб олишгач, шойи қоғоз ҳосил бўлган. Лекин, бундай механик ва иссиқли таъсирларидан кейин бўйралар юзаси бўйлаб юпқа толасимон қатлам, пайдо бўлиб, қуритиб, сидириб олингач жуда юпқа, аммо ёзув учун қулай қоғозга айланган. Кейинчалик ипакчилар, яроқсиз ипак пиллаларини махсус саралаб, мақсадли равишда қоғоз ишлаб чиқаришга йўналтирадиган бўлдилар. Бунда улар, доимий таниш жараённи такрорлар эдилар: пиллаларни қайнатишарди, ювиб олиб майдалаб, қоғоз бўтқаси ҳосил бўлгунича ишқалаб аралаштиришарди. Ва ниҳоят тайёрланган қоғоз қатламларини қуритиб олиб, шаклга келтириб тайёр маҳсулот кўринишида тақдим этишарди. Мазкур жараён улар учун одатий иш – ипак ва шойи тайёрлашдан жуда кам фарқ қилган. Бундай усулда тайёрланган қоғоз ҳам анча қиммат турган, чунки унинг хом ашёсининг ўзи ҳам қиммат эди.

Табиийки, қоғозни фақат ипак толасидан қилиш шарт эмаслиги, унга тола берадиган ҳар қандай хом ашё, хусусан ўсимликларнинг ҳам мос келавериши мумкинлигини тез орада англаб етишди. 105 йилда Император саройидаги мансабдорлардан бири Цай Луне балиқчилик тўрларидан қоғознинг янги турини тайёрлаб кўрди. Сифати бўйича у пилла қоғозидан қолишмас, таннархи бўйича эса, анча арзон эди. Бу муҳим ихтиро нафақат Хитой, балки бутун инсоният учун катта аҳамиятга эга эди. Тарихда биринчи бор одамлар ёзиш учун сифатли ва арзон материалга эга бўлдилар. Шу сабабли ҳам Цай Луннинг исми, инсониятнинг буюк ихтирочилари қаторида ёдга олинади.

Кейинги асрларда қоғоз тайёрлаш жараёни ривожига катта таъсир қилган бир неча такомиллаштирувлар жорий этилди. IV асрга келиб қоғоз бамбук тахтачаларини истеъмолдан бутунлай сиқиб чиқарди. Тажрибалар орқали қоғозни эндиликда дарахт пўстлоғи, қамиш ёки бошқа толали ўсимликлардан олиш усуллари ўйлаб топилди. Айниқса бамбукдан қоғоз тайёрлаш технологиясининг кашф этилиши Хитой учун катта аҳамиятга молик ҳодиса бўлди. Чунки мазкур ўсимликнинг Хитойда катта миқдорларда ўсиб етилиши, хом ашёга бўлган талабни чексиз қондириш имкониятини берарди. Бамбукни титиб, тилиб майда пайраҳалар ҳолига келтиришган ва уни сўндирилган оҳак билан ивитиб, ҳосил бўлган қуйқани бир неча кун мобайнида қайнатиб олишган. Сўнгра қуйқани ўраларга сиздириб олиб, махсус ёғочлар билан туйиб чиқишган ва хамирсимон ёпишқоқ масса ҳосил бўлгунича сув билан аралаштириб туришган. Мазкур хом ашёни махсус шаклли қолипларга қуйиб, пресслашган. Қолипдан чиқарилганда юпқа, ёзув учун мутлақо яроқли қоғоз ҳосил бўлган. Қоғозга керакли ўлчам бериб қирқиб чиқиш билан жараён якунланган ва маҳсулот тайёр ҳолда истеъмолчиларга юборилган.

Вақт ўтиши билан хитойликлар қоғоз тайёрлашни санъат даражасида ўзлаштирдилар. Асрлар давомида улар ўз одатларига кўра қоғоз тайёрлаш технологиясини бошқа халқлардан қаттиқ сир сақлашди. Лекин, 751 йилда, Тян-Шан тоғлари этагидаги араблар билан тўқнашувда бир нечта хитойлик қоғоз усталари асирга тушиб қолишди. Улардан араблар қоғоз тайёрлаш усулларини ўрганиб олдилар ва кейинги бир неча аср давомида европани мазкур маҳсулот билан анча самарали равишда таъминладилар. Европаликлар маданийлашган халқлар ичидаги қоғоз тайёрлашни энг кеч ўзлаштирган ҳисобланадилар. Бу санъатни араблардан ўрганган биринчи Европа халқи – испанлар бўлишди. 1154 йилда қоғоз ишлаб чиқариши Италияда, 1228 йилда Германияда, 130 йилда эса Англияда ҳам ўзлаштирилди. Кейинги асрларда қоғоз бутун жаҳон бўйича кенг тарқалиб, босқичма босқич янги қўлланиш соҳаларига кириб бормоқда. Қоғознинг ҳаётимизда тутган аҳамияти шунчалик муҳимки, француз библиограф мутахассиси А.Сим фикрига кўра, бизнинг эрамизни «Қоғоз эраси» деб атасак ҳам бўлаверар экан…

Ўзбекистонда қоғоз тарихи

Темурийлар ҳукмронлиги даврида қоғоз ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият берилган. Шу сабабли ҳам Самарқанд қоғози Ўрта аср Шарқ хаттотлари орасида ғоят қадрланган, муайян қисми эса чет элларга ҳам тарқатилган. Қоғоз ишлаб чиқаришнинг кўпайиши илм, маънавият ва маърифатнинг тарқалишига яқиндан ёрдам берди. Сифатли қоғоз ишлаб чиқариш технологияси минг йилдан ортиқроқ тарихга эга бўлсада, ҳали-ҳануз ривожланмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда қоғоз ишлаб чиқариш Самарқанд шаҳрида 751-йилдан бошланган. Мазкур ҳунармандчилик соҳасининг ривожланишига мамлакатимиз қоғозгир (қоғозчи, қоғозрез) усталари катта ҳисса қўшганлар. Маълумки, қоғозгирликнинг юзага келиши учун муайян шарт-шароит, амалий билим ҳамда тажриба бўлиши лозим. Энг аввало, қоғоз ишлаб чиқариш учун зарурий хом ашё, махсус қозонлар керак бўлади. Тайёрланган хом ашёсига кўра Самарқанд қоғози асосан уч навга ажратилган. Улардан бири ипак чиқиндилари, тарандилардан тайёрланган ва унга ҳеч қандай пахта толаси қўшилмаган. 

 

 

Бундай қоғоз ниҳоятда пухта, гўзал, жуда силлиқ бўлиб, сариқ тусда товланиб турган. Бу қоғоз «қоғози ипак» деб юритилган. Самарқанд қоғозининг иккинчи хили – ярим шойи қоғоз. Бу қоғозни олиш учун ипак чиқиндисига тенг миқдорда луб (наша) пояси қўшиб тайёрланган. Бу қоғоз қалин, пухта бўлган ва у жуда яхши охорланган. Уни «нимакатоний» деб ҳам аташган. Бундай қоғоздан тайёрланган китоб қўлёзмаси ҳам чиройли булган. Самарқанд қоғозининг учинчи нави – деярли пахтанинг ўзидан тайёрланган. Машҳур аждодларимиз Мустафо Ал Чалабий, Содиқбек Афшорларнинг ёзишича, кўҳна Самарқандда VIII аср ўрталарига келиб қоғоз тайёрлаш кенг ривожланган. Шаҳарнинг қоғозгирлик устахонасида ишланган қоғоз сифати хусусида Султон Али Машҳадий, Ибн ал-Фақиқ, Ал-Ҳамадоний, Абу Мансур Салибийларнинг ёзма манбаларида ҳам фикрлар билдирилган. Жумладан, Абу Мансур Салибий: «Самарқандга хос нарсалардан бири унинг қоғози бўлиб, бу қоғоз Миср қоғозидан устун туради. Бу қоғоз жуда чиройли, нозик, нафис ва ёзиш учун жуда қулайдир» – деб ёзган эди.

Али Афанди Самарқанд қоғозлари тўғрисида «Маноқиби ҳунарворон» асарида «хатма», «султоний» ва «нуҳяр» деган номларни келтиради. Бу номлар қоғоз тайёрлаш технологияси билан боғлиқ. Қоғозчи усталар пахта толаси ва пахта момиғидан хом ашё тариқасида фойдаланиб хатма қоғоз, пахта, ипак, каноп толалари омухтасидан эса ним ҳаририй қоғоз ишлаганлар. Китобчиларга сувбелгили, султоний ва нуҳяр қоғозлар ҳам махсус тайёрлаб берилган. Китобдан гулоб (анбар) ҳиди келиб туриши учун баъзан сиёҳга гулоб ёки анбар қўшилган. Қоғоз ишлаб чиқаришда бир неча рангли бўёқлардан фойдаланилган. Бўёқ тайёрлаш учун минерал бўёқлар тухум оқи билан қориштирилиб ишлатилган. Ёзув қоғозини бўяшда рўян, бузғун, нил (индиго), хина, заъфарон каби ўсимликларнинг гули, пояси, барги, илдизи ва тупи ишлатилган. Бундан ташқари анор илдизи, чой шамаси, қизил пиёз пўчоқларидан ҳам фойдаланилган. Ибн ал-Надимнинг «Китоб ал-фихрист» асарида қоғознинг бир неча навлари ва уларнинг номлари қуйидаги шахслар билан боғлиқ, деган маълумотлар келтирилган:

1. Сулаймон ибн Рашид.
2. Жаъфар бин Холид бин Бармоқ.
3. Талх ибн Тоҳир.
4. Нўх ибн Наср.
5. Ал-Фиравний.

 

 

Мустақиллик даврида Ўзбекистонда қоғоз ишлаб чиқариш

Мустақиллик даврида Ўзбекистонда қоғоз ишлаб чиқариш юқори босқичларга кўтарилди. Аввал ягона «Ўзбек қоғози» ОАЖ ишлаб турган бўлса, ҳозирги кунда қоғоз ишлаб чиқанивчи корхоналар сони олтитага этди. Корхоналарда юқори сифатли қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида технологияни янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бундай ишларни амалга ошириш учун малакали кадрлар керак. Соҳа учун янги технологияни бошқарувчи малакали инженер-технолог кадрларни етиштиришда Тошкент Кимё-технология институтининг «Целлюлоза ва ёғочсозлик технологияси» кафедраси самарали меҳнат қилиб келмоқда. Кимё-технология институти томонидан яратилган дарслик ҳамда ўқув қўлланмалар малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур дарсликда ҳам қоғоз ишлаб чиқаришнинг илмий асослари келтирилган бўлиб, у 5А522601 мутахассислиги бўйича таълим олувчи магистрантлар учун мўлжалланган. Дарсликдан целлюлоза ва қоғоч ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган инженер-техник ходимлар ҳам фойдаланишлари мумкин.

Табиат ва инсон қўли билан яратилган қоғоз маҳсулотлари ўзининг ажойиб ҳусусиятларига кўра ҳозирги кунда ҳам бебаҳо материал сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Leave a Reply