Темперамент турлари

Ҳар бир одамни бошқа одамдан ажратиб турадиган шахсий индивидуаллиги, ўзига хослиги мавжуд бўлиб, у вақт ўтган сайин ўзгариб бориши ҳам мумкин. Масалан, феъл-атвор. Феъл-атвор — бу инсоннинг одатлари, теварак-атрофга, ҳаётга, одамларга муносабатини кўрсатувчи психологик хусусиятлар йиғиндисидир.

Темперамент

Инсоннинг характери ва ақли ҳақида унинг танлаган дўстлари ва ўқийдиган китобларидан билиб олиш мумкин. Лекин шахсий хусусиятларнинг яна бир кўриниши ҳам борки, уларни ўзгартириб бўлмайди. Бунга темпераментни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

 

Темперамент — ҳар бир одамнинг ўзига хос асаб тизимига боғлиқ бўлиб, бу одамларнинг ҳаракат тезлиги, юриши, овоз темпи ва баландлигида кўринади. Бундан бир неча асрлар аввал қадимги Грецияда яшаган буюк табиб Гиппократ одамларни тўрт гуруҳга бўлиш мумкин, дея ўз илмий назарияларини ёзиб қолдирган. Кейинчалик бу гуруҳлар қуйидагича номланди:

Temperament turlari

1. Меланхоликлар — асаб тизимлари заиф, тезда ранжийдиган, таъсирчан, янги шароитга секин кўникадиган, бир қарорга келишлари ўта мушкул бўлган характер эгаларидир. Кўпинча уларнинг овозлари паст чиқади. Ҳаётда арзимас муваффақиятсизликка учрасалар ҳам тез тушкунликка тушадилар. Шунинг учун бундай пайтда уларни қўллаб-қувватлаш керак.

Меланхоликлар мақсад сари интилсаларда, бу йўлда учрайдиган тўсиқларни енгишга иродалари етмаслигини, асаблари дош бермаслигини билсалар, мақсадларидан осонликча воз кечишлари мумкин. Кундалик ҳаётда меланхоликлар ҳар нарсага эътиборли ва эҳтиёткор бўлишади. Таваккал қилишни ёқтиришмайди. Улар шунинг учун ҳам камдан-кам ҳолларда хавф-хатарга учрайдилар.

Меланхоликлар гўзалликка интилувчан, истеъдодли, ижодкор гуруҳ вакилларидир. Кўпгина буюк ёзувчилар, шоирлар, мусиқачиларнинг темпераменти айнан мана шу гуруҳга мансуб бўлган.

2. Холериклар — меланхоликларга батамом қарама-қарши бўлган темперамент вакилларидир. Улар жуда фаол ҳаёт кечиришга ўрганганлар. Бир ишга қизиқиб кетсалар, охиригача етказмасдан қўймайдилар. Кўпинча уларнинг ҳаракатлари ва сўзларида кескинлик, баъзида эса қўполликни ҳам кўриш мумкин. Улар кутишни ёмон кўрадилар. Холериклар олмасдан — олиб қўядиган, гапирмасдан — бақирадиган, юрмасдан — урадиганлар тоифасига кирадилар. Уларнинг ҳаракатлари фикрларидан олдин юради, шунинг учун ҳам улар бир ишни қилиб қўйиб, кейин фикр юритадилар. Холерикларни вазмин, дейиш нотўғри бўлади. Улар гоҳида хушчақчақ ва дилкаш суҳбатдош, гоҳида эса сержаҳл ва асабий ҳолатда бўладилар. Ана шундай пайтда уларни умуман гап тушунтириб бўлмайдиган даражадаги одам қиёфасида кўришингиз мумкин. Бошқа тарафда эса, холериклар фанларни, билимларни осон ўзлаштирадилар. Улардан яхши, қизиқарли фикрлар чиқади, лекин бу фикрларни ҳаётга тадбиқ қилиш учун уларга сабр-тоқат етишмайди.

3. Сангвиниклар — холерикларга ўхшаб мустаҳкам асаб тизимига эгалар, лекин уларга нисбатан вазмин ва босиқ темперамент вакилларидирлар. Улар ўз ҳис-ҳаяжонларини (эмоцияларини) жиловлашни ҳам, ортиқча асабийлашмасликни ҳам яхши уддалайдилар. Сангвиникларни янги шароитга тез кўникадиган, одамлар билан дарҳол тил топишиб кетадиган, таваккал қилишни яхши кўрадиган инсонлар дейиш мумкин. Уларнинг нутқлари тез, овозлари баланд бўлади ва шу билан бирга улар мимика ва имо-ишоралар билан гапирадилар.

Сангвиникларнинг дидлари ҳамда қизиқишлари тез-тез ўзгариб туради. Бир иш билан доимий шуғуллансалар, бу ишдан тез зерикадилар ва ўзларига бошқа машғулот топишга ҳаракат қиладилар.

4. Флегматиклар — хотиржам, оғир, босиқ ва унча-бунчага пинакларини ҳам бузмайдиган темперамент эгаларидир. Улар кўп гапиришдан кўра иш билан шуғулланишни афзал кўрадилар. Уларнинг ҳаракатлари секин, нутқлари равон бўлади. Ҳар қандай муваффақиятсизлик уларнинг асаб тизимларига заррача ҳам таъсир қилмайди. Флегматиклар жуда ёмон шароитларда ҳам узоқ ва тиришқоқлик билан ишлашлари мумкин. Янги шароитларга секин кўникадилар, шунинг учун ўзгаришларни ёмон кўрадилар.

Бу каби темперамент эгаларининг яхши хусусиятларидан бири — кута олишлари ёки кута билишларида намоён бўлади. Узоқ кутиш уларга ҳеч қандай ноқулайликларни ёки асаббузарликларни келтириб чиқармайди. Керак бўлса, улар ўн-йигирма йиллаб кутишлари мумкин.

 


🔥39.2 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853