Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (pdf) билан Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзади Norma. Шу пайтгача амал қилган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
Низомда бир қатор янгиликлар бор. Масалан, умумтаълим муассасаларининг қандай турлари ташкил этилиши мумкинлиги келтирилган:
бошланғич мактаб (ўқитиш муддати 4 йил: I — IV синфлар);
умумий ўрта таълим мактаби (ўқитиш муддати 9 йил: I — IX синфлар);
айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати 9 йил: I — IX синфлар);
айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 5 йил: V — IX синфлар);
футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 5 йил: V — IX синфлар);
жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат) (ўқитиш муддати 9 (10) йил: I — IX (Х) синфлар);
санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 9 йил: I — IX синфлар);
алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати заруриятга кўра).
Таълим турларининг узвийлигини таъминлаш мақсадида ўқув-тарбия мажмуалари ташкил этилиши мумкин.
Шунингдек, даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга бевосита муассасанинг ўзида умумий ўрта таълим бериш ташкил этилади.
Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг умумий ўрта таълим олишларини ташкил этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилади.
Умумтаълим муассасаларининг филиалларида ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади.
Бошқа умумтаълим муассасаларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасининг ҳолатидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари (кейинги ўринларда — халқ таълими бошқарув органлари) ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг таклифларига кўра, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорлари асосида ўқувчиларининг сони 180 нафаргача бўлган умумтаълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.
Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:
ўқув йилининг давомийлиги — 34 ҳафта (I синфлар учун 33 ҳафта);
ўқув ҳафтасининг давомийлиги — 6 кун (педагогик кенгашнинг қарорига кўра I синфлар учун 5 кун);
дарс машғулотининг давомийлиги — 45 дақиқа;
дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги — 5 — 10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги — 15 — 30 дақиқа).
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.
Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.
Ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари қуйидагича белгиланади:
кузги таътил — 4 ноябрдан бошлаб 6 календар кун;
қишки таътил — 28 декабрдан бошлаб 14 календар кун;
баҳорги таътил — 21 мартдан бошлаб 7 календар кун;
ёзги таътил — охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан кейинги кундан) бошлаб 1 сентябргача.
Таътилнинг охирги куни байрам (ишланмайдиган) кунга тўғри келиб қолган тақдирда, дарс машғулотлари кейинги иш кунидан бошлаб давом эттирилади.
I синф ўқувчилари учун февраль ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.
Умумтаълим муассасасини тугатган битирувчиларга давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, VIII — IX синфлардаги ўқиши даврида (аввал V — IX синфлардаги эди) фақат аъло кўрсаткичларга ва намунали хулққа эга бўлган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга эса аъло даражали шаҳодатнома берилади.
Умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатноманинг давлат намунасини тасдиқлаш ва уни бериш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
Давлат таълим стандартлари доирасида умумий ўрта таълим дастурларини мустақил ўзлаштирган ўқувчиларга экстернат тартибида якуний давлат аттестациясини топшириш ҳуқуқи берилади. Якуний давлат аттестациясини экстернат тартибида муваффақиятли топширган битирувчиларга давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади.
Экстернат тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Болаларни умумтаълим муассасасининг I синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);
боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.