Хар йили Халқ Таълими Вазирлиги ва Мультимедия умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази ҳамкорлигида таълим тизимидаги «Энг яхши веб-сайтлар» кўрик танлови ўтказилиб келинади. Ушбу саҳифа орқали танловни ташкил этиш бўйича буйруқ ва танлов низоми билан яқиндан танишишингиз мумкин.
«Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт – 2017» кўрик-танловини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг Буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013-йил 31-декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сонли қарори ҳамда вазирликнинг 2017-йилга мўлжалланган иш режаси ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:
1. Халк таълими тизимида ахборот-коммуникация технологиялари (бундан буён матнда АКТ деб юритилади)дан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, АКТни таълим тизимига изчил жорий этиш ва мазкур жараёнга ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш мақсадида «Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт – 2017» кўрик-танлови ташкил этилсин.
2. «Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт – 2017» кўрик-танлови тўғрисидаги низом 1-иловага, кўрик-танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 2-иловага, кўрик-танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар сметаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий кумита (Б.Данияров)га:
📎 кўрик-танловни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш чораларини кўриш;
📎 интернет тармоғида кўрик-танлов тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб боришни ташкиллаштириш;
📎 кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдирган халқ таълими бошқаруви органлари ва улар тасарруфидаги ташкилот ва муассасалар, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари, давлат педагогика институтлари, республика ташкилотлари ва таълим муассасалари ва ўқитувчилар томонидан очилган сайтларни рўйҳатдан ўтказиш ва кўрик-танловда иштирок этиш юзасидан келиб тушадиган саволлар бўйича тушунтиришлар бериб бориш ва амалий ёрдам кўрсатиш;
📎 ғолибларни тантанали равишда тақдирлаш ишларини ташкил этиш вазифалари топширилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари ректорлари, давлат педагогика институтлари ректорлари ва республика ташкилотлари раҳбарларига қатнашчиларнинг кўрик-танловда фаол иштирок этишини ташкиллаштириш вазифаси юклатилсин.
5. Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси (Н.Муротов) 3-иловада кўрсатилган харажатлар сметасига мувофиқ маблағларни Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази ҳисоб рақамига ўтказиб берсин.
6. Ахборот ҳизмати (Б.Шайвалиев), “Маърифат”-“Учитель Узбекистана” газеталари (А.Раҳимов) кўрик-танловнинг мазмун-моҳияти тўғрисида вазирликнинг uzedu.uz веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини ташкил этиш тавсия этилсин.
7. Кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш Ташкилий қўмита томонидан белгиланган жойда, оммавий ахборот воситалари иштирокида жорий йилнинг 24 майига қадар ташкил этилсин.
8. Мазкур буйруқ қабул қилиниши муносабати билан халқ таълими вазирининг 2016-йил 5-мартдаги “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт-2016” кўрик-танловини ташкил этиш тўғрисида”ги 76-сонли буйруғи ўз кучини йуқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу буйруқ ижросини назорат қилиш йўналишлар бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари Б.Данияров зиммасига юклатилсин.
Вазир: У. Иноятов
Тошкент ш. 2017 йил 20-февраль
60-сон
Халқ таълими вазирининг
2017 йил 20-февралдаги
60-сонли буйруғига 1-илова
«Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт – 2017»
кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
низом
1-боб. Умумий коидалар
1. Ушбу Низом Халк таълими тизимидаги бошқарув органлари, таълим муассасалари ва ўқитувчилар ўртасида «Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт – 2017» кўрик-танлови (бундан буён матнда кўрик-танлов деб юритилади)ни ташкил этиш ва уни ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Расмий номи: «Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт – 2017» кўрик-танлови.
3. Кўрик-танлов ташкилотчиси Ўзбекистан Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳисобланади.
4. Кўрик-танловни ўтказиш расмий веб-сайти: http://tanlov.uzedu.uz.
2-боб. Курик-танловнннг мақсад ва вазифалари
5. Кўрик-танловнинг мақсади — Халқ таълим тизимидаги бошқарув органлари, таълим муассасалари ва ўқитувчиларнинг сайтларини яратиш ва тарғибот қилиш орқали уларнинг ижодий фаоллиги ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга қизиқишини ошириш ҳамда ижобий ишлар билан жамоатчиликни таништиришдан иборат.
6. Кўрик-танлов вазифалари қуйидагилардан иборат:
📎 таълим муассасасининг таълим-тарбия жараёнига замонавий АКТни кенг жорий этиш;
📎 тизимдаги таълим муассасаларнинг сайтлари орқали интерактив давлат хизматларини янада ривожлантириш, фуқароларга интерактив хизматлар кўрсатишни кенгайтириш;
📎 таълим муассасаси веб-сайтларини мактаб, ота-она ва болалар, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги мулоқот шакли тарзида шакллантириш;
📎 ўқитувчиларнинг таълим бериш жараёнида АКТ воситаларидан фойдаланиш бўйича мустақил малака оширишларига қизиқиш уйғотиш ва ўз устида ижодий ишлашга жалб этиш;
📎 Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг интернет тармоғидаги фаолиятига жамоатчилик эътиборини қаратиш.