Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов матбуот анжуманида Ўзбекистон Маърифатпарварлар жамияти учун ўқитувчилар ойлигидан ушлаб қолиниши қанчалик тўғри экани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Темур Комилов, Халқ таълими вазири ўринбосари:
«Меҳнат кодексининг 164-моддасида ишчи ёки ходимнинг ёзма розилигисиз қайси маблағларни ушлаб қолиш мумкинлиги белгиланган.
Биринчидан, ойлик маошдан ушлаб қолинадиган 12% даромад солиғи — бу мажбурий бўлиб, розилигидан қатъий назар ундирилади.
Агар мол-мулк, ер ёки бошқа солиқлардан суднинг ижро ҳужжатлари мавжуд бўлганда ҳам ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиш мумкин бўлади.
Шунингдек, иш хақи ёки хизмат сафари учун ортиқча тўланган аванс ҳам ходим фаолият кўрсатаётган жараёнда унинг розилигисиз кейинги ойлигидан ушлаб қолинади. Худди шундай, ишлаб турган даври учун меҳнат таътили олиб, лекин меҳнат таътили даврида меҳнат шартномаси бекор қилинса, ишланмаган давр учун тўланган меҳнат таътили пули ҳам ушлаб қолинади. Ходимга нисбатан қўлланилган интизомий жазолар ва ходим томонидан иш берувчига етказилган зарар суммалари ҳам ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиниши мумкин.
Турли жамиятларга тўловлар, взнослар, ажратмалар ходимларнинг ёзма розилигисиз ёки уларни мажбурлаб ушлаб қолиниши мумкин эмас.
Агар халқ таълими тизимида мажбурий тўловлар борасида шикоят бўлса, қисқа рақам 1006 га ёки +998999881006 рақамига, «Устоз овози» деган платформа ташкил этганмиз, ustozovozi.uzedu.uz манзилига тизимдаги ҳар қандай муаммолар бўйича мурожаат этишлари мумкин».