Ўқитувчиларга танлов. Биринчи ўрин учун 30 миллион сўм! - Ta’lim / Образование

Ўқитувчиларга танлов. Биринчи ўрин учун 30 миллион сўм!

Халқ таълим вазири Шерзод Шерматовнинг фейсбук ижтимоий тармоғида хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўқитувчилар ўртасида танлов эълон қилинди.

“Ўқитувчиларга бундай қўшимча имконият учун Касаба уюшмалари Федерациясига миннатдорчилик билдирамиз ва бошқа ташкилотларни ҳам ўқитувчилар учун шу каби танловлар ва қўшимча рағбатлантиришлар ташкил этишда ҳамкорликка чақирамиз!”, – дейилади хабарда.


Танлов ҳақида маълумот:
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фанлари ўқитувчилари ўртасида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати” Республика танлови ўтказмоқда.
Уч босқичда ўтказиладиган мазкур танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар тегишли ҳужжат ва материалларни 2021 йилнинг 20 апрелидан 20 майига қадар онлайн тарзда www.ustozfondi.uz сайти орқали топширишлари мумкин.

Танлов иштирокчилари:
дарс бераётган фани бўйича олий маълумотга, биринчи ёки олий малака тоифасига ҳамда камида 5 йиллик педагогик иш фаолиятига эга бўлишлари зарур.
Танлов ғолибларига ҳар бир номинация бўйича қуйидаги мукофотлар топширилади:

  • 1-ўрин учун “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати” кўкрак нишони ва 30 млн сўм пул мукофоти;
    2-ўрин учун махсус диплом ва 20 млн. сўм пул мукофоти;
    3-ўрин учун махсус диплом ва 10 млн. сўм пул мукофоти.

Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида эълон қилинади.

Ғолибларга мукофотлар 2021 йил 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан ташкил этиладиган тадбирда тантанали равишда топширилади.

Танлов тўғрисидаги батафсил маълумотларни +998974201044 телефон рақами орқали олишингиз мумкин.

Leave a Reply