Фарзандни 7 ёшга етмасдан мактабга бериш қанчалик тўғри? - Ta’lim / Образование

Фарзандни 7 ёшга етмасдан мактабга бериш қанчалик тўғри?

Айрим ота-оналар фарзандини 7 ёшга етмасдан мактабга беришга шошилишади. Бу қанчалик тўғри? Бундай ёшда боланинг руҳий ва жисмоний ҳолатида қандай ўзгаришлар кузатилади? Шу каби муҳим саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Шоанвар Шомансуров жавоб берди.


6_yoshdan_maktabga_230

— Нима учун боланинг мактабга чиқиш ёши 7 ёш этиб белгиланган?

— Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунида умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгиланган. Ваҳоланки, аввал бу рақам 6-7 ёш эди. Ҳозирга келиб эса мактабга чиқиш ёши қатъий 7 ёш этиб белгиланган. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Аввало, бола ҳаётининг еттинчи йилида ундаги ҳаракатлар кўлами кенгаяди ва аниқлашади, ҳаракатларнинг ўзаро мослашуви бошланади. 6-7 ёшли болалар ўзини идора қилиш ва ўз ҳаракатларини назорат қилиш имкониятига эга бўла бошлайди. Боланинг бўйи бу даврда бўйи анча ўсиб, оғирлиги 22-24 килограмм бўлади.

7 ёшларда бола ҳар томонлама чиниқади, қизиқувчан бўлади. Унинг идрок кучи ва тафаккури жадал ривожланади. Моддий борлиқни билишга интила бошлайди. Уларда гигиеник малакалар шакллана боради.

 

— Мактаб ёшидаги болада қандай кўникмаларни шакллантириб бориш керак?

— 7 ёшли бола жисмоний машқларни мустақил бажаришга ўрганган бўлиши лозим. Жароҳатланишни олдини олиш мақсадида болада эҳтиёткорликни, ўз ҳаракатларини назорат қила олиш кўникмаларини шакллантира бориш керак. Болада чаққонлик, жасурлик, топқирлик хислатларини тарбиялаш, айниқса, муҳим.

Бола бу ёшида арқонга осилиб туришни, арғимчоқ учишни, қия қўйилган тахта устидан юриб ўтишни, бир оёқда «қалдирғоч» бўлиб туриш каби ҳаракатларни билиши керак. Унга оёқ учлари билан буюмларни қисиб олиб кўтариш ва пастга туширишни, биржойдан иккинчи жойга кўчиришни ўргатинг. Бу машқлар болани асаб тизимини мустаҳкамлашда, уларни ақлан ривожланишига катта ёрдам беради.

Бу ёшда унинг нутқини шакллантириш аҳамиятли. Болага қисқа-қисқа қизиқарли саволлар бериб, уни кўпроқ гапиришга, сўзда товушлар кетма-кетлигини фарқлашни, товушлардан бўғинлар, сўзлар тузишни ўргатишга аҳамият бериш лозим.

 

— Бу жараёнларда болада нуқсонлар кўзга ташланса, қандай йўл тутиш керак?

— Бу вазиятда ота-оналарга шундай маслаҳат берамиз: агарда бола нутқида бирон нуқсон аниқланса, уни логопедга кўрсатинг. Aгар эслаб қолиш, фикрлаш борасида камчиликлар сезсангиз, невролог кўригидан ўтказинг.

Чунки мактабга тайёрланиш даврида боланинг асаблари таранглашади, масъулияти кўпайган сайин, болаларда диққат тарқоқлиги, ўта серҳаракатлик (гиперактив), ўргатилган нарсаларни тезда эсдан чиқариб юбориш, йиғлоқилик, беихтиёр ҳаракатлар, гапга кирмасдан инжиқлик қилиш каби патологик ўзгаришлар учраши мумкин.

Мактаб ёши болани жамиятга мослашувидаги илк катта қадам бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу давр унинг хотирасида салбий из қолдирмаслиги керак. Акс ҳолда келажакда ҳам бунинг таъсиридан чиқиши қийин бўлади.

Болани эрта мактабга бериш эса унинг шундай муҳим даврда қилинган энг катта таваккалдир. Афсуски, баъзи ота-оналар ўз хоҳиш-истаклари билан фарзандларини 6 ёшдан мактабга беришга ҳаракат қилишади. Энг ёмони, бу ҳолат кўпинча болакайнинг мактабга мослаша олмаслиги билан якун топади. Бу эса ўз-ўзидан унда тажанглик, руҳий зўриқиш, таълим олишдан зерикиш, ижтимоий муҳитга мослаша олмаслик каби салбий ҳолатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Айниқса, бундай пайтда боладаги тез чарчаш, нутқ бузилиши, диққатни жамлашдаги қийинчиликлар яққол юзага чиқади. Шундай экан ҳар бир ота-она юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар болаларнинг соғлиги ёмонлашиши ва билим олишга салбий таъсир этишини унутмаслиги даркор.

Агар ота-оналар чиндан ҳам фарзандларининг келажаги ва соғлигини ўйласалар, уларни 6 ёшдан мактабга беришга ҳаракат қилмаслиги лозим. Бу билан улар ўзлари ва фарзандлари учун катта яхшилик қилган бўлишади.

Leave a Reply