Кейинги ўқув йилидан 1-2 синф ўқувчиларининг чораклик баҳоси кундаликка, йиллик баҳоси чоракликка қараб чиқарилмайди - Ta’lim / Образование

Кейинги ўқув йилидан 1-2 синф ўқувчиларининг чораклик баҳоси кундаликка, йиллик баҳоси чоракликка қараб чиқарилмайди

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева маълум қилди.


1-савол: Нима учун бошланғич синфларда Она тили ва Ўқиш фанлари бирлаштирилди?

Миллий ўқув дастури асосида 2020-2021-йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида Она тили ва Ўқиш фанларини бирлашуви натижаси “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” фани жорий этилди. Мазкур фан 1–4-синф бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Икки фаннинг бирлашувига асосий сабаб она тилини ўқитишдаги ёндашувнинг ўзгариши бўлди. Она тили фани асосида ўқувчида шакллантириладиган кўникмалардан бири бу ўқиб тушунишдир.

Шу пайтгача она тилини ўқитишдан асосий мақсад тилнинг грамматикасини ўргатиш, тил структурасига оид қоидаларни ёд олдириш бўлиб келган бўлса, энди фанни ўқитишда асосий эътибор сўз, унинг маънолари, ўриндошлари, қўлланиш ўринлари, луғат бойлиги каби томонларга қаратилмоқда. Натижада ўқувчи дарсликда қоидалар ўрнига кўпроқ матнлар билан ишлайди ва уларда ўқиб тушуниш кўникмаси ривожланади.

Она тили фанлари ўқувчида ўқиб тушуниш кўникмасини ривожлантириши ҳисобига ўз-ўзидан ўқиш фанига зарурат қолмайди. Зеро бу икки фаннинг мақсад ва вазифаси деярли бир хил. Қолаверса, янги жорий этилган Тарбия фани ҳам моҳиятан амалдаги Ўқиш фанига хос вазифаларни бажаради.

Ривожланган давлатларнинг таълим тизимида она тили ва ўқиш фанлари бир-биридан ажратилмайди. Боиси ўқиш ва она тили фанларининг бирлашуви бир матн асосида ҳам ўқиш фанига доир, ҳам она тилига доир кўникмаларни узвий олиб бориш билан самаралидир. Ўқувчи ҳозиргина ўқиган матнидан таъсирланиб турган, ҳали тасаввурлари совиб улгурмаган вақтда шу матн билан боғлиқ она тилига доир машқ ва топшириқларни бериш бутун дунё тажрибасида бор.

Айтиш жоизки, таълим мазмунидаги, хусусан, она тили ва ўқиш фанларининг бирлашувига оид ўзгаришлар савод билан боғлиқ мавжуд ҳолатимиз, ўтган йиллар давомида таълимда йўл қўйилган хатоларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ҳамда амалиётчи ўқитувчилар иштирокида яратилмоқда.

2-савол: Энди грамматика ўқилмайдими? 2-синф дарслигидан грамматика умуман йўқ. Ўқувчилар қўшимчаларни қўшиб ёзишга қийналишмоқда.

Аввалги 2-синф Она тили дарслигида “Жарангли ва жарангсиз ундошлар” мавзусида берилган бир саҳифани тўлдириб турувчи қоида 8 ёшли бола учун мураккаблик қилган. Ўқувчи жарангли ва жарангсиз ундошларни қоидаси билан билиш болага ҳеч нарса бермайди. Фақатгина улар сўзлашувда айрим товушлар “п” айтилгани билан, ёзма нутқда “б” ёзилишини тушуниб олиши кифоя. Бунинг учун “жарангли” ёки “жарангсиз” деган терминларни билиши, шунга боғлиқ мураккаб қоидаларни ёд олиши шарт эмас.

Айтиб ўтиш керакки, ўқувчи қайси ҳарфнинг унли ёки ундош эканини, бунинг эга, бунинг кесим эканини атама сифатида билиши шарт эмас. Инсон тилни амалда қўллаётганда бунга ҳеч қачон эътибор бермайди.

Шу боис, она тили дарсликларимиз турли грамматик қоидалардан имкон қадар тозаланади, “Ўтимли ва ўтимсиз феъллар”, “Воситали-воситасиз тўлдирувчилар”, “Феъл кесим ва от кесим”, “Сифатловчи-сифатланмиш” ва шу каби мавзулар бўлмайди. Ўқувчилар кўпроқ матн билан ишлайди. Энди мавзулар тилнинг муайян ижтимоий вазиятларда қўлланилиши нуқтайи назаридан танланади.

Ўқувчи энди Матн остида берилган топшириқ ва машқлар асосида тил грамматикасига доир кўникмаларни ҳам эгаллаб боради. Дарсликларимиз грамматик қоидалардан холи ва болани турли қоидаларни ёд олишга мажбурламаса-да, лекин грамматик кўникмалар ўз ўрнида қолади. Шунчаки энди бу қоидалар амалий жиҳатдан ўргатилади. Уларнинг шаклига эмас, мазмунига урғу берилади.

Шундай экан, дарсликда грамматика эмас, грамматик қоидалар берилмаган дейиш тўғри бўлади. Дарслик ўқувчида кўникмани шакллантириши керак. Грамматик қоидаларни эса ўқитувчи етказиши мумкин. Дарслик – бу дидактик материал, холос.

3-савол: Қоидалар керак, қоидани ёдламаса эртага ўқувчилар қандай қилиб ўқишга кира олади?

Энди Миллий ўқув дастури асосида она тили Олий таълим муассасаларига кириш учун Давлат тест маркази тестларини ечишга эмас, она тилидан самарали фойдаланишга ўргатади. Мазкур ёндашув сабаб, афсуски, мактабларда она тили дарсларига энг кўп соат ажратилишига қарамай, ёшлар саводсиз бўлиб қолишди. Мактабларда тилни амалий жиҳатдан ўргатилмагани туфайли ўқувчилар мустақил кичикроқ мақола ёзиш, илмий-оммабоп мақолаларни тушунишда, ўзбек тилида ўз фикрини равон, эркин етказиш, давлат тилида иш юритиш каби ҳаётий вазиятларда қийинчиликларга дуч кела бошладилар.

Эндиликда Она тили фанига шунчаки ўқув предмети сифатида қаралмайди. Миллий ўқув дастурига кўра, Она тили фани асосида тил бутун борлиқни: табиатни, жамиятни, фанларни, ўзликни англаш ва ўрганиш воситасига айлантирилади. Ўқувчи Она тили фанини ўзлаштириш жараёнида уни турли ижтимоий муносабатларда қўллашни ўрганади. Математика, физика, кимё, биология, география, иқтисод, сиёсат, жамиятшунослик каби фанларни ўзлаштиришда тил омилини ҳис қилади. Эртага ўзи муайян соҳа мутахассисига айланганида мактабда олган билимлари эвазига ўзбек тилида иш юритишга, нутқ сўзлашга, мақола ёзишга, ва теран фикрлашга қийналмайди. Шунга мувофиқ, келгусида ДТМ тестларининг баҳолаш мезонлари ҳам ўзгаради.

4-савол: Она тили бу қоидадан иборат, буни билмаса cўз туркумларини қандай қилиб ажрата олади?

Жавоб: Сўз туркумларининг номини билиш 2 вазиятда зарур бўлади:

1. Чет тилини ўрганаётганда.

2. ОТМда филологик йўналишда ўқиётганда.

Юқори синфларда ўқувчига тақдим қилинадиган қоидаларни қисқартириш мақсадида сўз туркумларининг атамаси (от, сифат, сон, олмош, равиш, феъл) ўқувчига ўргатилади. Бошланғич синфлар эса сўзларни сўроқлаш орқали фарқлайдилар. Ҳар бир синфда бунга оид машқ ва топшириқлар берилган. Шу сабабдан сўз туркумлари ўргатилмаяпти, дейиш асоссиз. Асосий урғу сўз туркуми, от, сифат, сон каби атамаларга эмас, балки уларни нутқда тўғри ишлатишга қаратилган.

Амалдаги Она тили дарсликлари таҳлилга тортилганида турли синфлар кесимида 300 га яқин грамматик қоидалар берилганлиги аниқланди. Бу қоидаларнинг аксари жуда мураккаб, қолаверса, ўқувчилар уларни ёд олишга мажбур бўлган. Мутахассисларнинг таҳлиллари шуни кўрсатдики, мазкур қоидаларнинг қарийб 50% и она тилини ўзлаштиришда кераксиз экан. Яъни грамматикага доир бу қоида ва терминлар таълимий жараёнларда ҳам, хорижий тилларни ўзлаштиришда ҳам, келажакда давлат тилида иш юритишда, бир сўз билан айтганда, саводли шахсни тарбиялашда самарасиз ва кераксиз. Ўқувчилар олий таълимга кириш учун тест синовларидан ўтганидан кейин бу қоидаларни унутади ва ҳаёти давомида уларга мурожаат этмайди. Хуллас, биз шу кунга қадар болаларга фақат тилшунос мутахассислар билиши керак бўлган билимларни ҳам бериб келганмиз. Эндиликда ўқувчи ортиқча қоида ёки терминни ёд олишга мажбур бўлмайди. У мазкур тил ҳодисасини амалий жиҳатдан ўрганади. Содда қилиб айтганда, ўқувчи тўғри гап тузишга доир узундан узун қоидаларни ёдлаш ўрнига, бевосита амалда тўғри гап тузишга киришади. Таълимий жараёнда фақат энг керакли бўлган қоидалардан фойдаланилади.

5-савол: “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” дарслиги билан ўқувчиларда ўқиш тезлигини ошира олмаймиз.

Жавоб: Энди бошланғич синф ўқувчиларидан ўқиш тезлиги талаб қилинмайди. Миллий ўқув дастурига кўра, эндиликда “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” дарслиги орқали бошланғич синф ўқувчиларга синфлар кесимида ўқиш тезлиги бўйича маълум миқдордаги сўзни ўқиши керак деган талаб қўйилмайди. Боиси ўқувчилар учун матнни ўқиш тезлиги эмас, уни тушуниш даражаси бирламчи кўрсаткич саналади.

6-савол: Она тили ва ўқиш саводхонлиги фанидан баҳолашда нималар ўзгаради?

1. 2021-2022 -ўқув йилидан Ушбу фаннинг 1- ҳамда 2-синфидан уйга вазифалар олиб ташлангани боис уй вазифаларини баҳолаш бекор қилинади.

Уйга вазифаларнинг олиб ташланишига биринчи сабаб уларнинг амалда самарасиз топшириққа айлангани бўлса, иккинчидан дарслардан чарчаб борган қуйи синф ўқувчилари уйда кўʻпроқ дам олишлари лозим деб қаралмоқда. Самарасиз топшириқ деганда ўқувчи бажариб келган уйга вазифалар йўл-йўлакай текширилаётгани ёки деярли текширилмаётгани, ўқувчи хато ва ютуқларини етарли англаб олиши учун вақтнинг етишмаслиги назарда тутилган.

Ўқувчилар “аъло” баҳо олиш учун яхши ўзлаштирувчи синфдошлари ёки уй вазифалар жойланувчи турли сайлардан кўр корона кўчириб келиш ҳолатлари кўпайган.

Уй вазидалар баҳоланмайди дегани бу бола уйда умуман дарс қилмайди дегани эмас. Фан дастурига кўникмаларни шакллантирувчи айрим лойиҳавий топшириқлар киритилган. Ота-онаси ва яқинларидан тегишли мавзуларда маълумот олиб келиш, дўстига табрик хати ёзиш кабилар шулар жумласидандир.

2. Чораклик баҳоларни кундалик олинган баҳоларга қараб қўйиш амалиёти бекор қилинади.

2022-2023 -ўқув йилидан бошлаб кундалик йиғилган баҳолар чораклик баҳога таъсир қилмайди. Чунки кундалик баҳо ривожлантирувчи аҳамиятга эга, чораклик баҳо эса эришилган маррани текшириш учун хизмат қилади. Бу икки баҳолашни ўзаро қориштириш сифатга таъсир қилади.

3. Йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти бекор қилинади.

Йил охирида ўқитувчи ўқувчилар учун қўйилган минимал талабга жавоб бера олишини текшириш учун имтиҳон ўтказиши лозим. Чунки ҳар чоракдаги баҳо бу минимал талабни бажара олиши ёки олмаслигини яққол кўрсатиб бера олмайди.

4. Баҳога жазо ёки рағбат қуроли эмас, ривожлантириш воситаси сифатида қараш кераклиги тавсия этилмоқда. Болаларни баҳо билан қўрқитишни бас қилиш, уларга имкон қадар паст баҳо қўймаслик, токи топшириқни яхши баҳога бажариб келмагунча баҳоламай туриш ТАВСИЯ этилмоқда.

5. Ўқувчига қўйилган ҳар бир баҳога изоҳ-мулоҳаза бериш талаб этилмоқда.

Ўқувчи олган баҳосининг адолатли эканига ишонч ҳосил қилмас экан таълимга нисбатан мотивацияси сўниб бораверади. Буни исботлашининг энг яхши усули самарали етказилган изоҳ мулоҳазадир. Ўқувчи изоҳ-мулоҳаза орқали камчилик ва ютуқларини яққол кўра олади. Кейинчалик қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида хулосалар чиқариб олади.

6. Ўқитувчи баҳони ўқувчи синф битирувчиси учун қўйилган малака талабни қанчалик яхши бажараётганига қараб қўйиши амалиёти жорий қилинади.

Миллий ўқув дастурида малака талаблари қисми мавжуд. Бу малака талаблари ўқитувчи китобида ҳам акс этган. Ўқувчилар ана шу малака талабларига жавоб бера олиши керак. Ўқитувчи эндиликда шуни баҳолайди. Яъни ўқувчининг қоидани билиши эмас, ўша қоидадан хулоса чиқариб амалда қанчалик тўғри фойдаланиши инобатга олинади.

манба


🔥3.9 K марта кўрилди

Leave a Reply