Мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бошланди.
Мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича Умуммиллий лойиҳа бошланади – Президент келгуси устувор вазифаларни белгилаб берди.
Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун:
- 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади;
- ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади;
- хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобиль гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳлари» шакллантирилади;
- мазкур тренерлар эса жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.
Юқоридаги янги тизимларни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.