МДҲ мамлакатларида рус тили ўқитувчилари ўртасида “чегарасиз ўқитиш” танлови ўтказилмоқда. Биринчи босқич финалчилари аллақачон аниқланган. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Танловда МДҲ мамлакатларида ҳам классик усулда, ҳам инновациялар ва ўзларининг услубий ишланмаларидан фойдаланиб дарс ўтадиган мактаб ва таълим марказларининг рус тили ўқитувчилари иштирок этишмоқда.
Халқаро танлов икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда ҳакамлар ҳайъати тақдим етилган таклифлар орасидан танлаб олади. Ҳакамлар ҳайъати рус тилини ўқитиш соҳасидаги мутахассислар ва амалиётчилардан иборат.
Иккинчи босқичга 12 нафар финалчи қабул қилинди, улардан иккитаси Ўзбекистондан. Булар Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Рахмонов Азизхон Боситхонович ва Қўшкўпир шаҳридаги 2-мактаб ўқитувчиси Семушина Наталья Геннадьевна.
Танловнинг иккинчи босқичида иштирок этиш учун иштирокчилар Москвага келишлари керак, у ерда улар ўз лойиҳасини ҳакамлар ҳайъати олдида ҳимоя қилишлари керак. Уларнинг тақдимот маҳорати ва ўқувчилар билан мулоқот қилиш қобилияти баҳоланади.
23 декабр куни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Унда бир нечта номинациялар бўйича танлов ғолиблари ва лауреатлари эълон қилинади.
Иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланадилар, ғолиблар ва лауреатлар учун диплом ва пул мукофотлари олишади: 4 та ғолибнинг ҳар бирига 50 000 рубл, 8 та лауреатнинг ҳар бирига 30 000 рубл берилади.
Шунингдек, ғолиб ва совриндорларнинг ишлари танловнинг расмий тўпламида (электрон шаклда) нашр этилади ва у МДҲ мамлакатларидаги рус тили ўқитувчилари ўртасида оммалаштирилади.