Мазкур методик тавсияда якуний назорат имтиҳонини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилган. Шунингдек, назарий саволларни ишларини баҳолаш бўйича мезонлар келтирилган. Ҳар бир якуний назорат имтиҳон билети умумий ўрта таълим мактабларидаги жисмоний тарбия курсларининг бўлимларидаги мавзуларини қамраб олган бўлиб, саволлар дарсликлар асосида тузилган.
Имтиҳон материаллари ва тавсиялар Республика таълим маркази ҳузуридаги илмий-методик кенгаши 2022-йил 25-мартдаги 1-сонли йиғилишида муҳокама қилиниб, нашрга тавсия этилган. Умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синф ўқувчилари якуний давлат аттестациясини ўтказиш бўйича методик тавсия ва материалларни тижорий мақсадда кўпайтириб тарқатиш тақиқланади.
Умумий ўрта таълим муассасалари методбирлашмалари босқичли назорат имтиҳони материалларига 15-20%гача ўзгартиришлар киритиши мумкин.
Жисмоний тарбия фанидан
2021-2022-ўқув йили умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари учун якуний давлат аттестацияси ўтказиш бўйича методик тавсия ва материаллар
Умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфларида Жисмоний тарбия фанидан якуний имтиҳон амалий тарзда тавсия этилган имтиҳон материаллари асосида ўтказилади. Якуний имтиҳоннинг амалий қисмида тиббий ходим бўлиши шарт.
Тиббиёт муассасалари томонидан Жисмоний тарбия машғулотларидан озод этиш тўғрисидаги маълумотномага эга бўлган ўқувчилар педагогик кенгаш қарори билан якуний имтиҳондан озод этилади. Ушбу ўқувчиларнинг якуний баллари ўқув йилида (чораклар давомида) олган баҳоларидан келиб чиққан ҳолда қўйилади.
Амалий қисм бир кунда ўтказилиши, конвертлари имтиҳон куни очилиши ҳамда далолатнома, баённомалар имтиҳон жараёнида тўлдириб борилиши лозим.
Шунингдек, Республика таълим маркази ҳузуридаги “Жисмоний тарбия ва саломатлик” Илмий-методик кенгашининг 2022-йил 29-мартда ўтказилган йиғилиш қарорига биноан, якуний имтиҳон материалларига ўзгартириш киритилди.
Жумладан: якуний имтиҳон материалларидан назарий саволларни чиқарилганлиги сабабли, амалий синов машқлари 1 тага кўпайтирилди. Якуний имтиҳоннинг амалий қисмини топшириш учун синф икки гуруҳга,
(ўғил ва қиз болаларга) бўлинади. Ҳар бир гуруҳдан биттадан ўқувчи конвертлардан бирини тортади. Шу тортилган конвертдаги билетда берилган 5 та синов машқлари бўйича ўз гуруҳ аъзолари билан кўрсатилган тартибда бирин-кетин топширади. Қолган конвертлар очилмайди.
Ўқувчининг ҳар бир бажарган амалий машғулотидан 5 баллик тизим асосида баҳоланади. Баллар умумлаштирилиб ўртача баҳо чиқарилади. Масалан: 5+4+4+3+5=21:5=4,2 яхлитланган ҳолда 4 баҳо қўйилади.