Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2020 йил 13 августдаги «Халқ таълими тизимида методик хизмат кўрсатиш ишларини янада ривожлантириш тўғрисида»ги 183 сонли буйруғига мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларида сентябр ойида бошланғич таълим фан ойлигини ўтказиш асосида ўқувчиларга сифатли таълимнинг янги шаклларини яратиш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларга кўмаклашиш, бошланғич даврдан саводхонлик кўникмаларини ривожлантириш, ижодкор ва ташаббускор ўқитувчилар тажрибасини тарғиб қилиш назарда тутилган.
Маълумки, ўқувчилар билим самарадорлигини ривожлантириш — саводхонликни ошириш омилидир. Шунга мувофиқ, умумий ўрта таълим мактабларида янги 2022-2023 ўқув йили бошида режалаштирилган бошланғич таълим фан ойлигини ўтказиш юзасидан қуйидагилар тавсия этилади:
— умумтаълим мактабларида ўқув йилининг биринчи куни “Билимлар куни” ва “Мустақиллик сабоқлари” мавзусида мустақиллик дарслари ташкил этилади. Дарслар орқали ўқувчилар қалбида она-Ватанига муҳаббат, юртига садоқат руҳида тарбиялаш, ўттиз бир йил давомида қўлга киритилган улкан ютуқлар моҳиятини асослаш, уларда ўз Ватанидан фахрланиш туйғуларини ўстириш, Ватан рамзлар, тимсоллар ифодасини чуқур англаш, халқимизнинг эзгу ва улуғ мақсадлари билан таништиришдан иборат;
— бошланғич таълим фан ойлигида кириш тестлари, эҳтиёжларни аниқлаш, ҳар ҳафтада турли танловларга оид чораларнинг белгиланишидан кўра, ўқувчиларни креатив, мустақил фикрлашга йўналтирилган лойиҳалар устида ишлашга ўргатиш, юқори натижаларига эришган тенгдошлари билан давра суҳбатлари уюштириш, дарсларда ҳам дарслик мултимедиали ҳаволлари орқали машғулотларнинг мазмунли бўлишини таъминлаш муҳим саналади;
— фан ойлигида биринчи синфларда хонанинг ўзида маънавият соатида ўзаро ҳурмат, одоб-аҳлоқ ва уйга боришда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш кўникмаларига оид кичик суҳбатлар ташкил этиш лозим.
Шунингдек, ҳафта бошида синфлар ўз мавзуларни танлаш ва якунида ҳар бир синф тақдимотини ҳимоя қилиш, мустақил ҳаракатларини йўналтириб туриш асосида ўтказиш тавсия этилади.
Ҳафта бошида ўқитувчилар ўз синфидаги ўқувчиларга мавзуларни танлашга имкон бериш ва қандай қилиб лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўрсатмалар бериш ва ҳафта давомида кузатиш, амалий кўмаклаш муҳим ҳисобланади. Бундай лойиҳалар учун намунавий мавзулар:
2 синф
1) Она тили ва ўқиш саводхонлиги фани:
«Нега давлатларнинг ўзига тегишли тили бўлади?», «Мактабларда ўқишга имкони бўлмаган болалар қандай савод чиқариш мумкин», «Миллий ўйинлар».
2) Табиий фанлар:
«Мен кичик тадқиқотчиман», «Ўсимликлар дунёсига саёҳат», «Табиатни асрашда менинг вазифам».
3) Математика фани:
«Олим бўлишда математиканинг ўрни», «Математикани ҳаётдан ўрганамиз», «Дўконда савдо қила оламан».
3 синф
1) Она тили ва ўқиш саводхонлиги фани:
«Нега, баъзи инсонларни тили ширин дейишади?», «Телефоннинг фойдали ва зарали томонларини биласизми?», «Келажак менинг тасаввуримда».
2) Табиий фанлар:
«Ҳайвонлар меҳр қандай кўрсатилади?», «Сув мўъжизаси», «Фойдали қазилмалар бизнинг бойлигимиз».
3) Математика фани:
«Қизиқарли математикада ҳам мантиқ бўлади», «Мана нима учун математикани ўрганиш керак», «Математикада рақамлар ва сонлар фарқи».
4 синф
1) Она тили ва ўқиш саводхонлиги фани:
“Мактабимга нима керак”, “Тежамкорлик сабоқлари”, “Суҳандонлик ҳам санъатми?”
2) Табиий фанлар:
«Энергиядан оқилона фойдаланамиз», «Ҳаракат бу —соғлик», «Гулларга нега сув қуйилади?».
3) Математика фани:
“Математик ихтиролар?”, “Мен кичик тадбиркор”, “Фанда 0 рақамининг ўрни”.
Фан ойлигида тақдимотлар тадбири ташкил этилади. Тадбирда давомида турли чиқишлар ташкил этиш ўқувчиларнинг ҳаётий кўникмаларини шакллантиришга ҳизмат қилади.
«Энг яхши фикр» бўйича ҳам ўзаро суҳбатлар ташкил этиш ўқувчиларнинг нутқини ривожлантиришга мустақил фикрларини эркин ифодалашга ўргатади. Матнлар ўқувчиларнинг болалик орзулари ифодаланган ноанъанавий фикрлари асосида номинациялар белгилаш тавсия этилади.
«Кичик ижодкорлар» мавзусида композицияси ўқувчиларнинг ижодий ишлар фестивали шаклида ўтказиш тавсия этилади. «Кичик ижодкорлар» фестивалида (истаган мавзуда расм чизиш, ёш даражасидаги ҳайкалтарошлик, ўйинчоқлар, робототехника) ўқувчилар томонидан тақдим этган ижодий ишлари гуруҳланиб баҳоланади ва рағбатлантирилади.
«Тасодифий сўз» мавзусидаги ҳамкорлик танловини 4-синф ўқувчилари (параллел синф) ўртасида(синф битта бўлса 2 гуруҳга ажратилиб) жамоанинг қувноқлик даврасини мусиқали ўртоқлик учрашуви шаклда ўтказиш тавсия этилади.
Республика таълим маркази cтандарт ва баҳолаш бўлими методисти О.Мусурмонқулова