Ўзбекистонда 1000 сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилади

Марказий банк 2022 йилнинг 26 декабридан бошлаб номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишида пул белгилари муомалага чиқарилишини маълум қилди.

Ўзбекистонда 1000 сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишидаги пул белгиси 2 хил рангдаги комбинасиядан иборат бўлиб, ички айланаси сариқ рангли мис ва латун, ташқи айланаси кумуш рангли никел қотишмасидан тайёрланган.

Танга диаметри – 26,27 мм, ички диск диаметри – 17,6 мм, қалинлиги – 1,6 мм, оғирлиги – 7,3 граммни ташкил қилади.

Танганинг олд томонида (аверс) Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган “Ислом сивилизацияси маркази”нинг биноси тасвирланган.

Тасвирнинг пастки қисмида ботиқ ҳолда танга қиймати “1000” рақами ва лотин босма ҳарфларида “сўм” сўзи ёзилган. Бундан ташқари 1000 сўмлик пуллар муомаладан чиқарилмайди.

Марказий банкнинг қўшимча қилишича, муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади.

Яъни, 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди.

“Янги кўринишдаги ушбу пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт”, – дейилади хабарда.



🔥2.5 K марта кўрилди

Leave a Reply