«Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинди - Ta’lim / Образование

«Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинди

Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан «Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинди.

Ўзбекистон – 2030 стратегияси қабул қилинди

Фармонга кўра, стратегия 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсаддан иборат:

1) ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;

2) барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;

3) сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

4) қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;

5) «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.


Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:

– давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган, сут, йод билан тўйинтирилган маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;

– Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланиб, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;

– банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қиймати 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича, фоиз ставкаси асосий ставкадан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.


2023/2024 ўқув йилидан:

– умумий ўрта таълим муассасалари 10-синф ўқувчиларини касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади;

– Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланади.