Мактаб ўқувчиларининг хорижга вақтинча чиқиш тартиби ўзгариши мумкин - Ta’lim / Образование

Мактаб ўқувчиларининг хорижга вақтинча чиқиш тартиби ўзгариши мумкин

Муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасига кўра, ўқувчи хорижий давлатга чиқишидан олдин мактаб директорининг розилиги олиниши талаб этиладиган бўлади.

Мактаб ўқувчиларининг хорижга вақтинча чиқиш тартиби ўзгариши мумкин

Муҳокамалар порталига мактабгача ва мактаб таълими вазирининг «Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Унга кўра, ота-оналар фарзанди билан бирга қайси хорижий давлатга кетиш сабабларини ва хорижда қолиш муддатини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан (ўқув йили давомида) мурожаат этади.

Ариза мактаб директори томонидан (директор бўлмаган вақтда, директор вазифасини вақтинча бажарувчи) бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчи вақтинча хорижий давлатга кетаётганлиги ҳақида ҳамда синф раҳбари ва фан ўқитувчиларини хабардор қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.

Мактаб директори қуйидаги ҳолатларда ўқувчининг ота-оналарини, яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисини, тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимини ва болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясини ёзма равишда огоҳлантиради ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради:

  • хорижий давлатга вақтинча чиқиб кетган ўқувчилар хорижда бўлиш муддати узайтирилганлиги тўғрисида бир ҳафта муддатда мактабни хабардор қилмасдан дарс машғулотларига қатнашмаган ўқувчилар;
  • ота-оналар фарзанди билан хорижий давлатга кетиш сабабларини ва хорижда қолиш муддатини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат этмаганда.

 

Мактаб директори ҳар йили 25 майга қадар ўқув йили давомида мактабни хабардор қилмасдан хорижий давлатга чиқиб кетиб камида уч ойдан ортиқ муддатда узлуксиз дарс машғулотларига қатнашмаган (ўқув йили якунланишидан олдин дарсга қатнашган ўқувчилар бундан мустасно) ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига киритади.

Мазкур ўқувчилар болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси розилиги билан ўқувчилар сафидан чиқарилади.

манба