Регистон ансамбли – Самарқанднинг Регистон майдонида 3 мадраса (Улуғбек мадрасаси, Тиллақори мадрасаси, Шердор мадрасаси) дан иборат меъморий мажмуадир. Дастлаб Улуғбек мадрасаси (1417-1920) бунёд этилиб, кейинчалик қаршисига – майдон шарқига Улуғбек хонақоҳи (1424), шимолда Мирзойи карвонсаройи, жанубида Алика Кўкалдош Жума масжиди (1430) курдирилган, ёнида эса ёғочдан хотамкори услубида масжиди Муқатта ва Абусаид мадрасаси қурилган. XV асрнинг 20-40 йилларида Регистон ҳашаматли меъморий ансамблга айланган. XVII асрда Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир вайрона ҳолатдаги Улуғбек хонақоҳи ўрнига Шердор Мадрасаси (1619-1635/36)ни, Мирзойи карвонсаройи ўрнига Тиллақори мадраса-масжиди (1646/47-1659/ 60)ни қурдирган. Регистон ансамбли ўзининг ранг-баранг кошинкори безаклари; нақшинкори пештоқлари, ўлкан гумбазлари билан Ўрта Осиё меъморлигининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади.
Тиллақори мадрасаси
Тиллақори мадраса – Самарқанддаги меъморий ёдгорлик ҳисобланади, Регистон ансамблида Улуғбек даврида бунёд этилган Мирзойи карвонсаройи (15-а.) ўрнида Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир Мадраса ва жоме масжид қурдирган (1641?46). Карвонсарой асоси устига Мадраса (шим. шарқий қисмида), ҳужралар ўрнида пештоқ гумбазли масжид (ғарбида) жойлашган. Дастлаб “Ялангтўшбий кичик мадрасаси” деб номланган. Кейинчалик масжид безагида бошқа бир обида қурилишига етадиган миқдорда олтин сарфлангани учун “Тиллақори” (тилладан ишлов берилган) деб юритила бошлаган. Тиллақори мадрасасидан шаҳар жоме масжиди ва Мадраса сифатида фойдаланилган. Шунинг учун масжид (63х22 метр) катта ва серҳашамлиги билан бошқа мадрасалардан ажралиб туради. Мадраса (70х70 м) га ғарбий пештоқ орқали кирилади. Пештоқ чуқур равоқли, 2 қанотининг олди равоқли, 2 қаватли ҳужралар, бурчакларини тенг ҳажмдаги гулдастамезаналар эгаллаган. Масжид хонақоҳи (10,8х10,8 метр)нинг пойгумбази баланд, узоқдан кўзга ташланиб туради. Унинг гумбази ниҳоясига етказилмаган. Хонақоҳ тўрига мармардан меҳроб ва зинапояли минбар ишланган. Ўз даврида зарҳал нақшлар билан жозибадор безатилган хонақоҳнинг 2 ёнини олди равоқли, гумбаз томли айвон (йўлак)лар эгаллаган. Пештоқ равоғидаги мармар тахтачада безак ишлари 1659-60 йилларда бажарилганлиги ёзилган.
Тиллақори мадрасаси бир неча бор таъмир қилинган. 1817 й.да амир Ҳайдар буйруғи билан зилзиладан зарар кўрган пештоғи қайта тикланиши жараёнида шакли бузилган. 1885 йилдаги таъмир вақтида зарҳал нақшлар оддий бўёклар билан алмаштирилган. Тиллақори мадрасасида Самарканд таъмирлаш устахонаси ташкил этилиб (1930), кошинларнинг қадимий рангини топиш йўлида тадқиқот ишлари олиб борилган. Тиллақори мадрасасидаги йўқолиб кетаёзган ноёб зарҳал нақшларни усталар илмий ўрганиб, 1970 қайта тиклаган. Бинокорлар мадрасанинг Регистонга қараган пештоғини Шердор Мадраса ва Улуғбек мадрасаси билан мослаштириб қайта қурган. Пештоқ равоғи ва равоқ ичидаги қалқонсимон бағали, гулдастаси ҳамда хонақоҳ гумбази, ичидаги тилла ҳалли бўртма нақшлари қайта жилоланган (1974). Баланд гумбази устига феруза ранг кошин билан қопланган гумбаз ўрнатилган. Бош тарзидаги безак мавзуларининг бойлиги, ички ва ташқи нақшларнинг серхашамлиги, пештоқ қаноси ва токчасидаги ироқи каштани эслатувчи безаклар, бўртма ёзувлар ўзига хосдир. Равоқ бурчаклари, безакли тоқиларни тўлдиришда кошинпаз усталар турли усулларни қўллашган (ғиштларнинг майда нақшлари кошинларнинг ҳандасий ва ислимий нақшлари билан мослаштирилган). Кошинкори равокларда яшил тангачалар, сарғиш япроқлар ва феруза поялар акс эттирилган. Хонақоҳ изораси кошиннамоён, девори, гумбази ва бағали кундал услубидаги серҳашам нақшларга бой. Меҳроб равоғи ва бағали муқарнас косачалар билан тўлдирилиб, зарҳал берилган ҳамда Қуръон оятларидан олинган бўртма ёзувлар билан ҳошияланган.
Эшиклар мураккаб нақш ва ёзувлар билан ёғоч ўймакорлигида пардозланган. Ҳовли сахни (50х50 м)га мармар ётқизилган. Атрофидаги ҳужраларга эшик, тобадонига панжаралар ишланган. Ҳужралар ёз кунлари ҳам салқин бўлади. Тиллақори мадрасасида музей ташкил этилган бўлиб, унда мадрасани таъмирлашга оид нарсалар сақланган.
Шердор мадрасаси
Шердор мадрасаси – меъморий ёдгорлиги 1619 йилда қурилган ва 1936 йилда қайта таъмирланган. Мадраса тарҳи тўртбурчак, 2 қаватли. Бош тарзининг 2 қанотида қовурғали гумбаз ва миноралар жойлашган. Пештоқ равоғи ичкарисидаги кошинкори безак орасида қора заминли кошинга оқ ҳарфлар билан меъмор Абдужаббор номи ёзилган. Қаносларидаги қизғиш зарҳал тусли шер оқ оҳуни қувмоқда. Қуёш бодомқовоқ, қийиқ кўзли қилиб тасвирланиб, юзи зарҳал тусли ёғду билан ҳошияланган. Мадраса номи шу тасвирдан келиб чиққан. Бинонинг серҳашамлиги шу пештоқида. Пештоқнинг 2 томонида гумбазли дарсхона ва масжид жойлашган. Ҳовли атрофидаги 2 қаватли ҳужралар (54 та)нинг олди равоқли айвонлардан иборат. Айвонлар ёзда дарсхона вазифасини ўтаган. 1960-64 йилларда пештоққаносларидаги кошинкори нақшлар қайта тикланган.