Мамлакатимизда демократик принциплар устувор бўлган янги жамият қуриш, бозор муносабатларига асосланган кучли иқтисодиётга эга давлат барпо этишга йўналтирилган босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида халк таълими тизимидаги энг муҳим вазифалардан бири таълим сифати ва мазмунини янги босқичга кўтаришдан иборат.
Бу вазифа самарали амалга оширилса, мамлакатимизни модернизация борасида белгиланган мақсадларга эришишда энг муҳим ҳал қилувчи куч ҳисобланган маънавий жиҳатдан баркамол, ахлоқан пок, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор бўлган билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбияланади.
Албатта, бу бежиз эмас. Чунки «ўзбек модели»нинг ажралмас таркибий қисми бўлган “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да, аввало, инсон манфаатлари устуворлиги, унинг замон талабларига мос ҳолда ортиб борадиган эҳтиёж ва қизиқишлари, имкониятларини тўлиқ юзага чиқариш учун барча шарт-шароитларни яратиш белгилаб қўйилган.
Бу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан бир қатор педагогик инновациялар (“Дарс – муқаддас”, “Ўрган-ўргат”, “Билимлар беллашуви”, “Мураккаб фан – ўрганаман” ва бошқалар) ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
Мазкур инновацияларнинг самара бериши ҳамда таълим-тарбия сифатини оширишга хизмат қилиши энг аввало уларнинг мазмун-моҳиятини ҳар бир педагогик жамоаларда ўрганишни ва ҳар бир ўқитувчи, мактаб раҳбарлари томонидан амалиётга самарали жорий этилишини таъминлашга, энг муҳими эса мактабларда соғлом муҳитнинг яратилганлигига боғлиқ.
Айтиш мумкинки, билимли ва интеллектуал ривожланган баркамол авлод соғлом муҳит мавжуд бўлган соғлом жамоада тарбияланади. Шундан келиб чиққан ҳолда амалиётга жорий этилаётган инновацияларнинг мантиқий давоми сифатида таълим муассасаларида соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган “СОҒЛОМ МУҲИТ – СОҒЛОМ ЖАМОА” деб номланган тадбирлар мажмуасини амалиётга татбиқ этишни тавсия этамиз.