Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозими тавсифлари

Мактаб – беғубор орзуларга қанот бағишловчи даргоҳ. Ушбу билим, тарбия, маънавият масканида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозими алоҳида ўрин тутади. Давлат умумтаълим мактаби ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг вазифалари нималардан иборат? У қандай ишларни амалга оширади? Ушбу саҳифа орқали батафсил маълумот олишингиз  мумкин.


Умумтаълим мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимининг малака тавсифлари

Тартиб рақами 1985
Касбларнинг миллий стандарт классификатори бўйича коди 1210
Ходимлар тоифаси Бошқарув

Лавозим вазифалари:

  а) ўқув жараёнини ташкил қилиш, давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув-тарбиявий режалар ва дастурларнинг бажарилишини таъминлаш;
б) педагогик ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйишда иштирок этиш, педагогик жамоанинг ўқув-методик ишларига раҳбарлик қилиш, ўқитувчиларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва умумлаштиришни, замонавий педагогик технологияларни жорий қилишни ташкил этиш;
в) педагогик ходимларга методик ёрдамни, жамоанинг ва ўқитувчиларнинг педагогик фаолиятини таҳлил қилишни ташкил қилиш ва амалга ошириш;
г) ўқитувчилар фаолиятининг йиллик, чораклик ва ойлик режаларини тасдиқлаш ва бажарилишини назорат қилиш, ўқитувчилар фаолиятининг тасдиқланган режаларига мос равишда иш вақти ҳисобини олиб бориш, дарслар, имтиҳонлар жадвали ва бошқа ўқув тадбирларини ишлаб чиқиш;
д) мактабда назорат ишларини ташкил этиш, таълим стандартлари талаблари бажарилишининг, ўқувчиларнинг ўзлаштириши ва хулқининг мониторингини амалга ошириш, факультатив машғулотлар ва фанлар тўгаракларининг ишлашини ташкил қилиш;
е) ўқув хоналарини намойиш ва техник таълим воситалари билан, кутубхоналарни эса – китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа ахборот манбалари билан жиҳозланишига раҳбарлик қилиш;
ж) ўқув фанлари бўйича методик материаллар ишлаб чиқилишини, ёш мутахассисларга методик ёрдам беришни, ўқитувчилар малакасини, касбий маҳоратини ошириш ишларини олиб бориш, ўқувчиларнинг ўқув юкламасини такомиллаштириш;
з) синф журналларининг юритилиши ва сақланишини таъминлаш, синф раҳбарлари фаолиятига раҳбарлик қилиш, ўқув ишлари ҳолати ва натижалари тўғрисида ҳисоботларни тузиш, ота-оналар билан ҳамкорликни ташкил этиш;
и) техника хавфсизлиги қоидаларига, санитария-гигиена тартибига, педагогик ходимлар меҳнатини ва ўқувчиларни муҳофаза қилиш қоидалари талабларига риоя қилишни таъминлаш;
й) таълим муассасаси фаолиятига қўйилган санитария-гигиена талаблари, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя қилиш;
к) ўқувчиларни ичимлик суви билан таъминлаш ва болалар учун қўйилган санитария-гигиена талабларига риоя қилиш;
л) директор йўқлигида унинг лавозим вазифаларини бажариш.

Билиши лозим:

  а) амалдаги умумий ўрта таълим соҳасидаги, болалар ҳуқуқларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни;
б) Халқ таълими вазирлигининг мактаб фаолиятини ташкил этиш ва яхшилашга оид бўлган буйруқлари, фармойишлари, низомлари ва йўриқномаларини;
в) жаҳон ва ватан педагогик фанлари ва амалиёти, бошқариш психологияси ютуқларини;
  г) мактаб фаолияти ва уни ривожлантиришнинг педагогик ва иқтисодий асосларини;
д) давлат таълим стандартлари талаблари ва унинг мазмунини, илғор педагогик технологиялар ва уларни татбиқ этиш методларини;
е) жамоани бошқаришнинг самарали усулларини, ходимларни маънавий ва моддий рағбатлантириш тизимлари ва методларини;
ж) педагог ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш усуллари, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тартибини;
з) санитария-гигиена талаблари, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя қилишни таъминлаш қоидаларини;
и) таълим муассасаси ва ўқитувчилар фаолиятини таҳлил қила олишни, муаммоларини аниқлаши ва уларни ҳал қилишнинг самарали йўлларини топишни;
й) мактабни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни, таълим муассасасини бошқаришнинг ташкилий таркибини тузишни;
к) методик тавсиялар, ўқув режалари ва дастурлар, қоидалар, низомлар, лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқишни, ишлаб чиқариш мажлислари ва суҳбатлар ўтказиши;
л) таълим муассасаси фаолиятини замонавий технологиялар асосида мониторинг қилишни, ўқув жараёнида илғор педагогик ва ахборот технологияларни қўллашни;
м) педагогик жамоада қулай психологик муҳит яратишни.

Малака талаблари:

 а) педагогика йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий маълумот;
б) хорижий тиллардан бирининг бошланғич босқичини ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни билиши;
 в) беш йилдан кам бўлмаган педагогик иш стажи;
г) малака тоифаси – камида иккинчи тоифали ўқитувчи.

Ўқув-тарбиявий ишлари бўйича директор ўринбосарларининг иш фаолияти йўналишлари

Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 19 апрелдаги «Умумий ўрта таълим мактабининг намунавий Уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги 7-СХ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Уставни ишлаб чиқиш жараёнида мактаб раҳбарларининг вазифалари бўйича қуйидаги таклифлар берилди:

Мактаб директорининг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари қуйидаги ишларни бажаришлари зарурлигини кўрсатади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг таълимга оид қарорлари, Халқ таълими вазирлиги ҳайъат мажлисининг қарор ва буйруқлари билан тасдиқланган меъёрий ҳужжатларни ўрганиб боради, уни амалиётга татбиқ этади ва ўқитувчиларга тушунтириб боради.
 2. Мактабда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси асосида дарс жадвалини илмий асосда тузади. Айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар мавжуд бўлса, у ҳолда ушбу синфлар бўйича ўқув режаси ва дастурларни ишлаб чиқиб(тегишли методист ва олимлар ҳамкорликда), ўрнатилган тартибда тасдиқлатади. Шу билан бирга, мактабда дарслар икки навбатда ташкил этилган бўлса, у ҳолда иккинчи навбатдаги дарс жадвалини ўқитувчиларнинг дарс юкламасини ҳисобга олган ҳолда ҳаракатдаги тавсиялар асосида тузади ва унинг бажарилишини назоратга олади.
3. Ўқувчиларнинг Давлат таълим стандартлари талаблари асосида билим олишларини таъминлайди ва уни назоратга олади.
4. Мактаб Устави асосида дарс режимини тузади ва директор томонидан тасдиқланиши, унга қатъий риоя қилинишини таъминлайди.
5. Педагог ходимларнинг иш режалар (Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарорига биноан ойлик, чораклик, йиллик) бажарилишни махсус ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда мониторингини олиб боради ва амалга оширилган ишлар таҳлили бўйича мактаб директори ва махсус комиссияга ҳисобот бериб боради.
6. Ўқитувчиларни аттестацияга тайёрлайди. Методбирлашма раҳбарлари билан бирга Аттестацияга тайёрланадиган барча материалларни тасдиқланган Низом асосида ўқув йили давомида тайёрлаб боради.
7. Ўқитувчиларнинг сабабли ёки сабабсиз дарсга келмаганликларини аниқлайди ва уларнинг ўрнига бошқа ўқитувчиларнинг дарс ўтишини таъминлайди.
8. Синф раҳбарлари, ота-оналар қўмитаси билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг дарсдаги давоматини таъ¬минлайди ва уни назоратга олади.
9. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлигини таҳлил этади, умумлаштиради ва натижалари ҳақида мактаб педагогика кенгашига таклифлар киритади.
10. Иқтидорли ўқувчиларнинг фанлар йўналишида чуқурлаштирилган дастурлар бўйича таълим олишларини кузатиб боради ва уларга методик ёрдам беришни ташкил этиб боради.
11. Ўқув дастурларида белгиланган лаборатория, амалий ишларнинг тўлиқ бажарилишини кузатади, ўрганади ва уни методик жиҳатдан ўтилишини таъминлайди.
12. Мактаб педагогик кенгашининг қарорига асосан баъзи фанларга ва факультативга берилган мактаб ихтиёридаги соатларнинг бажарилишини таъминлайди.
13. Мактаб методика кенгашига раҳбарлик қилади, унинг иш режасиии ишлаб чиқади, тасдиқлатади ва бажарилишини таъминлайди.
14. Методбирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштириб боради ва назорат қилади. Улар билан биргаликда таълим мазмунини фаоллаштириш бўйича ички назоратни такомиллаштириб боради. Улар билан бирга узлуксиз методик хизматни таъминлаб боради.
15. Методбирлашма раҳбарлари билан бирга педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва ўз устида ишлашлари, ўз фаолиятларини такомиллаштиришга методик ёрдамлар бериб боради ва уни назоратга олади.
16. Ҳаракат дафтари, синф журналлари, ўқувчиларнинг ёзма, тест назорат ишлари ва айланма дафтарлари ва бошка ҳужжатларнинг тўғри юритилишини назорат қилади.
17. Ўқитувчиларнинг бўш ўзлаштирадиган ўқувчилар билан қўшимча ишлашини ташкил этади.
18. Илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини кузатади, ўрганади ва ушбу илғор тажрибаларни бошқа ўқитувчиларга етказиш бўйича семинарлар ташкил этади. Илғор педагогик ва ахборот технологиялар асосида дарс ўтилишини таъминлайди.
19. Ўқитувчилар томонидан қолдирилган дарс соатларининг ҳисобини алоҳида дафтарда юритади ва уларнинг ўтилишини таъминлайди (ҳаракат дафтари).
20. Мактаб кутубхона мудири билан кам таъминланган оилалар фарзандларига ҳамда ижара тизимидаги ўқув режасидаги фанлар бўйича дарсликларга буюртма тайёрлайди ва ўқувчиларни дарсликлар билан таъминланишини назорат қилади.
21. Тажрибали, илғор, малакали ўқитувчиларнинг очиқ дарсларини ҳамда уларни иш тажрибаларини оммалаштиришни ташкил этиш бўйича методбирлашма раҳбарларига методик йўналишлар бериб боради.
22. Ўқитувчиларнинг ўзаро дарс таҳлилларига киришларини кузатиб боради ва уларга амалий-методик ёрдам беради.
23. Ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг қўлда ясаган кўргазмали қуроллари, тарқатма дидактик материаллари кўргазмаларини ташкил этиб боради.
24. Фан кабинетлари, синф хоналари ва мактаб заллар (коридор)ининг мавзуи асосда замонавий жиҳозланишини таъминлайди.
25. Тизимли равишда ўқувчиларни дарсга дарслик ва кундаликларини олиб келиши ва унинг юритилишини сайланма тарзда кузатиб боради ва назорат этади.
26. Куни узайтирилган гуруҳлар ишини ташкил этади ва назорат қилади.
27. Ўқув-тарбия ишларига оид барча ҳисоботларни мактаб директори билан келишилган ва уни имзолатган ҳолда, ўз вақтида туман халқ таълими бўлимига топширади.
28. Метод бирлашма раҳбарлари билан бирга ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлаш ва унинг ўтказилишини ташкил этади, уларнинг иштирокини таъминлайди ва назоратга олади.
29. Ўқув йили тугаши арафасида (апрель-май) Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режа аеосида мактаб педагог ходимлари, методбирлашма раҳбарларининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда тахминий тарификацияни тузади, мактаб раҳбари билан келишган ҳолда, унинг имзосини олиб, гербли муҳрни қўйиб, уни туман халқ таълими бўлимига топширади. Худди шу жараён ўқув йилининг бошланишида (15 сентябргача) амалга оширилади. Вакант бўлган иш ўринлари ҳақида маълумотни тарификация билан бирга топширади (апрель-май, сентябрь ойларида).
30. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг абитуриентларни олий ўқув юртларига ҳужжат топширган ва тест-синовларидан ўтганликларининг таҳлилини методбирлашмалар билан муҳокама қилади ва аниқ чора-тадбирлар белгилайди.
31. Жисмоний ёки руҳий жиҳатдан ногирон, оилада таълим олиш учун ВККнинг маълумотномаси бўлган ўқувчилар рўйхатини тузади ва уларга Халқ таълими вазирлигининг 2003 йил 3 ноябрдаги 159-сонли буйруғи билан тасдиқланган ўқув режалар асосида алоҳида дарс жадвали бўйича ўқув-тарбия ишларини ташкил этади.

Ўхшаш мавзулар:

3 thoughts on “Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозими тавсифлари

  1. Мухиддин

    Укув ишларининг малака тавсифи амалдагисими. Иложи буса аникрок еки ВМ нинг еки ХТВ нинг карорларини юборинг. ОЛДИНДАН РАХМАТ

    1. admin Мавзу муаллифи

      Сўнгги хужжат «Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида» эди.
      (рўйхат рақами 1541-2, 2010 йил 29 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 17-сон, 136-модда)

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*