Маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари ҳақида низом

Умумий ўрта таълим муассасалари маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари ҳақида низом

 

1.Умумий қоидалар

   Маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги қонуни, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари, халқ таълими вазирлиги қарор ва буйруқлари ҳамда ушбу низом асосида ташкил этилади. Директор ўринбосари мактабнинг масъулиятли раҳбарларидан бири бош педагог-тарбиячи бўлиб, у, юксак фуқаролик масъулияти ва ижтимоий фаоллиги, маънавий-маърифий жиҳатдан билимдонлиги, илмий ва ижодий дунёқарашининг кенглиги, болаларга, инсонларга нисбатан муҳаббати, педагогик жиҳатдан ўзини-ўзи ривожлантиришга интилиш мавжудлиги, ўзига ва бошқаларга нисбатан талабчанлиги, умумий педагогик маданиятни эгаллаганлиги ва юқори касб маҳоратига эга бўлиши лозим.

Умумтаълим муассасаларида маънавий ва маърифий тарбия ишларини ташкил этиш ва ўқитувчи, ўқувчи, синф раҳбарлари, болалар етакчиси, психолог, маҳалла фуқаролар йиғини, ота-оналар қўмиталари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳомийлик ва васийлик комиссиялари, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда иш ташкил этишда маънавий ва маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари асосий мувофиқлаштирувчидир. Директор ўринбосари таълим муассасасида ва кенг жамоатчилик орасида ўқувчиларнинг тарбияланганлик даражасига, ўқитувчиларнинг маънавий-маърифий фазилатларига кўра ўз касбига муносиблигига жавобгар шахс ҳисобланади. Директор ўринбосари тарбиявий ишларни режалаштиради, педагог ходимларнинг ўқувчиларни мактабдан ва синфдан ташқари фаолиятига жалб этишини, ота-оналар билан ҳамкорлигини, болалар етакчиси ҳамда синф раҳбарларининг фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Директор ўринбосари халқ таълими ҳудудий (туман (шаҳар) халқ таълими) бошқарув идораси томонидан тайинланади ва бўшатилади.

II. Маънавий ва маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига қўйиладиган талаблар

Маънавий ва маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари:

  • Педагогик жамоа, маҳалла, ота-она орасида ўзининг билимдонлиги, инсоний фазилатлари билан намуна ҳамда ҳурмат-эътиборга эга бўлиши;
  • Педагогик жамоада қулай психологик иқлим(муҳит) ярата олиши;
  • Таълим муасасаси ва педагоглар фаолиятини таҳлил қилиши, муаммоларни аниқлаши ва уларни ҳал қилишнинг самарали йўлларини топиши;
  • Амалдаги болалар ҳуқуқларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, Халқ таълими вазирлигининг мактаб фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга оид бўлган буйруқлари, низомлари, йўриқномаларини, жаҳон ва республикамиздаги мавжуд педагогика фанлари ва амалиёти, бошқариш психологияси ютуқларини билиши;
  • Тарбиявий фаолиятга тегишли бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш тузилмалари ҳақида маълум тасаввур ва билимларни эгаллаган бўлиши;
  • Болалар ва ўқувчилар билан синфдан ташқари тадбирларни тайёрлай олиши ва ўтказа билиши;
  • Ўқувчилар билан тарбиявий ишларни ташкил этишда ташаббускор ва бошқаларга услубий тавсия, ёрдам кўрсата олиш тажрибасини эгаллаши;
  • Ўтказилаётган тадбирларнинг тайёрланиши ва ўтказилиш сифат-самарадорлигига жиддий эътибор бериши, лозим бўлганда фойдали маслаҳатлар кўрсатиши;
  • Илғор тажрибаларни (тарбиявий ишлар бўйича) ўрганиш, умумлаштириш, оммалаштириши;
  • Иш фаолиятини мунтазам янги педагогик технологиялар билан бойитиши, ўз касб маҳоратини ва белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориши лозим.

Маънавий ва маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига қуйидаги малака талаблари қўйилади:

а) камида бакалавр даражасидаги олий маълумот;
б) 3 йилдан кам бўлмаган педагогик иш стажи;
в) малака тоифаси камида 2-тоифали ўқитувчи.

III. Директор ўринбосарининг асосий вазифалари

Унинг бош мақсади таълим муассасасида тарбиявий ишлар тизимини шакллантириш бўлиб, асосий вазифалари мактаб тарбиявий жараёнига Миллий ғоя асосларини тадбиқ этиш, тарбия жараёнидаги асосий ва ёрдамчи воситаларни аниқлаш, педагог ходимлар ва ўқувчилар учун тарбиявий дастурларни тузиш, тарбия жараёнини янги педагогик технологиялар билан таъминлаш, жамоа тарбиявий фаолиятини ташкил қилиш, ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш тузилмалари билан ишлаш, ўқувчи шахсининг тарбияланганлик даражасини таҳлил этиб бориш кабилардан иборатдир. Жумладан:

  • Ўқувчиларни Ватанга, Ўзбекистон Республикаси Президентига муҳаббат ва фидойилик, Давлат рамзларига садоқат, Миллий ғоя руҳида тарбиялаш;
  • Ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш муҳитини яратиш, бой миллий меросимиз, миллий одоб-ахлоқ меъёрларини тарбия жараёнига тадбиқ этиш, меҳнатга ижодий муносабатини шакллантириш;
  • Миллий ғоя ва маънавият асослари йўналишидаги фанлар таълими самарадорлигини назорат қилиш, шу фанлар бўйича ўзлаштириш, ўқувчилар давомати, хулқи, тарбиявий соат ҳамда тадбирларнинг сифати ва самарадорлиги мониторингини амалга ошириш, шунингдек, барча фанлар таълимида тарбиявий мақсадларни амалга оширилишини назорат қилиш, бу борада услубий хизматни ташкил этиш;
  • Ўқувчилар онгига она Ватанга, буюк аждодларимиз мероси ва халқимизнинг бугунги бунёдкорлик ишларига юксак эҳтиром туйғуларини сингдириш, юртимизда бунёд этилаётган иншоотлар, маърифат масканлари билан таништириб бориш;
  • Педагог ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйишда иштирок этиш, тегишли педагог ходимларга зарур услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг малака ошириш режаларини ишлаб чиқиш ва курсларга йўлланма беришни ташкил этиш;
  • Ўқитувчилар томонидан ўтказилган тарбиявий соат ва тадбирларни назорат қилиш, бу асосда синф журналларининг юритилишини кузатиб бориш;
  • Ўқувчиларни тарбиялашда маҳалла, ота-оналар билан ҳамкорликни ривожлантириш, фаол педагог ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантиришни йўлга қўйиш;
  • Ўқувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муқтож болалар, ота-онасиз болаларнинг, ҳомийлик ва васийликка берилган вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялаш;
  • Ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш тузилмаларини, жумладан, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Камалак» болалар ташкилоти, болалар етакчиси, ўқувчилар ижодий бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишларни йўлга қўйишда барча турдаги тўгарак, ижодий бирлашмаларга ўқувчиларни жалб қилиш;
  • Синф раҳбарлари, ўқитувчилар, тўгарак, бирлашма раҳбарлари, болалар етакчилари, мактаб фаолларига методик ёрдам кўрсатиш, ижодий изланиш, кўмаклашиш. Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишларни тўғри йўналишда олиб боришга йўлланма бериш;
  • Ўқувчилар жамоасининг шаклланишида уларда ватанпарварлик, инсонийлик, халқлар ва миллатлар ўртасидаги дўстлик ҳамда тотувликни таъминлаш учун етарли шароитни вужудга келтириш;
  • Ўқувчиларни турли салбий диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, бу борада тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
  •  Ўқувчиларни ҳар томонлама камол топтириш, уларнинг қизиқиш, имконият ва қобилиятларига қараб фан тўгараклари, спорт сексиялари, бадиий-эстетик, техник, экологик, сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги тўгаракларга, клубларга жалб қилиш;
  • Умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • Педагогик жамоа, жумладан, синф раҳбарлари, психологлар билан ҳамкорликда битирувчи синф ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш;
  • Таълим муассасаси ўқув ва бошқа хоналарини ўқувчиларнинг маънавий-маърифий тарбиясига оид масалаларни ҳал қилишга хизмат қилувчи кўргазмали ташвиқот ва тарғибот воситалари билан жиҳозлашни ташкил қилиш;
  • Мактаб кутубхонасининг маърифий ва тарбиявий ишларини мувофиқлаштириш ва йўналтириш, тарбиявий йўналишдаги методик адабиётлар кутубхонасини ташкил этиш;
  • Мактаб тиббиёт ходимлари, ўқитувчилари, синф раҳбарлари, психолог, ота-оналар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, маънавий, маърифий, жисмоний ва ақлий жиҳатдан ривожланиш мувофиқлигини назорат қилиш;
  • Таълим муассасасида техника хавфсизлиги қоидаларига, санитария-гигиена тартибига, педагогик ходимлар меҳнатини ва ўқувчиларни муҳофаза қилиш қоидалари талабларига риоя қилишни таъминлаш;
  • қобилиятли ва истеъдодли ўқувчиларни рағбатлантириш, кўмаклашиш, уларнинг рўйхатини шакллантириш;
  • ўқувчиларга ҳурмат билан қараш ҳиссини шакллантириш, уларнинг қизиқишларини аниқлаш, касб танлашларига ёрдам бериш;
    синф раҳбарлари услубий бирлашмалари фаолиятини режалаштириш ва ижросини назорат этиш;
  • мактаб «Ота-оналар университети» фаолиятини ташкил этиш, ота-оналар қўмитаси билан ҳамкорликда умуммактаб ота-оналар мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш, конференсиялар, давра суҳбатлари, мулоқотлар уюштириш. Мактабда ўтказилган тарбиявий ишлар юзасидан педагогик кенгашларда ҳисобот бериш;
  • тарбияси оғир ўқувчилар билан ишлашда уларнинг ота-оналари, ҳуқуқ- тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилиш;
  • ўқувчиларнинг ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш. Шунингдек, ўқувчиларнинг кузги, қишки ва баҳорги таътилларини мазмунли ўтказишлари учун шароит яратиш;
  • баркамол авлодни тарбиялашда «Маҳалла, мактаб ва оила ҳамкорлиги» консепциясини ҳаётга татбиқ этиш;
  • ўқувчиларнинг маданий дам олишлари, саёҳатларини уюштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, мактабнинг тозалигини назорат этиш;
  • ўз малакасини ошириб туриш, ўз соҳаси бўйича ўтказиладиган турли миқёслардаги семинарларда иштирок этиш каби вазифалардан иборат.

IV. Маънавий ва маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарининг ҳуқуқлари

Маънавий ва маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари педагогик жамоа билан ҳамкорликда мактаб тарбиявий тизимини тузиш, мактаб бошқарувида иштирок этиш, ижодкор ва тажрибали педагогларни синф раҳбарлиги, тарбиячилик, болалар бирлашмаларига раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, синф раҳбарлари, етакчи, тарбиячи, педагог-ташкилотчиларниннг тарбиявий ишларини мувофиқлаштириш, янги педагогик техно¬логиялардан эркин фойдаланиш, касбий фаолияти учун қулай шароит ва имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқларига эга. Жумладан:

  • Директор ўринбосари ўз фаолиятида тарбия жараёнини назорат ва таҳлил этиш, мактаб жамоасининг тарбиявий ривожланиши йўналишларини, синфлараро ўқувчиларнинг тарбияланганлик даражасини таҳлил этади, синф раҳбарлари билан ўқувчилар жамоаларини ўрганиш, синф раҳбарларининг тарбиявий ишлари сифат-самарадорлиги ва мазмунини, болалар ижодий бирлашмалари (тўгарак, клуб, секция) фаолиятини назорат ва таҳлил қилиш;
  • Синф раҳбарлари, ўқитувчи, тарбиячи, болалар етакчилари, ота-оналар, маҳалла, ижодий ташкилотлар билан ишлаш мазмуни, шакл ва усулларини танлаб олиш ва уни мактаб анъаналарига мувофиқ равишда амалга ошириш;
  • Маъмурият билан келишган ҳолда дарсларда, дарсдан ташқари ўтказиладиган тадбирларда, ўқув ишлаб чиқариш амалиётларида, шунингдек, синф раҳбарлари, болалар етакчилари таклиф этган барча тадбирларда (маҳаллада, оилада) иштирок этиш;
  • Ҳар бир педагог ходимни маънавий ва маърифий тарбия бўйича олиб борган ишлари, ўқувчиларни мактабдан ва синфдан ташқари фаолиятга жалб этишдаги натижалари асосида моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича тегишли комиссияга таклиф киритиш;
  • ота-оналарни мактабга таклиф этиш, ҳокимият қошидаги вояга йетмаганлар билан ишловчи комиссия ишида корхоналардаги мактаб ҳамкорлик кенгашларида, бола таълим-тарбияси билан боғлиқ бўлган йиғилишларида, мактабдаги тарбия муаммоларига бағишланган барча назарий-амалий методик ишларда қатнашиш;
    бошқа таълим-тарбия масканлари иш тажрибасини ўрганиш;
  • педагогик кенгаш ёки синф раҳбарлари методика бирлашмалари кенгашларига масалалар киритиш ва муҳокама қилиш;
  • синф раҳбарининг таълим тарбия ишлари бўйича эришган ютуқларини ҳисобга олиб, уни тақдирлаш учун директорга таклиф киритиш;
  • болани яхши тарбиялаган ота-оналарни, мактабга ёрдам берган маҳалла фаолларини тақдирлаш учун директорга таклиф бериш;
  • мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишларни янада такомиллаштириш ҳуқуқларига эга. 

V. Директор ўринбосари ишини режалаштириш ва ташкил қилиш

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ўз ишини режа асосида олиб боради ва унинг бажарилишини назорат қилади. Унинг иш режаси мактаб директори томонидан тасдиқланади. Синфдан ва мактабдан ташқари тарбиявий ишларни режалаштиришда мактабнинг умумимий режаси, ўқитувчилар, синф раҳбарлари, болалар етакчиси, ота-оналар қўмитаси иш режаларини мувофиқлаштиради. Тарбиявий ишларни мувофиқлаштирувчи сифатида мактабнинг умумий тарбиявий ишлар режасини шакллантиришда турли ташкилот ва муассасаларнинг мактаб билан ҳамкорлигини ташкил этади, уларни қўллаб-қувватлайди, тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар, ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла фуқаролари йиғинлари, вояга йетмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, жамғармалар ва уюшмалар билан ҳамкорликни олиб боради. Ишни режалаштиришда болаларнинг ёш хусусиятларига, мактаб жойлашган вилоят, шаҳар, туманнинг шарт-шароити, анъаналари, хусусиятларини жойлардаги ижодий бирлашмалар, илмий марказлар билан ўзаро алоқаси каби ишларни инобатга олади.

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари мактабдан ва синфдан ташқари ўтказиладиган барча тадбирларни мунтазам кузатиб, баҳолаб боради. Мактаб жамоаси учун турли тарбиявий фаолият тадбирларини режалаштиради ва ташкил этади, синф раҳбарлари, тарбиячилар, болалар етакчилари, фан ўқитув¬чиларига услубий-амалий ёрдам кўрсатади, ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари билан ҳамкорликда фаол ўқитувчиларнинг синфдан ва мактабдан ташқари тарбиявий ишларни ташкил этишларини мувофиқлаштиради, маъмурият ва ўқитувчилар билан педагогик кенгаш ва педагогик-психологик маслаҳатлар ўтказади, мактабдан ташқари таълим муассасалари билан ҳамкорликни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш ишларини олиб боради.

ХТВ нинг 2007 йил 1 январ 19-сонли буйруғига 1-илова. Таълим тараққиёти. 2007 йил 1-сони.

Ўхшаш мавзулар:

2 thoughts on “Маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари ҳақида низом

  1. Ольга

    Первое – есть ли у вас должностная инструкция заместителя директора по учебной части? Второе – что является основанием для данной инструкции.
    Можно на узбекском. Буду очень благодарна.

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*