Чет тилини мукаммал ўрганишни истаган ҳар бир инсон уни ўзи мустақил тарзда ҳам ўзлаштирса бўлади. Аммо бунинг учун инсон психологик жиҳатдан тил ўрганишга тайёр бўлмоғи лозим. Хорижий тилни ўрганиш учун кишидан озгина қунт, мустаҳкам ирода ва тартибга асосланган кун режаси талаб этилади.
Като Ломб кимё соҳасини эгаллаганлигига қарамай, дунёнинг энг биринчи синхрон таржимонларидан ҳисобланган. У 8 тилни бемалол, қийинчиликсиз таржима қилган ва 16 тилда эса эркин мулоқот қила олган. У даврларда аудио дисклар ҳам, қулоқчинлар ҳам, скайп, интернет тармоқлари ҳам, ҳаттоки тил ўрганиш мактаблари ҳам бўлмаган. Лекин у қандай қилиб бир неча хорижий тилларни мукаммал ўрганишга эриша олган?
Маълумот ўрнида: Ка́то Ломб (венг. Lomb Kató; 8 февраль 1909-йил, Печ (Венгрия) — 9 июнь 2003-йил, Будапешт) — таниқли венгериялик таржимон олима, ёзувчи, дунёда биринчилардан бўлиб синхрон таржимани қойилмақом бажарган. Бир нечта хорижий тилларни ўрганиш қобилияти орқали дунёга кенг танилган. У бемалол венгер, рус, инглиз, француз, немис тилларида гапиришни ва ёзишни билган. Ўз нутқини итальян, испан, япон, хитой ва поляк тилларида ифода эта олган ва ушбу тилларини тушунган. Луғат ёрдамида болгар, дания, румин, словак, украин, лотин, поляк тилларида сўзлаша олган.
У ўзининг “Мен тилни қандай ўрганаман?” номли бестселлер асарида хорижий тилларни ўрганишнинг оддий ва осон йўлларини 10 та қоидага асослаб, келтириб ўтган:
1. Тил билан иложи борича ҳар куни мунтазам шуғулланинг.
Бунда худди спорт машғулотларидагидек, маълум бир тизимга асосланган ҳолда машқ қилиш муддати белгиланади. Ҳеч бўлмаса, ўқиш ва янги сўзларни қайтариш учун 10-15 дақиқа вақт ажратинг.
2. Ўқиш режасини тузинг.
Агар тил ўрганиш истаги вақт ўтгани сайин сусайиб борса, ўз шахсий алгоритм ўқув режангизни ўйлаб чиқинг. Мисол учун, озгина дарс қилгач, танаффус эълон қилиб, мусиқа тинглаш ёки сайр қилиш мумкин.
3. Сўз бирикмаси — яхши усул.
Ҳеч қачон алоҳида сўзларни ўрганманг, фақат бир-бирига қўшилган, контекст ҳолатда ўрганинг. Масалан, агар сиз “большое дерево” сўз бирикмасини эслаб қолган бўлсангиз, демак бир сўз иккинчисини ҳам автоматик тарзда ёдда сақлашга ёрдам беради.
4. Ён дафтарча тутинг.
Ушбу дафтарчага ўрганган қўшма сўзларингизни, тайёр гапларни ёзиб олиш ва уларни мулоқотда ишлатишга ҳаракат қилиш ҳам катта фойда беради.
5. Хотирага муҳрланг.
Хаёлан кўзингизга кўринган барча нарсани – реклама, қўшиқ сўзларини, диалогларни, газетадаги мақолаларнинг номланишини таржима қилишга ҳаракат қилинг.
6. Ёд олиш — фойдали машқ.
Аммо фақатгина юз фоиз тўғри ва ўқитувчиларингиз томонидан текширилган сўзларни ёд олинг.
7. Ибораларни ёдланг.
Муомалада кенг қўлланадиган сўзлар, идиома, ибора ва ҳикматли сўзларни ёзиб боринг ва зудлик билан хотирангизда сақланг.
8. Назария билан чекланиб қолманг.
Ҳар қайси чет тилини фақат назарий томондан, амалиётдан ажралган ҳолда ўрганиш мумкин эмас. Амалий машқларга ҳам эътибор қаратинг. Кино томоша қилинг, турли адабиёт ва газеталарни мутолаа қилинг, чет тилда сўзловчи дўстларингиз билан реал ҳаётда ёки интернет орқали суҳбатлашинг. Жонли мулоқотсиз тил ўрганиш мумкин эмас. Шахсан Като Ломб рус тилини Гоголнинг “Ўлик қалблар” асари ва керакли луғатлар орқали ўрганишни бошлаган.
9. Хатоларни тўғирлашга одатланинг.
Хато қилишдан асло чўчиманг, тўғирлаб бўлмайдиган хатолардан қўрқинг! Ҳеч қачон ва ҳеч нимани назоратсиз, текширувсиз қолдирманг.
10. Ўзингизга ишонинг.
Ҳеч нимага қарамай, тил ўрганишдан тўхтаманг! Юқоридаги маслаҳат ва амалларга риоя қилган ҳолда тил ўрганишни бошласангиз, худо хохласа, кўзлаган мақсадингизга етишасиз!
Барчага омад!!!