Юртдошларимизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борадаги билимларини бойитишга қизиқиши йил сайин ошиб бораётгани бизга келган саволларда яққол сезилмоқда. Хусусан, ўқитувчи-мураббийлар ўз иш фаолиятида дуч келаётган айрим масалалар юзасидан савол билан мурожаат қилиб, масалага ойдинлик киритишни сўрашган.
Қуйида бир туркум саволларга Халқ таълими вазирлиги мутахассислари тақдим этган жавоблар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Савол: 1992 йили Тошкент давлат техника университетини тугатганман. 1992 йилдан бери Шўрчи туманидаги мактабларда информатика фанидан дарс бериб келаман. 2007 йил 2 июлдан 2008 йил 29 мартгача Сурхондарё вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида қайта тайёрлаш курсида қатнашиб, информатика фанидан дарс ўтиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлдим.
Саволим қуйидагича: мен мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлашим мумкинми?
Донахол Раҳимова (Шўрчи тумани)
Жавоб: — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 14 июндаги “Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 186-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифлари”да умумтаълим мактаби директори ўринбосарларига:
а) педагогика йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий маълумот;
б) хорижий тиллардан бирининг бошланғич босқичини ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни билиш;
в) беш йилдан кам бўлмаган педагогик иш стажига эга бўлиши каби талаблар белгиланган.
Қайта тайёрлаш бўйича сертификат иккинчи олий маълумот ҳисобланмайди. У сизга фақат информатика фанидан дарс ўтиш ҳуқуқини беради. Сиз педагогика йўналишида олий маълумотга эга бўлмаганингиз учун мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлашингиз мумкин эмас.
* * *
Савол: 1985 йили Жиззах педагогика билим юртини мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси йўналиши бўйича тамомлаганман. 1985 йилдан Баланд Осмон қишлоғида жойлашган 21-мактабда мусиқа ўқитувчиси ва тўгарак раҳбари бўлиб ишлай бошладим. 1994 йилдан 30-мактаб-интернатда тарбиячи, 2010 йилдан 1 ставкада етакчи вазифасида ва мусиқа тўгараги раҳбари бўлиб ишладим. 2014 йили 30-мактаб-интернат 3-умумтаълим мактабига айлантирилди. 2014 йилдан 0,5 ставка ҳажмида ёшлар етакчиси бўлиб ишлай бошладим. 2011 йили ёшлар етакчиси иши бўйича малака ошириш курсидан ўтганман. 30 йиллик педагогик стажга эгаман. Мактаб директори етакчи лавозимига мутахассислигим тўғри келмаслигини важ қилиб, ишдан бўшашимни талаб қилаяпти. Менинг ушбу вазифада ишлашим мумкин эмасми?
Муқаддас Сафарова (Фориш тумани)
Жавоб: — Директорнинг талаби нотўғри. Сиз ушбу вазифада ишлашингиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 июндаги 164-сонли қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификатори”да етакчи лавозимига ўрта махсус малака талаби белгиланган.
* * *
Савол: Умумий ўрта таълим мактабларида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро назоратини юритиш вазифаси юклатилган ходимнинг ойлик маошига (у шу вазифани бажаргани учун) директор жамғармасидан устама ҳақ тўлаш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қайси ҳуқуқий ҳужжатга асосланади?
Махсума Оролова (Бўка туманидаги 2-мактаб директори ўринбосари)
Жавоб: — Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарори 4-иловаси билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисида”ги низомнинг 3-бандига асосан директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан устама ҳақ умумтаълим мактабларининг фақат ўрнак кўрсатган ўқитувчиларига тўланади.
* * *
Савол: Чироқчи туманидаги 103-умумтаълим мактабида директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлайман. 6 соат дарсим бор. 2015 йил март ойидан бошлаб 6 соат дарсимга соатбай тарзида иш ҳақи тўланмоқда. Мактаб ҳисобчисидан нега соатбай ҳақ тўланаётганини сўраганимда, ҳеч қандай асос кўрсатолмади. Ҳисобчининг бундай йўл тутиши тўғрими?
Яхшибой Аҳадов (Чироқчи тумани)
Жавоб: — Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарори 3-иловаси билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги низомнинг 12-бандига асосан умумтаълим муассасалари раҳбарлари томонидан ўтилган ўқув соатлари учун иш ҳақи соатбай тўланади.
* * *
Савол: Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кибернетика факультетини тамомлаганман. Ихтисослигим математик. 1994 йилдан буён Нуробод тумани Жом қишлоғидаги 22-мактабда ишлайман. Ўтган йили мактаб маъмурияти менинг мутахассислигим тўғри келмаслигини айтиб, вакант дарслар ҳисобидан 10 соат дарс берди, холос. Бу йил менга дарс беришмоқчи эмас. Шу тўғрими?
Абдуқаҳҳор Холмуродов (Нуробод тумани)
Жавоб: — Сиз педагогика йўналишидаги олий таълим муассасасини тугалламаганингиз сабабли мактаб маъмуриятининг талаби тўғри. Математика фанидан дарс бериш ҳуқуқига эга бўлишингиз учун Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 3 апрелдаги 90-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими муассасаларида фаолият кўрсатаётган номутахассис кадрларни тегишли педагогик мутахассисликка қайта тайёрлаш ҳақида низом”га мувофиқ шу фан бўйича ўрнатилган тартибда қайта тайёрлов курсидан ўтишингиз лозим.
* * *
Савол: 2012 йили Тошкент вилоят давлат педагогика институтининг кимё ва экология йўналишини тамомлаганман. Саволларим қуйидагича:
1. Дипломимнинг асл нусхасини қаердан оламан?
2. Мактабда ботаника, зоология, одам ва унинг саломатлиги, биология фанларидан дарс беришим мумкинми?
Баҳром Давронов (Чироқчи тумани)
Жавоб: — Тошкент вилоят давлат педагогика институти фаолияти тўхтатилгани сабабли дипломингиз бўйича Ангрен шаҳар архивига мурожаат қилишингиз мумкин. Иккинчи саволингизга келсак, сиз ботаника, зоология, одам ва унинг саломатлиги, биология фанларидан дарс бериш ҳуқуқига эга бўлишингиз учун Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 3 апрелдаги 90-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими муассасаларида фаолият кўрсатаётган номутахассис кадрларни тегишли педагогик мутахассисликка қайта тайёрлаш ҳақида низом”га мувофиқ шу фанлар бўйича ўрнатилган тартибда қайта тайёрлов курсидан ўтишингиз лозим.
* * *
Савол: Маълумотим олий, мутахассислигим кимё-биология фани ўқитувчиси. 24 йиллик иш стажига эгаман.
2014-2015 ўқув йилида менга кимё фанидан 13 соат дарс ажратишди. Бошланғич синфнинг одобнома фани ўқитувчиси туғруқ таътилига чиққач, унинг 7 соат дарсини менга беришди.
Мен чораклик, йиллик иш режаларини тузиб, йил давомида дарс баённомаларини ёзиб бордим. Дарсларни тўлиқ ўтдим. Синф журналларига баҳоларни ҳам тўлиқ қўйдим. Йил давомида менга номутахассислик бўйича ойлик маош тўлашди. Ўқув йили тугагач, директоримиз туман молия бўлими текшириб, мени номутахассис деб топганини ва йил давомида олган маошимни қайтаришим лозимлигини айтди. Шу сабабли июль ойи учун иш ҳақим ва таътил пулим ушлаб қолинди. Шу тўғрими?
Зилола Камолова (Сариосиё тумани)
Жавоб: — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 279-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан, қонунни нотўғри қўллаш оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас.
* * *
Саволлар:
1. Тариф бўйича инглиз тили дарслари синфни икки гуруҳга бўлиб ўтилади. Иккинчи гуруҳ ўқитувчиси бетоб бўлиб қолса ёки бошқа мутахассис йўқ бўлса, ҳар икки гуруҳга ҳам бир ўқитувчи дарс ўтишига тўғри келади. Шундай ҳолларда қўшиб ўтилган дарслар учун ўқитувчининг ойлик маошига қўшимча пул тўланадими?
2. Инглиз тили ўқитувчиси ўзи ишлайдиган мактабда соатбай дарс берса, унга ойлик маош қандай тартибда тўланади?
3. Инглиз тилидан иккита мактабда дарс берадиган ўқитувчиларга Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан белгиланган устама иккинчи мактабдан ҳам тўланадими?
Ф.Иброҳимова, В.Ғаниева, Г.Бердираҳматова, А.Хўжамбердиева, Р.Намозова, О.Шоймардонова, Ф.Ёдгорова (Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги мактабларнинг инглиз тили ўқитувчилари)
Жавоблар:
1. Амалдаги қонунчиликка кўра, қўшиб ўтилган дарслар учун ўқитувчининг ойлик маошига қўшимча ҳақ тўланмайди.
2. Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарорига асосан инглиз тили ўқитувчиси ўзи ишлайдиган мактабда соатбай дарс берса, унга ойлик маош соатбай тарзда тўланади.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида”ги 490-сонли қарорига мувофиқ чет тили ўқитувчиларининг маошига ҳар ойлик устамалар тайинлаш тартиби ва шартларига асосан инглиз тилидан иккита мактабда дарс берадиган ўқитувчиларга белгиланган устама иккинчи мактабдан ҳам тўланишига рухсат берилади.
Халқ таълими вазирлиги мутахассислари Шерзод Пардаев ва Бухорбой Акрамов
манба: marifat.uz
салом сайт маъмурияти охирги савол яни инглиз тили укитувчилари устамаси иккита мактабдан олинишига рухсат берилганлиги айтиб утилган ва ушбу карор 1994 йили карор у хоизрги тахрири билан хам уз кучига эгами яни хозирда хам устамани икалла мактабдан олса буладими шуни аник еритиб берсангиз илтимос ва яна манбани марифат уз бергансиз иложи булса айнан уша сахифага ссылка бериб юборсангиз электрон манзилга олдиндан рахмат
Савол: Мактабда 1,5 меъёрида ЎИБДЎ штати бор, 0,5 меъёрида ЎИБДЎ бўлиб ишлайдиган ўқитувчи устама олшга хақлими?