Депутат мактабларда ўқиш кунларини бир кунга қисқартиришни таклиф қилди.
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси томонидан ўтказилган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров мактабларда ўқиш кунларини бир кунга қисқартириш кераклиги ҳақида таклиф билдирди.
«Мактабларда ўқиш кунларини бир кунга, яъни шанба кунини қисқартириб, беш кунлик қилиш керак. Бу ҳам ўқитувчиларга, ҳам ўқувчиларга фойда. Хорижда беш кунлик таълим яхши натижа беряпти», — дея фикр билдирган Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида Ўзбекистондаги барча ўқув муассасаларида беш кунлик ўқиш тизими жорий этилиши таклиф қилинганди. Шундан сўнг вазирлик Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига 8 савол берганди.