Халқаро хотин-қизлар кунининг илдизи аёлларнинг эркаклар билан тенг равишда жамоат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқи учун кўп асрлик курашига бориб тақалади. Халқаро хотин-қизлар куни — бу аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ютуқларига бағишланган глобал кун. Шунингдек, бу кунда гендер тенглигини тезлаштириш учун ҳаракатларга даъват этилади. Халқаро хотин-қизлар куни 8 мартда бутун дунёда кенг нишонланади. «Дарё» кун тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳар йили 8 мартда нишонланадиган Халқаро хотин-қизлар куни йилнинг энг муҳим кунларидан бири ҳисобланади. Бу кун ўзида қуйидаги мақсадларни ифода этади:
- аёлларнинг эришган ва эришаётган ютуқларини нишонлаш;
- аёллар ҳуқуқлари тенглиги тўғрисида хабардорликни ошириш;
- гендер тенглиги масалаларини кенг ташвиқот қилиб, тезлаштириш;
- аёллар хайрия ташкилотлари учун маблағ йиғиш.
Халқаро миқёсда таниқли феминист, журналист ва жамоатчилик ҳаракати фаоли Глория Стейнем бу кунни бир пайтлар шундай тушунтирган эди: «Аёлларнинг тенглик учун кураш тарихи ҳеч қандай феминистик тарғиботга ёки бирор давлат, ташкилотга тегишли эмас, балки инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган барча одамларнинг жамоавий ҳаракатларидир».
Бу куннинг ўзига хос ранглари ҳам мавжуд. Халқаро хотин-қизлар кунини ифода этувчи асосий ранглар учта: бинафша, яшил ва оқ ранглар. Бинафша ранг адолат ва қадр-қимматни англатади. Яшил умидни англатади. Оқ ранг гарчи у мунозарали тушунча бўлса-да, покликни англатади. Ранглар 1908 йилда Буюк Британиядаги Аёллар ижтимоий-сиёсий иттифоқи (WSPU) томонидан қабул қилинган.
Бўш кастрюлкалар марши
1857 йил 8 мартда Аёллар социал-демократик ташкилотининг чақириғига биноан Нью-Йоркдаги тўқимачилик фабрикасининг аёл ишчилари Манҳеттен кўчаларида бўш идиш-товоқлар, кастрюлькалар билан юриб, аёлларнинг меҳнатига иш ҳақининг пастлиги, иш шароитининг ёмонлиги ва эркаклар билан тенг ҳуқуқ берилишини талаб қилди.
Ўша пайтда аёллар кунига 16 соатгача ишларди ва меҳнати учун жуда кам иш ҳақи оларди. Унгача 16 соатлик ишга қарши эркаклар ҳам бир неча бор қўзғалон қилган бўлиб, бунинг натижасида 10 соатлик иш куни ва меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилот тузилишига эришган эди. Кейинроқ Қўшма Штатларнинг кўплаб фабрикаларида касаба уюшма ташкилотлари пайдо бўлди ва эркаклар бу уюшмалар аъзолигига қабул қилинди. Аёллар қошиқларни бўш кастрюлькаларга уриб, ўзининг норозиликларини ифода этиб, турли мазмундаги чақириқлар ва шиорлар айтди. Бу маршда 15 мингга яқин аёл қатнашди.
Бу ҳодиса нафақат Америка жамоатчилиги, балки бутун дунёнинг эътиборини тортди. Маршдан бир кун ўтиб Herald Tribune (ҳозирги The New York Times) газетасида «Бўш кастрюлькалар марши» сарлавҳаси остида мақола пайдо бўлди ва бутун дунёга овоза бўлди. 1857 йил 8 мартдан кейин биринчи марта аёллар касаба уюшмаларига аъзо бўлди. Бундан ташқари, шу куни Нью-Йоркнинг кўплаб шаҳарларида юзлаб аёллар сайлов ҳуқуқи берилишини талаб қилиб намойишга чиқди.
1910 йил 27 августда Дания пойтахти Копенгагендаги Бутун Европа аёллар форумида Нью-Йоркдан келган аёллар делегацияси иштирок этди. Делегация таркибида таниқли немис инқилобчиси Клара Цеткин ҳам бор эди. У форумда оташин нутқ сўзлаб, шундай деди: «Нью-Йорк аёллари ҳақ эди, европалик аёллар ҳам бундай талабларни қўйишлари керак. Мен 8 мартни аёлларнинг ижтимоий ҳуқуқлари учун кураш куни деб номлашни таклиф қиламан».
Мана шу нутқ 8 март байрамига асос солди.
Биринчи марта Халқаро хотин-қизлар куни 1911 йил 8 мартда нишонланди. Аста-секин ушбу санани у ёки бу даражада нишонланадиган мамлакатлар сони кўпайиб борди. 1957 йилда БМТда 8 март — Халқаро хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқлари учун кураш куни, деган ёзув пайдо бўлди.
Россияда 1913 йилда 8 мартдаги биринчи аёллар намойиши Европа аёллари билан бирдамликда бўлиб ўтди. 1965 йилда Собиқ Иттифоқда 8 мартни дам олиш кунига айлантиришга қарор қилинди.
Байрамнинг аёллар ҳаётидаги ўрни
Халқаро хотин-қизлар куни тарих яратилишига муносиб ҳисса қўшган барча аёллар учун байрамдир. Тарихда аёллар саҳна ортида жуда кўп эзгу ишларга сабабчи бўлгани ҳам сир эмас. Аммо ХХ аср бошларида аёлларнинг жамоат ҳаётидаги ўрни яққолроқ юзага чиқа бошлади. 1906 йил январь ойида Санкт-Петербургда аёллар учун биринчи рус олий техник таълим муассасаси очилди. Нью-Йоркда 1909 йил январда дунёдаги биринчи аёллар автопойгаси бошланди. 1989 йил апрель ойида аёлларнинг «Вивалди оркестри»нинг биринчи намойиши бўлиб ўтди.
Халқаро хотин-қизлар куни Россия, Шимолий Корея, Хитой ва жуда кўп давлатларда расмий байрам сифатида тан олинган. Дунёнинг бир қанча давлатларида 8 март байрам куни деб ҳисобланмаса-да, лекин ҳар йили у феминистик руҳдаги тарафкашлик билан тобора оммалашиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу сананинг асосий тарғиботчиси БМТдир. 1977 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти иштирокчи мамлакатларни аёллар тенглиги ва дунё тинчлиги ғояларини нишонлаш учун 8 март куни танлаб сайланган эди.
БМТни қўллаб-қувватлаган мамлакатлар, биринчи навбатда, ушбу байрамни аёллар учун муҳим ижтимоий муаммоларни кўтариш учун баҳона сифатида ишлатади. Йилдан йилга БМТ аёллар манфаатларини ҳимоя қилувчи устувор мавзуларни танламоқда. 2013 йилда бу кунда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши чиқиш мавзуси муҳокама қилинган бўлса, 2014 йилда Аёллар учун тенглик — ҳамма учун тараққиёт мавзуси кун тартибига қўйилган эди.
2023 йилда ушбу байрам 113 марта нишонланди.