Тасаввур қилинг: дарс мобайнида бир ўқувчининг тутқаноқ касаллиги бошланиб қолди, ўқитувчи ушбу ҳолатда қандай ҳаракат қилиши зарур, ўқувчилар ўз синфдошига қандай ёрдам беришлари керак? Халқ орасида қуёнчиқ деб юритиладиган эпилепсия касаллиги ҳақида нималарни билиш керак? Медицина фани эпилепсия касаллигини ўрганишда ва уни даволашда қандай йўллардан фойдаланади?
Эпиле́псия (қадимий юнонча ἐπιληψία ёки ἐπίληπτος, «ушланган, ёпишиб олган, юқиб олган»; лотинча epilepsia ёки caduca) — энг кўп тарқалган сурункали неврологик касаллик бўлиб, кутилмаганда титраб қақшайдиган хуружга мойиллик келтиради.
Эпилепсия хасталиги халқ ўртасида нисбатан кенг тарқалган касалликлар қаторига киради. Расмий маълумотларга қараганда, бу касаллик ер юзи аҳолиси ўртасида 0,5-0,6 фоизгача учрайди, яъни ҳар 200-250 кишидан бирида шу дарднинг баъзи аломатлари бўлиши мумкин.
Республикамиз аҳолиси эпилепсияни тутқаноқ ёки қуёнчиқ деб атайди. Ушбу касаллик турли ёшдаги кишиларда учраса-да, кўпроқ болалар ва ўсмирлар бу дарддан изтироб чекишади. Эпилепсия дабдурустдан хуружга киради. Хуруж пайтида бемор беҳосдан ҳушидан кетиб қолади; қўл-оёқ ва тана мушаклари қаттиқ тортишади. Бу ҳуруж фақат 3-5 дақиқа давом этса-да, аммо беморни ниҳоятда оғир аҳволга солиб қўяди; бу эса атрофдагиларда дард гўё 20-30 дақиқа давом этгандек таассурот қолдилади. Одатда, хуруждан сўнг бемор бир неча дақиқа давомида ёки бир соатча уйқуга кетади. Бошқа хасталикларда, чунончи, ҳомиладор аёллар токсикози ҳамда кичик ёшдаги болаларда бот-бот учровчи спазмофилия – шайтонлаш касалликларида ҳам шундай хуружлар бўлиши мумкин; аммо аксарият ҳолларда хуруждан кейин уйқу элитмайди.
Ўн олти ёшгача бўлган мингта боладан тахминан еттитаси шу касаллик билан хасталанган. Катта ёшдаги инсонларга келсак, уларнинг икки юзтасидан биттасида шу дард кузатилади.
Кўп ҳолларда тутқаноқ хуружлари энди туғилган чақалоқларда тана ҳарорати юқори бўлганда кузатилади. Лекин бу хуружларнинг кузатилиши инсонда кейинчалик эпилепсия касаллигини келтириб чиқаради дегани эмас. Бундай касаллик ҳар қандай ёшдаги одамда бўлиши мумкин. Лекин бу хасталикка кўпроқ ўсмир ёшидаги инсонлар рўбарў бўладилар.
Эпилепсия касаллиги билан хасталанган беморларнинг етмиш беш фоизини йигирма ёшгача бўлган беморлар ташкил этади. Йигирма ёшдан ошган беморларда эса тутқаноқ хуружларининг кузатилиши асосан турли хилдаги жароҳатларга ёки инсульт(бош мия қон томирларида қон айланишининг бузулиши)га боғлиқ бўлади.
Эпилепсиянинг келиб чиқишини тушунтириб берадиган бир умумий сабаб мавжуд эмас. Эпилепсия – наслий касаллик эмас, аммо қариндошлари шу хасталик билан касалланган баъзи бир оилаларда бу касалликнинг учраш эҳтимоли юқори. Беморларнинг 40 фоизида яқин қариндошлари шу касалликка чалинган бўлади. Тутқаноқ хуружларининг бир неча хил тури мавжуд. Уларнинг оғирлиги ҳам турлича кечади.
Тутқаноқнинг келиб чиқишида бош миянинг ярми шикастланган бўлса, парциал ёки фокал ҳисобланади. Агар бош миянинг ҳамма қисми хасталанса, унда бу хуруж генераллашган хуруж деб аталади. Яна аралаш хуружлар ҳам бор: улар олдин бош миянинг ярмидан бошланиб, сўнг бутун мияни коплайди.
Афсуски, етмиш фоиз ҳолларда касалликни келтириб чиқарувчи сабаблар мавҳумлигича қолиб кетмокда.
Касалликни келтириб чиқарувчи қуйидаги сабаблар тез-тез учраб туради: бош мия жароҳати, инсульт, бош мия ўсмаси, туғруқ жараёнида кислород ва қон-томир етишмовчилиги, мия тузилишининг бузилиши (мальформациялар), менингит, вирус ва паразитар касалликлар, мия абсцесси (йиринглаши).
Касалликка ташхис қўйиш учун шифокор бемордаги касалликни ҳамда ирсий хасталик сабабларини текширади. Аниқ ташхис қўйиш жуда мураккаб. Бунинг учун шифокор кўп босқичли текширувни амалга ошириши лозим. Касалликнинг белгиларини текширади. Тутқаноқ хуружининг учраш сонини аниқлайди. Хуруж батафсил таърифланади. Бу эса унинг кечиш жараёнини аниқлашга ёрдам беради. Чунки, хуружни бошдан кечирган одам ҳеч нарсани эслай олмайди. Сўнг, электроэнцефалография (ЭЭГ) қилиниши лозим. Бу орқали бош мия фаолияти текширилади. Бундан ташқари, компьютер томография ва магнит-резонанс томография каби текшириш усуллари ҳам қўлланилиши мумкин.
Агар касаллик тўғри даволанса, саксон фоиз ҳолларда бундай одамлар тутқаноқ хуружисиз ва фаоллиги чегараланмаган ҳолда яшайдилар.
Кўпгина инсонларга тутқаноқ хуружининг олдини олиш мақсадида умри давомида тутқаноққа қарши (антиэпилептик) препаратларни ичиш тавсия қилинади. Баъзи ҳолларда, агар беморда бир неча йил давомида касаллик хуружи қайталанмаса, ўтказилган ЭЭГ кўрсаткичлари меъёрда бўлса, шифокор тутқаноққа қарши препаратни бекор қилиши мумкин.
Эпилепсиянинг хавфли тарафларидан бири шундаки, катта тутқаноқ хуружи пайтида бўғилиб қолиш (беморнинг юзи билан ёстиққа ётиб қолса, ва ҳоказо ҳолатларда) ёки бўлмаса йиқилиб тушиш натижасида қаттиқ жароҳат олиши, бу эса ўлимгача олиб келиши мумкин. Ундан ташқари, катта тутқаноқ хуружлари қисқа вақт оралиғида ривожланиши мумкин. Бу эса ўз навбатида хаста кишида нафас олишнинг тўхташига олиб келади.
Генераллашган (марказлашган) тонико-клоник (аъзои баданнинг тиришиб қолиши) хуружларга келсак, уларинг оғир кечиши ўлим билан тугаши мумкин. Бундай хуружлар кузатиладиган беморлар доимо яқинлари назоратида бўлишлари керак.
Эпилепсия билан хасталанган инсонлар дуч келадиган муаммо – бу атрофдаги бошқа одамларни хуруж пайтида қўрқитиб юборишидир. Болаларда эса бу ҳолат, синфдошлари, дўстларининг четлашиши билан кузатилади. Ундан ташқари бу хасталик сабабли болажонлар спорт ўйинлари ва мусобақаларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Антиэпилептик давони тўғри танланганлигига қарамасдан, болаларда дарсларни ўзлаштиришда қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкин. Баъзи инсонларни қайсидир иш фаолият туридан чеклашга тўғри келади. Масалан: автомобиль бошқарувидан. Эпилепсиянинг оғир турида инсон ўзининг руҳий ҳолатини назорат қилиб бориши лозим. Чунки, руҳий ҳолат эпилепсия касаллигини ажралмас қисми ҳисоблланади.
Агар ҳозирда даволаш тадбирлари туғри йўналишда олиб борилса, беморда тутқаноқ хуружлари кузатилмайди. У ҳамма қатори бирдай соғлом ҳаёт тарзини олиб бориш имконига эга бўлади. Даволашдан мақсад, тутқаноқ хуружларини бутунлай йўқолишига қаратилган бўлиши керак. Ҳозирги вақтда бу касалликни бир нечта препаратлар билан даволаш йўлга қўйилган. Уларнинг баъзилари миянинг фақатгина бир қисмига, яъни эпилепсиянинг маълум бир турига таъсир кўрсатиши мумкин. Дорининг асоратлари беморларда турли хил намоён бўлади. Шунинг учун бундай препаратларни қабул қилиш жараёнида шифокор тавсиясига амал қилиш зарур.
Эпилепсия касаллиги мавжуд аёллар ҳомиладорликдан олдин ва кейин врач кўригидан ўтишлари шарт. Ҳомиладорлик пайтида антиэпилептик препаратларни бирданига тўхтатиб қўйиш қатъиян тақиқланади.
Агар дори воситалари билан даволаш ёрдам бермаса, бошқа усулга ўтиш мумкин. Миянинг шикастланган қисмини жарроҳлик операцияси ёрдамида олиб ташлаш зарур. Лекин бунинг учун махсус тиббий ускуналар ёрдамида ўтказиладиган юқори технологияли текширув усуллари, ҳамда умуман бошқа анализлар ўтказилиши лозим.
Тутқаноқ тутаётган беморларга хуруж пайтида қандай ёрдам беришимиз мумкин?
Эътибор беринг!
Демак, хаста киши бирданига йиқилиб қўл ва оёқларини ноаниқ ҳаракатлантираётган бўлса, бошини орқага ташлаётган бўлса, кўз қорачиқларига эътибор беринг. Агар улар кенгайган бўлса, демак бу эпилепсия хуружи тутганидан далолат беради.
Биринчи навбатда атрофдаги беморни устига тушиб кетиши мумкин бўлган ўткир ва қаттиқ буюмларни четга суриб ташланг. Кейин беморни қорнига ўгиринг ва бошининг тагига биронта юмшоқ буюм қўйинг, бу жароҳатнинг олдини олади. Агар бу пайтда беморда қусиш кузатилса унинг бошини ёнга буринг, бу қусиқ нафас йўлига кетишининг олдини олади.
Бемор тилини тишлаб олмаслиги учун унинг тишлари орасига қаттиқ нарса қўйилади. Агар бу буюм рўмолчага ўралган қошиқ бўлса мақсадга мувофиқдир. Эпилептик хуруж пайтида беморга сув берманг, ҳамда уни мажбуран ушлаб туришга ҳаракат қилманг. Атрофдаги одамлардан шифокорни чақиришларини илтимос қилинг.
Хуружларнинг қайталаниши турлича содир бўлади. Кузатишлардан маълум бўлишича, қайталанишнинг такрорланиши қуёш нурининг фаоллигига боғлиқ. Эпилепсия хуружларининг учдан икки қисми ер шариннг шимолида яшовчи халқлар орасида март-август ойларига тўғри келади. Сабаби, бу даврда қуёшнинг фаоллиги айниқса жунбишга киради. Шунинг учун ҳам аждодларимиз бу хасталикни қамар (ой) касаллиги, хусусан само касаллиги деб ҳам юритишган.
Кўпгина беморларда, хусусан болаларда, эпилепсиянинг бу тартибдаги катта хуружлари билан бир қаторда “кичик” хуружлари ҳам бўлиб туради. Ана шу хуружлар пайтида бемор бир неча дақиқага ҳушидан кетади, аммо йиқилмайди, лекин шу вақт орасида қимир этмай қотиб қолади. Беъзан ўзи сезмаган ҳолда шартли ҳаракатлар ҳам қилади, бир неча бор аксиради ёки йўталганга ўхшаш ҳаракатда бўлади. Шуни айтиб ўтиш керакки, кичик ёшдаги болаларда бундай хуружлар кунига 3 – 5 маротаба ва ундан ортиқроқ қайталаниши мумкин.
Шифокор олимлардан бирининг таърифига кўра, соғлом кишининг умри алангаланиб ёнаётган гулханни эслатса, эпилепсия билан оғриган кишининг ҳаёти бурқсиб тутаётган оловга дўхшайди. Кўп йиллик муттасил кузатишларга қараганда, хуружлар қанчалик тез-тез бўлиб турса, беморларда шунчалик руҳий ўзгариш тез бошланиб кетади.
Эътибор беринг!
Шуни уқтириб ўтмоқ керакки, эпилепсия билан оғриган беморларда маълум руҳий ўзгаришлар, хусусан ақл-идрокнинг сусайиши ҳаммада ҳам бирдек бўлавермайди. Эпилепсия билан оғриган, аммо ўзининг буюк кашфиётлари ва ишлари билан тарихда ном қолдирган юзлаб кишилар бўлган. Масалан, Гай Юлий Цезар, Франция императори Наполеон, рус ёзувчиси Ф.М.Достоевский ва бошқалар шулар жумласидандир.
Эпилепсия касаллиги ҳақидаги дастлабки маълумотларни илмий тиббиётнинг асосчиси Буқрот асарларидан топамиз. У ўзининг «Илоҳий касаллик ҳақида» трактатида эпилепсия касаллигининг пайдо бўлишига асосий сабаб бош миянинг зарарланиши эканлигини кўрсатиб ўтган эди.
Шарқ тиббиётининг буюк намоёндаси Ибн Сино эпилепсия умумий касаллик бўлиб, у бир хилда ўтмайди, умумий асаб бузилиши, хусусан баъзи мижозий номутаносибликлар билан кузатилади, деб изоҳлайди.
ХХ аср бошларидан касалликларнинг, шу жумладан эпилепсиянинг келиб чиқиши И.П. Павловнинг нервизм назарияси асосида ўрганила бошланди.
Клиник ва нейрофизиологик текширишлардан ҳар бир беморнинг бош миясида эпилепсияга хос зарарланган қисм – “эпилепсия манбаи” бўлиши аниқланган. Баъзи касалларда бундай “эпилепсия манбаи” бир нечтагача бўлиб, ҳаммаси ҳам асосан бош мия ярим шарида, хусусан миянинг чакка бўлагида жойлашган бўлади. Умуман, бош мия чакка қисмининг турли таъсиротлар натижасида зарарланиши эпилепсия касаллигига сабаб бўлувчи омиллардан биридир.
Текширишлар шуни кўрсатадики, ҳар уч нафар эпилепсия билан оғриган кишининг бирида бош миянинг чакка қисми зарарлангани аниқланмоқда ва шунга қараб маълум даволаш чоралари кўрилмоқда. Одатда касаллик хуружини юзага келтирувчи “эпилепсия манбаи ёки манбалари” бош миянинг бошқа қисмидагидан фарқланмайди, ҳатто микроскоп остида ҳам мия тўқималарининг зарарлангани топилмайди. Фақат мия фаолиятини электроэнцефалографлар (миянинг биотокларини ёзиб олувчи аппарат) ёрдамида текширилса, шундагина бу зарарланган қисмлар яққол кўриниб туради.
Мия чакка қисмининг бундай кўп зарарланиши – бола дунёга келиши пайтида ва туғилгандан сўнг турли инфекцион касалликлар ва интоксикациялар натижасида ҳосил бўлади. Кейинчалик эса болаларда тез-тез учраб турадиган ўпка шамоллаши, баъзи юқумли касалликлар, хусусан муртакнинг сурункали яллиғланиши (тонзиллит) ва ёшлик бошдан кечирилган хасталиклар, кўпинча бош мияда “ўз изини” қолдиради. Демак, турли касалликлар, жароҳатланиш (калла ва бош миянинг шикастланиши) мияда аста-секин “эпилепсия марказини” вужудга келтиради. Ажабланарлиги шундаки, миядаги мана шу “касаллик манбаи” маълум вақтгача ўзини билдирмай, яширин ҳолатда “яшайди”. Маълум вақт ўтгандан сўнг (бу давр ойлар ва йиллар давомида давом этиши мумкин) бирон-бир ҳолатдан, масалан ҳаяжонланишдан ёки шамоллашдан сўнг касалликнинг биринчи хуружи бошланади. Кейинчалик эса эпилепсиянинг хуружлари бирон бир сабабсиз, вақти-вақти билан, баъзан эса бутунлай бетартиб ҳолатда қайталанаверади. Касаллик қанчалик ўз вақтида билинса, унинг келиб чиқиш сабаблари аниқланса, даволаш чоралари ҳам енгиллашади. Чунки, кузатишлардан маълум бўлишича, эпилепсия қанчалик узоқ давом этса, бош миядаги “эпилепсия манба”ларининг сони ҳам ортиб боради, миядаги патологик жараён чуқурлашаверади, демак даволаш чораларининг нафи ҳам унчалик тегмаслиги мумкин.
Бош мия турли касалликларда ва шикастланишдан зарарланиб туради, аммо бу жароҳатларнинг ҳаммаси ҳам эпилепсияга олиб келмайдику, деган савол туғилиши табиий. Ҳа албатта. Бу касалликнинг пайдо бўлишига киши бош миясида “эпилепсия манбаи” билан бир қаторда қандайдир махсус шароит, мослашув бўлиши шарт. У ҳам бўлса, бу шахсларнинг бош мия моддасининг (ҳужайралари ва бошқа тўқималари) эпилепсия хуружларига тайёр ҳолатидир. Мана икки шароит – бош мия тўқималарининг эпилептик тортишларга тайёр ҳолати ва бирор жароҳатланишдан сўнг миядаги “эпилептик манба”нинг пайдо бўлиши бу оғир ва узоқ давом этувчи касалликни келтириб чиқарар экан.
Эпилепсиянинг ирсий касалликларга алоқадорлиги, яъни наслдан-наслга ўтиши масаласига ҳам миянинг эпилепсия хуружларига тайёр ҳолати нуқтаи назаридан қараш керак бўлади. Кўп вақтлардан бери эпилепсия ирсий касалликлар қаторига киритилган ва авлодларда учраган бу касаллик албатта кейинги аждодларга ўтиши шарт деб ҳисобланган. Аммо текширишларда эпилепсиянинг наслдан-наслга ўтиши шарт эмас, балки мумкинлиги аниқланган. Бош миянинг бундай эпилепсия хуружларига “тайёр ҳолати” негизида мия тўқималаридаги модда алмашинувининг пича ғайри табиийлиги ётса керак деб тахмин қилинади. Ана шу миядаги модда алмашинувининг бу касалликка мойилроқ хусусиятлари наслдан-наслга ўтиши мумкин.
Демак, шифокорларнинг фикрича, эпилепсия касаллигининг вужудга келишида ирсий белгилар маълум роль ўйнаса-да, аммо бу хасталикнинг асосий омиллари бош мияни ташқи муҳитнинг турли таъсирларидан (инфекция, интоксикация, травма) зарарланиши деб тушунмоқ мақсадга мувофиқ. Шунинг учун ёшликдан бошлаб калла ва бош мияни турли жароҳатланишлардан сақлаш, организмда учрайдиган баъзи сурункали яллиғланиш касалликларини ўз вақтида даволаш, шу касалликнинг олдини олиш учун эҳтиёт чораларини кўриш асосий тадбирлардан ҳисобланади.
Эпилепсиянинг олдини олиш ва уни даволаш шаҳарларда психоневрологик шифохоналар, туманларда эса невропатологлар ва психоневрологлар зиммасига юклатилган. Даволашга киришишдан олдин ҳар бир кишида хасталикнинг сабабини аниқламоқ зарур. Шу билан бирга, биринчи навбатда, бемор организмидаги турли яллиғланиш касалликлари ва бошқа патологик асоратларни даволаш керак. Шундан сўнг зарур дори-дармонлар билан даволашга ўтиш мумкин. Эпилепсияга қарши муолажа чоралари кўп бўлса-да, ҳар бир беморга унинг организмива ҳолатига мос келадиган дориларнинг маълум туригина таъсир кўрсатади. Мана шунинг учун ҳам бемор ҳамиша врач назоратида бўлмоғи ва узлуксиз даволанмоғи мақсадга мувофиқдир.
Эътибор беринг!
Эпилепсиянинг баъзи турлари операция йўли билан даволанади.
Ҳар бир касалликнинг сабаби аниқ бўлса ва ўз вақтида шифокорларга мурожаат этилса, унинг даволаш чораларини топиш мумкин бўлади. Бу гап эпилепсияга ҳам боғлиқ. Республикамиз шаҳарларида, туманларида яхши жиҳозланган, замонавий аппаратлар билан таъминланган касалхоналар, поликлиникалар, диспансерлар мавжуд. Бу шифохоналарда юқори малакали мутахассислар ишламоқда.
Агар бемор синчиклаб, ҳар тарафлама текширилса, бу дардни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш мумкин бўлади. Сабаби аниқлангач, даволаш ҳам осон ўтади.
Very useful information. Thank you very much Admin!