Умумтаълим мактаби тўғрисида низом - Ta’lim / Образование

Умумтаълим мактаби тўғрисида низом

Ўзбекистон Республикасининг умумтаълим мактаби тўғрисида низом
I.Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон умумтаълим мактаби ўз фаолиятида «Таълим тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, шу қонунга мувофиқ қабул қилинадиган бошқа қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Низомга амал қилади.

2. Умумий таълим мактаби узлуксиз таълим тизимининг асосий бўғини ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига давлат умумтаълими андозалари доирасида бепул умумий таълим олишнинг кафолатланган ҳуқуқи ва имкониятини беради.

3. Умумтаълим мактаби фаолияти демократия ва инсонпарварлик, ҳаммабоплик, умуминсоний қадриятлар устуворлиги, халқнинг илмий ва маданий анъаналари, ўқитишнинг дунёвий характери, сиёсий партиялар ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар таъсиридан холилик, иқтидор ва илмни рағбатлантириш, ўқувчи ва педагог шахсини ҳурмат қилиш тамойиллари асосига қурилади.

4. Умумтаълим мактабининг асосий мақсади – ўқувчиларни ҳар томонлама ривожланган, маданиятли шахс сифатида шакллантириш, шунингдек, жамиятда ўзларининг мустақил ўрнини топиш, онгли равишда таълим ва касблар бўйича дастурларни танлаш, уларни ўзлаштириш учун асос яратиш, жамият, оила ва давлат олдида ўз масъулиятларини ҳис қила оладиган шахсларни тарбиялашдан иборатдир.

5. Умумтаълим мактаби таълим-тарбия ишларини ҳар бир шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширади, ўқувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, шу жумладан, уларнинг ўз устида мустақил ишлашлари ҳамда қўшимча билим олишлари учун имкониятлар яратилишини таъминлайди.

6. Мактаб таълим олувчиларнинг илмий билимлар, ишбилармонлик асосларини, меҳнат ва бошланғич касб кўникмаларини эгаллашларини, шунингдек, уларнинг ўзига хос қобилиятлари ва ахлоқий сифатларини ривожлантиришни таъминлайди.

7. Мактаб фуқароларнинг миллий-маданий эҳтиёжларини қондиришда кўмаклашишга, миллий қадриятларнинг тикланишига, барча миллат вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни тарбиялашга, ёшларда фуқаролик туйғусини шакллантиришга, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга даъват этилган.

8. Давлат мактаб фаолияти ва уни ривожлантиришнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий асосини кафолатлайди, унинг моддий-техник, молиявий ва бошқа эҳтиёжларининг қондирилишини таъминлайди, илмий-техника ва ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ равишда ўзгарувчан таълим андозаларини, барча турдаги умумтаълим мактабларида таълим даражали ва ўқув соатлари ҳажмига қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.

9. Умумтаълим мактаби мустақил юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, тўртбурчакли штампга ва белгиланган намунадаги пешлавҳага эга бўлади.

10. Мактаб ҳокимият ва бошқарув органлари, ота-оналар ва педагогик жамоатчилиги олдида шахснинг таълимга бўлган конституцион ҳуқуқининг амалга оширилиши, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг танланган шакллари ўқувчилар ёшининг руҳий-физиологик хусусиятларига, соғлиқни сақлаш талабларига мувофиқ келиши, ўқувчилар томонидан ўқув материалларининг қўйилган талаблар асосида сифатли ўзлаштирилиши учун масъулдир.

11. Мактаб таълим бериш тилини тегишли органлар билан келишган ҳолда, ўз имкониятларидан келиб чиқиб ўқувчилар ва ота-оналар (ёки уларни ўрнини босувчи шахслар)нинг истакларини ҳисобга олиб белгилайди. Мактабда таълим берилаётган ўз она тилларидан ташқари ўқувчилар давлат (ўзбек, Қорақалпоғистонда – қорақалпоқ) тилини ва хорижий тилларни ўрганишга мажбурдирлар.

12. Умумий таълимнинг ҳамма учун тенглигини таъминлаш, ўқувчиларнинг қизиқишлари ва қобилиятларини ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, ўқувчилар ичидан энг иқтидорлиларни ҳар хил турлари (мактаб комплекс, лицей, гимназия, иқтидорли болалар учун мактаб, катта ёшлилар таълим маркази ва бошқалар) ташкил қилиниши мумкин. Улар ўз фаолиятларида мазкур Низомга ва ўз низомлари ҳамда уставларига амал қиладилар. Мактаб турини танлаш унинг Кенгаши (педкенгаш) томонидан маҳаллий ҳокимият ва таълимни бошқариш органлари билан келишган ҳолда амалга оширилади.

13. Мактабларни ташкил қилиш, қайта ташкил этиш ( турини ўзгартириш), шунингдек, унинг фаолиятини тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 августдаги 406-сон қарори билан тасдиқланган Давлат таълим муассасаларини ташкил қилиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

14. Ушбу Низом асосида ҳар бир мактаб жамоанинг хусусиятлари ва тараққиёт истиқболларини, мактаб жамоа аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчларини, мактабнинг фаолият қоидаларини белгилаб берувчи ўз Уставини ишлаб чиқади.

15. Мактаб Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 августдаги 406-сон қарори билан тасдиқланган Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш тўғрисидаги Низомга мувофиқ аккредитация қилинганлигини тасдиқлаш мақсадида вақти-вақти билан аттестациядан ўтказилади.

16. Фуқароларнинг хатлари, шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги белгиланган тартибда олиб борилади.

II. Таълим-тарбия жараёнининг тузилиши ва уни ташкил қилиш

1.Умумий таълим мактаби ўқитиш жараёнини ўқувчиларни ривожлантириш умумтаълим дастурларининг уч босқичи даражасига мувофиқ амалга оширади:

I босқич – бошланғич таълим (4 йил);
II босқич – таянч таълим (5 йил);
III босқич – ўрта таълим (2-3 йил).

2. Турли босқичдаги мактаблар, шунингдек, кечки мактаблар маҳаллий шароитларни ҳисобга олган алоҳида ёки ягона комплекс ташкил қилиниши ва жойлаштирилиши мумкин. Кечки мактабларни ташкил қилиш учун ўқувчилар сони етарли бўлмаган тақдирда ёшлар учун умумий таълим мактаби негизида кундузги синфлар ва сиртқи гуруҳлар очилиши мумкин.

3. Зарурат бўлганда ва керакли шарт-шароитлар яратилган мактаблар қошида ўқувчилар учун тегишли штат билан интернат (ётоқхоналар)лар, ихтиёрийлик асосида бутланадиган куни узайтирилган ёки бир кунлик гуруҳлар ташкил қилинади.

4. Бошланғич таълим (I босқич) ўқиш, ёзиш, ҳисоблаш, ўқув фаолиятининг асосий билим ва кўникмалари, назарий фикрлаш элементлари, нутқ ва хулқ маданияти асосларини эгаллашни ҳамда шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзини таъминлашга даъват этилган. Бошланғич таълим таянч таълим олиш учун асос ҳисобланади.

5. Биринчи синфга 6-7 ёшга тўлган, таълим олиш учун руҳан ва жисмонан тайёр бўлган, 5 ва 6 ёшлигида тиббий-педагогик комиссия ва мактаб руҳшунослик хизмати кўригидан ўтган болалар қабул қилинади. Болаларни қабул қилиш, одатда, ўқув йили бошлангунга қадар амалга оширилади ва мактаб бўйича буйруқ билан расмийлаштирилади.

6. Таянч таълим (II босқич) ўқувчи шахсининг шаклланиши, унинг ижтимоий ўзлигини англашга бўлган истаги, қизиқиши ва қобилиятини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади. Таянч таълим ўқувчиларни ўрта таълимнинг хилма-хил турларини танлашга тайёрлайди ва мустақил ҳаётга тўла маънода қўшилиш учун зарур бўлган умумий таълим пойдеворини яратади. 9-синф ҳажмидаги таянч таълим мажбурийдир ва у ўқувчиларга ўрта таълим муассасаларида, III босқичдаги ўрта таълимларда, турли хил ҳунар ҳамда ўрта махсус ўқув юртларида таълим олишни давом эттириш, худди шу каби меҳнат фаолиятини бошлаб ҳамда уни истаги бўлган тақдирда кечки (сменали) ўрта умумтаълим мактабларида, катталарга таълим бериш марказларида ўқишни давом эттириш имконияти билан уйғунлаштириш ҳуқуқини беради.

7. Ўрта таълим (III босқич) ўқувчиларга табақаллаштирилган ва уйғунлаштирилган фанлар асосида умумий ўрта таълим бериш жараёнини якунлайди. Асосий фанлардан ташқари, ўқувчилар хоҳиш-истаклари ва қизиқишларини ҳисобга олиб, уларнинг қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган қўшимча фанларни ўқитишни ташкил қилади.

III босқич мактабларига ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади. (Мактаб (педкенгаши) кенгаши қарорига кўра кириш имтиҳонлари, тест синовлари ёки суҳбат ўтказилади). Тегишли имкониятлар бўлган тақдирда Мактаб (педкенгаши) кенгаши ўқувчиларнинг талаб ва истакларини ҳисобга олган ҳолда мактабда бир ёки бир нечта касбга йўналтирувчи таълимни жорий этиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин (умумий, ижтимоий, физика-математика, Кимё-биология, техника, қишлоқ хўжалиги, бадиий йўналишдаги ва бошқалар). Бу ҳолатда меҳнат тайёргарлиги таълим ихтисоси, миллий ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ташкил қилинади. Мактаб (педкенгаш) кенгаши қарорига кўра у ҳамма ўқувчилар учун шарт бўлмаган касб таълими шаклида бўлиши мумкин.

8. Янги турдаги ўқув муассасалари (гимназия, лицей, иқтидорли болалар мактаблари ва бошқаларга) га ўқувчилар уларнинг уставлари талабларига мувофиқ қабул қилинади.

9. Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар умумий таълим мактабларига умумий асосларда шартномалар ва битимлар билан белгиланган тартибда қабул қилинадилар.

Ҳукуматлараро тузилган маданий, илмий ҳамкорлик битимлари ва режалари асосида умумий таълим мактабларига қабул қилинган хорижий фуқаролар, агар битим билан бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, республика қонунларида ва мазкур Низомда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятлар оладилар.

10. Мактабдаги таълим-тарбия ишлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади. Ўқув-тарбия жараёни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тегишли давлат таълими андозалари даражасига мувофиқ ўқувчиларга таълим берадиган, педагогик жиҳатдан асосланган ўқув режалари, дастурлари, воситалари ва услублари ўқитувчи томонидан танлаб олинган асосга қурилади.

 

Leave a Reply