Оила муқаддас даргоҳ, уни осойишта ва мустаҳкамлигини сақлаш оила аъзоларининг бурчи ва вазифаси ҳисобланади. Фарзандга тўғри тарбия бериш, уларни аҳил-иноқлиги, бир-бирига ишонч, ўзаро ҳурмат, эътибор ёки келажакда даҳо бўлишида ота-оналарнинг ўрни беқиёсдир, чунки ҳар бир фарзанднинг характери, қобилияти ва темпераменти ўзига хос хусусиятга эга бўлиб улар алоҳида ёндашувни талаб этади.
“Ўнта бўлса ўрни-қирқта бўлса, қилиғи бошқа,”-деб, бекорга айтишмаган доно халқимиз. Боланинг индивидуал психологик хусусиятларини эътиборга олган ҳолда, ота-она оилада шундай тартиб-интизом ўрнатиши керакки, кун давомида боланинг бўш вақти бекор қолмасин, чунки бола бўш қолди дегунча вақтини бекорчи нарсаларга сарфлайди. Бунинг учун бола кун тартибини мазмунли ташкил этиш юзасидан маслаҳатлар бериш, назоратга олиш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаши лозим, чунки ҳар бир рағбат болада ўз-ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Шунинг билан бир қаторда баъзи оилаларда болаларга бўлган эътиборсиз ва лоқайдлик носоғлом муҳитнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда ва бу бола руҳиятига ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди. Жумладан, ота-онанинг болалар олдида тез-тез жанжаллашуви, ўзаро ҳурматсизлик, қўпол муомала болани камгап, қўрқоқ, жиззаки, одамови бўлишига cабаб бўлади, натижада кўпчилик олдида фикрини баён этишга қийналади, энг ачинарлиси бола оиладан кўра кўпроқ кўчада бўлишни афзал кўради.
Бола “ўтиш ёши”да ташқи таассуротларга тез берилади, агар ота-она томонидан назорат сусайтирилган ёки ўрнатилмаган бўлса, боланинг мактабга, фанларни ўзлаштиришга бўлган қизиқиши пасаяди, оила аъзоларига муносабатлари ўзгаради, ўзи билмаган, сезмаган ҳолида “кўча болалари”га қўшилиши мумкин. Тўғри ота-она фарзандига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди, аксинча, келажакда яхши инсон, яхши касб эгаси бўлсин деб яхши ниятлар қилишади. Аммо юқоридаги каби ҳолатлар ўз вақтида олди олинмаса бола тарбиясини издан чиқариши мумкин.
Жадал ривожланиб бораётган мамлакатимизда одамларнинг дунёқараши, фикрлаши ўзгарди, ота-оналар фарзандининг қизиқиш, қобилиятига қараб мутахассислардан маслаҳат оладиган, улар билимини мустаҳкамлаш учун малакали репититорлар хизматидан фойдаланадиган бўлишди. Оилада ҳар бир фарзанднинг қизиқиши, қобилият ва лаёқати турлича бўлади.
Масалан, баъзи болалар борки, ёшлигидан бирор бир касбга қизиқадилар, баъзилари эса кечикиброқ касб танлайдилар. Ота-онанинг вазифаси фарзанди бирор-бир касбни танламаган бўлса, фарзандининг қизиқиш, қобилият, имкониятини ўрганиш асосида касб танлашда меҳнат бозоридаги талабларнинг ривожланиши, ҳозирги кунда мавжуд ва янги касблар, мутахассисликлар тўғрисида маълумотлар бериш орқали келгусида мустақил касб-ҳунарни танлашларига кўмаклашишлари лозим.
Шунинг билан бирга самарали касб-ҳунарга йўналтиришда синф раҳбарлари, фан ўқитувчилари ва тўгарак раҳбарлари билан ҳамкорлик ўрнатиш аниқ бир касбни танлашига ва қатъий қарор қабул қилишига ёрдам беради.
“Бола бошидан!” – дейди доно халқимиз. Фарзанд тарбияси ота-она берган тарбияга қараб баҳоланади. Жумладан, “Сени тарбиялаб вояга етказган ота-онангга раҳмат!” ёки аксинча “Нима эксанг, шуни ўрасан!”, “Вақтинг кетди, нақдинг кетди!”, “Саёқ юрсанг, таёқ ейсан!” каби ҳикматли сўзларни бежиз ишлатишмайди. Ҳақиқатдан ҳам, фарзанднинг одобли ёки одобсиз бўлишида ота-она, мактаб жамоасининг ўрни каттадир. Шундай экан, фарзанд тарбиясига фақат ота-она масъул бўлиб қолмасдан, балки бутун маҳалла, мактабда фаолият юритаётган барча мактаб жамоаси масъул бўлиб ҳамкорликда иш олиб боришса мақсадга мувофиқ бўлади, чунки фарзанд тарбияси – бу оила, жамият, миллат тарбияси.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, оила тинчлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун бола туғилганидан бошлаб унга тарбия бериш йўллари ҳақида ўйлашимиз керак. Шу жумладан, ҳар бир ота-она келажакда мамлакатимиз равнақига ҳисса қўшадиган фарзандни тарбиялашни ўзининг муносиб бурчи ва вазифаси деб билмоғи даркор.
Қиссадан ҳисса қилиб шуни айтиш мумкинки, оила тинч бўлса, юртимиз тинч, жамиятимиз фаровон бўлади, оила пойдевори мустаҳкам бўлса, жамиятимиз мустаҳкам бўлади.
Муҳайё Розиқова
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика Ташхис Маркази методисти.