Метод бирлашма хужжатлари (дафтар, низом)

Мактабда услуб (метод) бирлашма нима мақсадда тузилади ва асосий вазифалари нималардан иборат? Ўқитувчилар учун қулайлик туғдириш мақсадида ушбу саҳифада «Методбирлашма ҳужжатларини юритилиши бўйича кўрсатма» ва «Умумий ўрта таълим мактаби фан методбирлашмалари тўғрисида низом»ни юкладик.

Методбирлашма ҳужжатларини юритилиши бўйича кўрсатма

 

1. Методбирлашманинг йиллик иш режасининг 1 бандига ўқув йилида амалга ошириладиган ишларнинг мазмуни ёзилади.(амалга ошириладиган ишлар режасини ёзишда вазифаларнинг кетма-кетлигига эътибор қаратинг), 2 бандига бажарилиш муддати ва 3 бандига амалга оширилиши учун масъул шахснинг исми, шарифи ёзилади.

2. Иш режанинг мониторинги бўлимининг 1 бандида иш режадаги амалга оширилиши режалаштирилган ишларнинг мазмуни айнан кўчирилади, 2 бандига 1 бандда келтирилган вазифаларнинг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар аниқ маълумотларга асосланган ҳолда ёзилади.

3. Методбирлашма йиғилишлари бўйича маълумотлар бўлимида ҳар ойда бир марта ўтказиладиган методбирлашма йиғилишларида кўриладиган масалаларнинг аниқ мавзулари тўлиқ ёритилган ҳолда ёзилиши керак. Йиғилишларнинг кун тартибига қўйиладиган масалалар энг аввало таълим янгиликларига оид, Ҳукуматимиз томонидан чиқарилган таълим-тарбияга оид қарор ва буйруқлар билан танишиш, таълим-тарбия жараёнида олиб бориладиган фаолият юзасидан таҳлиллар, фанга оид янгиликлар, ўзаро методик ёрдамнинг ташкил этилишига оид масалалар киритилади.

4. Йиғилишда кўрилган масалаларнинг ижроси мониторинг бўлимига 1 бандида кўрилган масалалар тўлиқ айнан ҳолатдагиси кўчирилади,2 бандига эса кўрилган масалаларнинг ижроси бўйича бажарилган аниқ фактларга асосланган ҳолдаги маълумотлар ёзилади.

5. Ўқитувчилар ҳақида маълумотлар бўлимида – методбирлашма аъзоларининг исми, шарифи, мутахассислиги, қаерни, қачон тамомлагани, тоифаси, охирги малакадан ўтган вақти ва жорий ўқув йилидаги дарс юкламаси ҳақида тўлиқ маълумот ёзилади.

6. Методбирлашма аъзоларининг иш тақсимоти бўлимида ҳар бир методбирлашма аъзосининг ўқув йил давомида методбирлашма фаолиятида олиб борадиган вазифаси ёзилади.

7. Очиқ дарслар жадвали бўлимида ҳар бир методбирлашма аъзосининг ўқув йили давомида ўтадиган очиқ дарсининг мавзуси, очиқ дарс ўтиш санаси ва нечанчи синфда ўтиш ҳақидаги маълумотлар ёзилади ва ҳар бир методбирлашма аъзоси мазкур жадвал асосида очиқ дарсларга тайёргарлик кўради.

8. _____________ фанларидан ўтиладиган дарсларда қўлланилиши қулай ва мос бўлган педагогик технологияларнинг номи 1 бандга, 2 бандга номлари келтирилган педагогик технологияни қўллаш тартиби ҳақида маълумот ёзилади.

9. АКТ ва инглиз тилидан машғулотлар графигида ҳар бир методбирлашма аъзоларининг компьютер саводхонлиги машғулотларида иштирок этиш санаси ва вақти тўғрисида маълумот ёзилади.

10. Ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши қийин бўлган мавзулар рўйхати бўлимида ички мониторинг назорати ёки оралиқ назорат натижаларига кўра ўқувчиларнинг ўзлаштириши қийин бўлган мавзулар мавзулар рўйхати 1 бандга ёзилади, 2 бандга мазкур мавзуларни ўқувчиларни ўзлаштиришига қулай ва соддалаштирилган ҳолда етказиш мақсадида ташкил этилган ишларнинг мазмуни ёзилади. Рўйхат ва олиб борилган ишлар чораклар кесимида ёзилади.

11. ____________ фанидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш мониторинги бўлимида ички мониторинг хизмати томонидан олинган назорат натижалари чораклар кесимида ёзилади. Охирги бандига фан ўқитувчисининг исми, шарифи ёзилиши керак, натижалар асосидан фан ўқитувчиси дарс берадиган синфидаги ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлиги таҳлилини ҳам олиб бориш мумкин.

12. Яратилган дарс ишланмалари бўлимида методбирлашма аъзолари томонидан ўқув йили давомида яратилган дарс ишланмаларининг мавзулари 1 бандига, 2 бандга санаси, 3 бандга қандай дарс учун мўлжалланганлиги ёзилади. Жадвал чораклар кесимида тайёрланган. Ўқитувчилар томонидан тегишли фанлар кесимида мавзуларнинг яратган методик тавсияларини ҳам киритиш мумкин.

13. Дарс таҳлиллари ҳақида маълумот бўлимида 1 бандига фан ўқитувчисининг исми, шарифи, 2 бандига фани, 3 банди синфи, 4 бандига дарс санаси, 5 бандга ўтилган дарс мавзуси, 6 бандга олинган ёки берилган методик ёрдам ҳақида маълумот ёзилиши керак. Дарс таҳлили жараёнида дарс таҳлилининг турига қараб дарс жараёни ёритилиши лозим.

14. Электрон дарсликлар ҳақидаги маълумот бўлимида мактабда тегишли фанлардан мавжуд электрон дарсликларнинг номи, қайси синфга мўлжалланганлиги ёзилади.

15. Бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш бўлимида бўш ўзлаштирувчи ўқувчининг исми, шарифи, ечанчи синф ўқувчиси эканлиги, улар билан олиб бориладиган машғулотлар тўғрисидаги маълумотлар чораклар кесимида ёзилади. Бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларнинг рўйхати назорат иши натижаларига кўра олинади.

16. Иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш бўлимида иқтидорли ўқувчининг исми, шарифи, нечанчи синф ўқувчиси эканлиги, улар билан олиб бориладиган машғулотлар тўғрисидаги маълумотлар чораклар кесимида ёзилади. Иқтидорли ўқувчиларнинг рўйхати ўзлаштириш самарадорлиги натижалари ва ўқув жараёнида эришган ютуқларига кўра олинади.

17. 5-8 синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган ўқувчилар билан ишлаш бўлимида 5-8 синф ўқувчиларидан тегишли фанлар бўйича “Билимлар беллашуви” да иштирок этадиган иқтидорли ўқувчилар (ҳар бир фанга 2 нафардан 4 нафаргача талабгорлар олинади)нинг исми, шарифи, тайёргарлик машғулотлари олиб бориладиган кунлар ва машғулот вақтлари, мазкур ўқувчиларга бириктирилган фан ўқитувчиларининг исми, шарифи ва фани, ўқувчилар билан тайёргарлик жараёнида олиб борилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар ёзилади.

18. 9-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган ўқувчилар билан ишлаш бўлимида 9-синф ўқувчиларидан тегишли фанлар бўйича “Фан олимпиадалари” да иштирок этадиган иқтидорли ўқувчилар (ҳар бир фанга 4 нафардан 15 нафаргача талабгорлар олинади)нинг исми, шарифи, тайёргарлик машғулотлари олиб бориладиган кунлар ва машғулот вақтлари, мазкур ўқувчиларга бириктирилган фан ўқитувчиларининг исми, шарифи ва фани, ўқувчилар билан тайёргарлик жараёнида олиб борилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар ёзилади.

19. Методбирлашма аъзолари фаолиятининг ўқув йили якуни бўйича натижалари бўлимига ҳар ўқитувчининг ўқув йили давомида 7 та кўрсаткич бўйича олиб борилган ишларининг сифат даражаси бўйича умумий балл чиқарилиб, методбирлашма аъзоларининг рейтинг ўрни қўйилади.



Умумий ўрта таълим мактаби фан методбирлашмалари тўғрисида

Н И З О М

 

Мазкур Низом таълим муассасидаги фан ва йўналишлар бўйича методбирлашмаларни ташкил этиш ва уларнинг амалга оширадиган фаолият мазмунини белгилайди. 

I.

1. Умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич таълим, синф раҳбарлари йўналиши ҳамда фанлар ёки бир-бирига яқин бўлган фанлар туркуми бўйича методбирлашмалари фаолият кўрсатади. Методбирлашма умумий ўрта таълим мактабларида методик хизмат кўрсатиш тузилмасининг бир бўлими ҳисобланади.

2. Методбирлашма иши мактаб педагогика кенгаши қарори асосида ташкил этилади, унинг иш режаси метод кенгаш томонидан тасдиқланади.

3. Методбирлашмалар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда халқ таълими бошқаруви органлари ва таълим муассасаси томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар ҳамда ушбу Низомга амал қилади.

II. Методбирлашманинг асосий мақсади

4. Методбирлашмалар ўз-ўзини бошқариш шаклида ташкил этилиб, қуйидаги мақсадни амалга оширади:

  • ўқитувчиларнинг касбий ва методик маҳоратини ҳамда малакасини ошириш;
  • ўқувчиларга бериладиган таълим ва тарбия жараёнини замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этилишини таъминлаш борасида ўзаро тажриба алмашиш;
  • ижодкорлик йўналишидаги изланишларни ривожлантириш ва бирлаштириш;
  • ўқитувчининг дарсига, тарбиявий соатига, дарсдан ташқари тадбирларига қўйиладиган ягона талабларни ишлаб чиқиш ва таълим-тарбия жараёнида татбиқ этилишини таъминлаш.

III. Методбирлашмаларининг асосий вазифалари

5. Тегишли йўналиш ёки ўқув фанини ўқитишга доир меъёрий ва методик ҳужжатларни ўрганади, уларни ўқув жараёнига татбиқ этиш усулларини кўрсатиб беради.

6. Ўқитувчиларнинг ғоявий-назарий билим даражасини оширади, уларни фан ютуқлари, педагогик инновациялар, илмий- оммабоп адабиётлар билан мунтазам таништириб боради.

7. Фанлар бўйича тақвимий-мавзу режаларни тасдиқлашга тавсия этади, шунингдек ўқитувчилар томонидан тайёрланган назорат материалларини тасдиқлайди.

8. Малака оширишга юборадиган ўқитувчиларни олдиндан режалаштиради, малака оширишдан қайтган ўқитувчиларнинг ҳисоботини ўз вақтида методбирлашма йиғилишларида тинглаб боради ва уларнинг тақдимотларини ташкил этади.

9. Илғор ўқитувчилар иш тажрибаларини ўрганишни ташкил қилади ва оммалаштиради.

10. ДТС талаблари, ўқув режаси ва дастурлари бажарилишининг таъминланишига методик ёрдам кўрсатади.

11. Ташқи ва ички назорат натижаларига кўра, ДТС талаблари бажарилишида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади.

12. Тегишли йўналиш ёки фан бўйича таълим муассасасида методик таъминотга бўлган эҳтиёжни аниқлайди.

13. Ўқувчиларга чуқур билим бериши, кўникма ва малакаларни шаклантиришга ёрдам бериш мақсадида ўқитишнинг илғор усулларини жорий этишни ташкил қилади.

14. Ўзаро дарс кузатишларни ташкил қилади, натижаларни таҳлил қилади ва мутахассисларга амалий ёрдам беради.

15. Ўқитиш методларини ўрганиш мақсадида очиқ дарсларни ташкил қилади, илғор педагогик тажрибаларга доир таклифларни ўрганади, умумлаштиради ва оммалаштиради.

16. Ўқув жараёнига ўқитиш методикасининг замонавий ва самарали усулларини олиб киради, ўқув фани бўйича янгиликларни қўллашга доир методик кўрсатмалар бериб боради.

17. Ёш мутахассисларга методик ёрдам кўрсатади. Устоз-шогирд тизимини шакллантиради.

18. Кўргазма ва кўрсатмали воситалардан фойдаланиш бўйича методик тавсиялар беради.

19. Ўқувчилар билимини назорат қилиш ва уларнинг мустақил ишларини ташкил қилишга доир йўлланмалар беради.

20. Ўқув дастури, дарслик, методик қўлланма ва бошқа методик ишларнинг янги нашрларини, шунингдек, фанга доир мақолаларни ўрганади ва муҳокама қилади.

21. Назорат турларига доир методик кўрсатмалар беради ва улар асосида назорат топшириқларини ишлаб чиқишни ташкил этади.

22. Ўқитувчиларнинг малака ошириш, ахборот алмашув тизимини ҳамда ўз устида ишлашини янада яхшилаш мақсадида ижодий хизмат сафарлари бўйича ҳисоботларини эшитади.

23. Фан ўқитувчиларининг самарали меҳнатларини инобатга олган ҳолда маънавий ва моддий рағбатлантиришга тавсия қилади, шунингдек, аттестация жараёнида ўз хулосасини беради.

24. Ўқувчиларнинг ДТС ва ўқув дастури ҳажми доирасида билимларини, мавжуд мезонларга риоя этишни назорат қилади.

25. Фанлар бўйича мактаб миқёсида ойликлар ташкил қилади, фан олимпиадаларининг биринчи босқичларини, кўрик-танловларини ўтказади.

26. Фанлар бўйича синфдан ташқари (факультатив, тўгарак) ишларни мувофиқлаштиради.

27. Фан ўқитувчиларининг метод бирлашмаси ўқув кабинетлари ҳолатини кузатади ва унинг ривожланишини режалаштиради.

28. Фан ўқитувчиларининг метод бирлашмаси фан бўйича синфдан ташқари иш тизимини аниқлайди, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун методик йўриқнома, ишланма ишлаб чиқади.

29. Ўқувчиларнинг дарс жараёнида техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш талабларини ишлаб чиқади ва назорат қилади.

30. Фан бўйича иқтидорли ижодкор ўқувчиларни аниқлайди ва улар билан алоҳида ишлашни ташкил қилади.

Методбирлашма қуйидаги масалаларни амалга оширади:

  • таълим тўғрисидаги меъёрий ва методик ҳужжатларни ўрганиш;
  • мактаб ихтиёридаги фанларни танлаш;
  • синфдан-синфга кўчириш бўйича якуний назорат ишларини, аттестация материалларини тасдиқлаш;
  • фанларнинг ўқитилиши бўйича мактаб ички назорати натижаси бўйича танишиш;
  • ўқувчиларнинг ўқиш давомида техника хавфсизлиги меъёрларига риоя қилиши, соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича керакли йўриқнома ишлаб чиқиш;
  • методик ишланмалар билан танишиш мақсадида очиқ дарсларни ташкиллаштириш;
  • илғор иш тажрибаларни ўрганиш, яъни фан бўйича эксперимент олиб бориш, фан бўйича ДТС ижроси бўйича ягона талаб ишлаб чиқиш;
  • фанлар бўйича оралиқ ва якуний назорат ишларини ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш;
  • фанлар бўйича дарс ўтиш методларини таҳлил қилиш;
  • ўқитувчиларнинг малака оширишга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва уларнинг эҳтиёжлари асосида малака ошириш турларини тавсия этган буюртмалар бериш ҳамда курслардан ўтгандан сўнг ва ижодий хизмат сафарларидан сўнг тайёрлаган ҳисоботларини эшитиш;
  • фан ойликлари, фан олимпиадалари, конкурслари, илмий конференцияларни уюштириш;
  • ҳозирги замон талаби даражасида фан кабинетини, дарсни жиҳозлаш мақсадида ўқув кўргазмали қуроллар таъминотига эришиш.

IV. Методбирлашмалар ишларини ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш

31. Умумий ўрта таълим мактабларида Методбирлашмалар бошланғич таълим, синф раҳбари йўналиши бўйича битта, 5-11-синфларда эса ўқув режасида алоҳида фанлар бўйича ташкил этилади. Агар у ёки бу фан бўйича ўқитувчилар сони уч нафардан кам бўлса, у ҳолда ушбу фан ўқитувчилари шу туркумдаги фан ўқитувчилари билан биргаликда битта методбирлашмага бирлашадилар.

32. Мактабнинг ҳар бир ўқитувчиси (ўриндошлик тариқасида ишлаётган ўқитувчилар ҳам) ўз йўналишлари ёки тегишли фан туркуми) бўйича методбирлашмага аъзо бўлишлари шарт.

33. Педагог кадрларнинг “Устоз-шогирд” усулида узлуксиз малакасини оширишни ташкил этиш:

  • устоз ва шогирдларни машғулот ўтишлари учун шароит яратиш, дарс жадвалининг метод кунларга қўйилишини таъминлаш;
  • устахонанинг самарали ишлашини ташкил этиш, устахонанинг дид билан безатилиши, керакли кўргазмали қуроллар билан таъминланишида амалий ёрдам бериш;
  • керакли асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари, материаллар, кўргазмали қуроллар, техника воситалари каби жиҳозлардан фойдаланишида амалий ёрдам бериш;
  • Устоз ва шогирдларнинг амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва таклифлар бериш;
  • Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимига таклиф ва хулосаларни тақдим этиш ва бошқалар.

34. Методбирлашмага раҳбар мактаб педагогика кенгаши қарорига асосан ижодкор ва тажрибали ўкитувчилардан мактаб директорининг буйруғи билан тайинланади.

35. Методбирлашмаларнинг фаолияти директорнинг ўқув (методик) ишлари бўйича ўринбосари раҳбарлигидаги мактаб Методика кенгаши томонидан мувофиқлаштирилиб борилади. Ҳар бир фан ва йўналиш бўйича Методбирлашманинг раҳбари мактаб Методика кенгашининг аъзоси ҳисобланади.

36. Методбирлашма режа асосида иш юритади, иш режа мактабнинг иш режасида аксини топиши лозим. Методик мавзу ўқитувчининг касбий ўз устида ишлаш режасини назарда тутган ҳолда, педагогик жамоа аъзолари томонидан қабул қилиниши лозим.

37. Методбирлашма йиғилиши бир ойда камида бир марта ўтказилади.

38. Методбирлашма йиғилишларида белгиланган масалалар кўриб чиқилади ва қарорлар қабул қилинади. Йиғилишлар баёни алоҳида дафтарга ёзиб борилади.

39. Методбирлашмалар турли мавзуларда семинар-машғулотлар, маълум мавзуларга бағишланган туркум очиқ дасларни ташкил қилади.

41. Ўқув йили охирида методбирлашма фаолиятига оид барча ҳужжатлар директорининг ўқув (методика) ишлари бўйича ўринбосари томонидан таҳлил қилинади.

42. Йиғилиш баёнлари дафтари, бирлашма иш режаси ва ҳисоботи мактабда 3 йил муддатда сақланади.

V. Методбирлашма раҳбари ва аъзоларининг мажбуриятлари

43. Методбирлашма раҳбарининг мажбуриятлари:

  • ёш ўқитувчиларга методик ёрдам уюштириш;
  • фан ўқитувчиларининг методбирлашмаси, метод кенгаши ўтишини доимий равишда ташкиллаштириб бориш;
  • ДТС талаблари доирасида ўқитиш сифатига эътибор бериш;
  • методбирлашма иш режасини тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш;
  • илғор иш тажрибаларни оммалаштириш, олиб борилган ишлар хусусида метод кенгаш ёки педагогика кенгашида ҳисобот бериш;
  • тақвим-мавзу режаларининг тузилиши ва бажарилишини назорат қилиш;
    ижодий ҳисоботлар, очиқ дарслар, методик кунлар, методик ойлик, декадаларни ташкиллаштириш;
    малака ошириш учун буюртмалар бериш ва малака оширишга оид таклифлар тайёрлаш;
    мактабнинг Педагогика кенгашида, методик семинарларда методбирлашма иштирокини фаоллаштириш.

44. Методбирлашманинг ҳар бир аъзоси:

  • ҳар бир ўқитувчи камида битта методика бирлашмага аъзо бўлиши ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган индивидуал дастурга эга бўлиш;
  • методбирлашма ўтказадиган кенгашларда, тадбирларда қатнашиш;
  • касбий маҳоратини оширишга интилиш;
  • педагогнинг ҳуқуқий-меъёрий фаолиятини билиш ва унга амал қилиш;
  • педагогик фаолиятида ўз-ўзини таҳлил қилиб бориши керак.

VI. Методбирлашманинг ҳуқуқлари

45. Фан ўқитувчилари методбирлашмаси ўқитувчиларга ўқув юкламаларни тақсимоти ва қайта тарификациядан ўтказиш бўйича тавсия беради.

46. Мактаб раҳбариятига фан хоналари масъулларига қўшимча ҳақ тўлаш ва фан тўгаракларини ташкил қилиш юзасидан таклифлар беради.

47. Айрим фан ёки йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган билимлар берадиган синфлар очиш бўйича таклифлар беради.

48. Маҳаллий ўқув материаллари асосида белгиланган тартибда ўқув дастурига тегишли ўзгартиришлар киритади.

49. Айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар мавжуд мактабларда йўналишлар бўйича махсус дастурлар ва якуний назорат материалларини тайёрлайди.

50. Методбирлашма аъзоларининг малакасини оширишга доир таклифлар беради.

VII. Методбирлашма ҳужжатлари

51. Методбирлашма фаолиятига доир қуйидаги ҳужжатлар бўлиши шарт:

  • методбирлашма аъзолари ҳақида маълумот.
  • иш режаси;
  • ҳисоботлар;
  • йиғилиш баённомалари;
  • методбирлашма фаолиятига алоқадор бўлган ўқув-методик ҳужжатлар нусҳаси;
  • методбирлашмага юқори ташкилотлардан келиб тушган ўқув-методик ҳужжатлар
    нусхаси.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*