Ўқувчилар чорак якунида қандай баҳоланадилар? - Ta’lim / Образование

Ўқувчилар чорак якунида қандай баҳоланадилар?

5 — 9-синф ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисида
НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги 203-сон «Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларида 5 — 9-синф ўқувчиларнинг билимларини баҳолаш ва уларнинг рейтингини аниқлаш тизимини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Умумий ўрта таълим мактабларида 5 — 9-синф ўқувчиларининг (кейинги ўринларда ўқувчилар деб юритилади) билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими (кейинги ўринларда рейтинг тизими деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 16 августдаги 390-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартининг (кейинги ўринларда Давлат таълим стандарти деб юритилади) таркибий қисми ҳисобланади.

2. Рейтинг тизими барча умумий ўрта таълим мактабларида жорий этилади ва мазкур Низом асосида амалга оширилади.

3. Ўқувчиларнинг билимини баҳолаш қуйидан юқорига қараб ижобий баҳолаш мезони асосида амалга оширилади.

II. Рейтинг тизимининг мақсад ва вазифалари

4. Рейтинг тизимининг мақсади Давлат таълим стандартида белгиланган талабларни бажарилишида ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини холисона баҳолаш, уларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш ва рейтингини аниқлашдан иборат.

5. Рейтинг тизимининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • а) ўқувчиларда Давлат таълим стандартларига мувофиқ тегишли билим, кўникма ва малакаларини шаклланганлиги даражасини назорат қилиш;
  • б) ўқув фанлари бўйича ўқувчиларнинг доимий равишда дарсларга тайёргарлик билан келишини таъминлаш;
  • в) ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини баҳолашда ҳаққонийлик, ишончлилик ва қулай шаклда баҳолаш принципларига риоя этилишини таъминлаш;
  • г) ўқувчиларда билим, кўникма ва малака савиясини шаклланиш суръатини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш;
  • д) ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакалари даражаларини таққослаш ва таълим жараёнида ўзаро мусобақа муҳитини яратиш;
  • е) ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш, касб танлашга йўллаш ишларини мукаммаллаштириш;
  • ж) ўқувчилар билимлари, кўникма ва малакаларини шаклланишида юзага келиши мумкин бўлган бўшлиқларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва босқичма-босқич бартараф этилишини амалга ошириш;
  • з) ўқувчининг тўлақонли билим олиши учун унга энг мақбул педагогик, дидактик, психологик шароитни яратиш;
  • и) ўқувчиларда билим, кўникма ва малаканинг мустаҳкамлаб борилишини таъминлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, руҳлантириш ва илҳомлантириш.


III. Рейтинг тизимининг назорат турлари ва уларни амалга ошириш

6. Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасининг Давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун қуйидаги назорат турларини ўтказиш назарда тутилади:

жорий назорат — сўровлар, коллоквиумлар, семинарлар, контроль ишлар, тестлар тарзида ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакалари мунтазам назорат қилинади;

оралиқ назорат — чорак тамом бўлганда ва ўқув дастурининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун амалга оширилади. У имтиҳонлар, тестлар, синовлар ва малакага доир ишлар шаклида ўтказилади. Ушбу назоратда фойдаланиладиган материаллар ўқув фани ўқитувчиси томонидан тайёрланади. Оралиқ назоратда назорат ишларининг миқдори ва мавзулари ўқув дастурига асосланган мавзуий режада белгиланади ҳамда муддати ва шакли кўрсатилади;

босқичли назорат — ўқув йили тамом бўлгандан кейин имтиҳонлар, тест синовлари, синовлар шаклида амалга оширилади. Унинг асосида рейтинг аниқланади ва ўқувчини навбатдаги синфга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Босқичли назорат материаллари намуналари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Республика таълим маркази томонидан тайёрланади. Назорат ишлари материаллари намуналарига ижодий ёндашган ҳолда ўқув фани ўқитувчилари босқичли назорат материалларига ўзгартиришлар киритиши ва уларни услубий бирлашмалар муҳокамасидан ўтказиб, жорий этишлари мумкин;

якуний назорат — ўқиш тугаллангандан кейин давлат аттестацияси шаклида ўтказилади.

IV. Ўқувчиларнинг билим савиясини баҳолаш ва якуний рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш

7. Рейтинг тизимида ўқувчининг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш даражаси баллар орқали ифодаланади.

8. Ҳар бир назорат тури қандай шаклда ўтказилишидан қатъи назар, беш (5) баллик («5», «4», «3», «2», «1») усулда бутун сонлар ёрдамида баҳоланади. Ўқувчиларнинг ҳар бир назорат тури бўйича билимини баҳолаш ва рейтинг кўрсаткичини аниқлаш уларнинг ўқув фани мавзуси бўйича тасаввурга эга бўлиши, мавзунинг моҳиятини тушуниб етиши ва айтиб бера олиши, олган билимларини амалда қўллай олиши, мустақил мушоҳада юрита олиши, ижодий фикрлай олиши ва хулоса қабул қила олиши, масалалар ҳамда мустақил ишларни бажариши каби мезонларга қараб амалга оширилади.

9. Ҳафтасига 1 соатдан ортиқ ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:
чорак давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида чораклик баҳо;
чораклик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.

Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар чораклик баҳоларга қараб белгиланади.

10. Ҳафтасига 0,5 ва 1 соат ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:

  • ярим йил давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида ярим йиллик баҳо;
  • ярим йиллик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.

Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар ярим йиллик баҳоларга қараб белгиланади.

11. Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари учун чораклик (ярим йиллик) баҳолар асосида йиллик баҳо, шунингдек якуний назоратда олинган балл ва йиллик баҳо асосида якуний баҳо аниқланади.
Якуний давлат аттестацияси белгиланмаган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳо якуний баҳо ҳисобланади. Якуний баҳолар битирувчига бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага қайд этилади.

12. Баҳолаш ўқувчини синфдан-синфга ўтказиш учун асос бўлади.
Ўқувчини кейинги синфга ўтказиш ижобий баҳо олган тақдирда амалга оширилади. Мактаб педагогика кенгаши қарори билан ўқувчилар қониқарсиз баҳолар билан синфдан-синфга ўтказилиши мумкин.

13. Ўқувчи унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар йиллик баҳодан норози бўлса, унга мактаб педагогика кенгаши томонидан тузиладиган тегишли фан комиссиясига (ота-оналар ёки улар ўрнини босувчи шахслар иштирокида, агар улар шуни хоҳласалар) имтиҳон топшириш имкони берилади. Қайта имтиҳон топширишга барча кўчириш синфларида (битирув синфлари бундан мустасно) фақат жорий ўқув йилида ўқитилган фанлар бўйича рухсат берилади.

14. Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги баҳолашга оид баҳсли вазиятлар Мактаб педагогика кенгаши аъзоларидан иборат таркибда баҳсли масалалар комиссияси томонидан ҳал этилади.

15. Ўқувчиларнинг ўқув йили давомида назорат турлари бўйича олган баллари ҳамда йиллик (якуний) баҳолари асосида ҳар бир ўқув фанидан йиллик рейтинг кўрсаткичи аниқланади:
Бунда ўқувчининг йиллик (якуний) баҳоси:

«5» бўлганда — 86, 90, 95 ва 100 рейтинг кўрсаткич балларидан бири;
«4» бўлганда — 71, 75, 80 ва 85 рейтинг кўрсаткич балларидан бири;
«3» бўлганда — 56, 60, 65 ва 70 рейтинг кўрсаткич балларидан бири қўйилади.

Йиллик рейтинг кўрсаткич баллари юқорида қайд этилган баллардан иборат бўлиб, уни белгилашда бошқа рақамлардан фойдаланилмайди, минимал 55 балл бундан мустасно.
Агар ўқитувчи ўқувчининг йиллик рейтинг кўрсаткич балини 56 баллдан камлигини эътироф этса, у ҳолда ўқувчининг йиллик рейтинг бали минимал 55 балл этиб белгиланади.

16. Ўқувчининг йиллик рейтинг кўрсаткич балларини аниқлаш усули ўқув фани хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўқитувчи томонидан белгиланади.

17. Ўқувчиларнинг назорат турлари бўйича олган баллари ҳамда чораклик (ярим йиллик) ва йиллик (якуний) баҳолари, шунингдек, йиллик рейтинг кўрсаткич баллари синф журналига қайд этилади.

18. Ўқувчининг чораклик (ярим йиллик), йиллик (якуний) баҳолари ва йиллик рейтинг кўрсаткич баллари унинг табелида қайд этилади.

V. Якуний қоида

19. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича келиб чиққан низолар қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.

Leave a Reply