Интернетда ёшларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланма

Бугунги кунда Интернет (INTERNET – бирлашган тармоқлар, «INTERconnected NETworks»нинг қисқартирилган номи) – инсон ҳаётининг илк босқичиданок унинг ажралмас кисмига айланиб колгани боис, болаларни унинг хавфидан ҳимоялаш масаласи бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади ва мазкур муаммо глобал миқёсда ҳал этилиши тақозо этилади. Глобал тармоқнинг чегара билмаслиги фойдали ахборотлар билан бир қаторда, носоғлом мазмундаги ахборотларнинг ҳам тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий тарбиясига зиён етказиши мумкин.

Ушбу кўлланма Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ташаббуси билан Интернет тармоғида ахборот хавфсизлиги муаммолари тадқикотлари асосида тайёрланган бўлиб, асосан тавсиявий мазмунга эга ҳамда вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналарига мўлжалланган.

Мақсад болани Интернетдан ажратиб қуйиш эмас, балки унинг камол топиши учун мукаммал воситалар яратиш

Интернет болалар тарбиясида ўта муҳим ўрин эгаллайди. Чунки, бола тарбияга оид хулқ-атвор кўникмаси, ҳаёт тамойиллари, фикрлаш ва олам манзарасини кўпроқ айнан Интернет ёрдамида ўрганиш имкониятига эга. Айрим ота-оналар фарзандининг компьютер каршисида бўлган вақтида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, деб ўйлайди. Бироқ виртуал оламда ҳам уларни муайян хавф-хатарлар ва таҳдидлар кутиб турган бўлиши мумкин. Ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассислар томонидан таҳликали шароитларда қай тарзда ўзини муҳофаза қилиш, хавф-хатарлар ва таҳдидлардан ҳимояланиш мумкинлигини англаш учун мураккаб бўлмаган коида ва тавсиялар ишлаб чиқилган бўлиб, Интернетда ишлаш пайтида уларни эсда тутиш ва эътибор қаратиш сўралади.

Хавф-хатарлар – уларнинг тармокда учта асосий тури мавжуд:

Контент хавфи – ёш авлоднинг ахлоқий ва маънавий тарбиясига салбий таъсир этувчи (матнлар, тасвирлар, аудио, видео файллар, ҳаволалар) ноқонуний, ахлоқсиз ва зарарли бўлган турли ахборотларнинг (зўравонлик, ёвузлик, ҳаёсизлик, одоб-ахлоқ меъёрларига зид сўзлашув, ирқий, диний ва миллатлараро низоларни келтириб чиқарувчи, терроризм ва диний экстремизм, наркотик ва психотроп моддалар тарғиботи, жонига қасд қилиш, тақиқланган ўйинлар) Интернет тармоғида доим мавжуд.

Коммуникацион хавф – Интернет тармоғида номаълум (яхши таниш бўлмаган) шахслар билан мулоқот жараёнида пайдо бўлади. Тармоқдаги анонимлик ва жавобгарликка тортилмасликни англаш қисси кўп фойдаланувчилар томонидан хақорат, қўрқитиш, кибербуллинг, хиралик ҳамда шантаж қилиш каби ҳолатларга йўл очади.

Техник хавф – зарарли дастурлардан фойдаланиб (вирус, бот, айғокчи дастурлар), дастурий маҳсулотларга зарар етказиш, махфий ва шахсий ахборотлар ёки шахсга оид маълумотларни ўғирлаш, киберфирибгарлик.

Тахдидлар – мутахассислар томонидан умумжаҳон “ўргимчак тўри”да болалар дуч келадиган ва уларнинг руҳиятига сўзсиз салбий таъсир этиши мумкин бўлган таҳдидларнинг асосий турлари таснифланиб берилди.

1. Мазмунан зўравонлик, ёвузлик, ҳаёсизлик, ахлоқсизлик, Интернетдаги қимор ўйинлар, наркотик моддалар тўғрисида ахборот, ҳукуқбузарлик, ирқий нафратланишга оид сайт ва материалларга (фото, видео, аудио ва босма материаллар) осон кира олиш имконияти.

2. Нотаниш кишилар билан электрон почта, ижтимоий тармоқлар ва турли шубхали форумлар воситасида мулоқотлар қилиш, турли ёзишмаларни амалга ошириш.

3. Болалар Интернетдан фойдаланганда дуч келиши мумкин бўлган ҳолатлар, яъни назорат қилинмайдиган жараён Интернет орқали харид қилиш ва онлайн ўйинларда назоратсиз вақт ўтказиш.

Таҳликалар – ахборот хавфсизлиги экспертлари томонидан 5 та асосий таҳлика таснифи белгилаб берилди. Агарда уларга бефарқлик билан қаралса, болаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

1. Интернетдан назоратсиз фойдаланиш оқибатида ота-она обрўсининг заифлашуви. Гоҳида ота-оналар “фарзандим улғайди ёки болам бирор-бир машғулот билан банд бўлиб, менга халақит бермасин”, дея уни глобал тармоқ билан ёлғиз қолдирадилар. Бундай ҳолатлар болаларнинг Интернетдан назоратсиз фойдаланишининг биринчи қадами ҳисобланиб, оқибатда, болалар ўз ота-оналарини тингламай, уларни алдаш ва менсимасликни одат қилиб олишади.

2. Маданият, ғоя, мафкураларнинг аксил тизими. Ҳаётнинг ушбу мураккаб даврида ўспирин ўзини кўрсатиш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаш йўлларини излайди. Мустақил бўлиш кайфиятига эҳтиёж сезади. Ушбу йўлда Интернет тармоқларида тарқалаётган ва тарғибот қилинаётган аксилмаданият тизими, хусусан, “гот”, “эмо” ва бошка субмаданият оқимлари, диний-экстремистик оқимдаги мафкуралар ҳали шахс сифатида барқарор шаклланиб улгурмаган ёш авлодга катта хавф туғдирмокда. Бундан ташқари, тармоқларда одоб-ахлоқ меъёрларига зид сўзлашув, тушкунлик, инсониятга нафрат, жиноят оламига хос мазмундаги қўшиқларни ҳам учратиш мумкин. Айрим қўшиқларда жамиятга карши бориш, қонунларга ҳурматсизлик, низолар, жиноят, суиқасд, наркотик моддалари истеъмоли кабилар ҳам мавжуд. Уларнинг ижобий жиҳати мутлақо бўлмагани боис, уларга ортиқча таърифга ҳожат йўқ.

3. Аноним Интернет-мулоқотлар. Таъкидлаш лозимки, онлайн мулоқот ўзининг табиати билан жонли мулоқотдан тубдан фарқ қилади. Бу ерда мутлақо ўзгача хулқ меъёрлари, этика стандартлари, фарқли мезонлар амал қилади. Форумлар, чатлар, ҳамжамиятларда номаълум шахслар билан мулоқот қилишга тўғри келади. Анонимлик ҳолати фойдаланувчиларга Интернетда реал ҳаётда айта олмайдиган фикрлар ва ҳаракатлар содир қилишга изн беради. Аноним мулоқотлар ҳақорат, кибербуллинг, камситиш ва хиралик қилиш сингари ҳаракатларни келтириб чиқариши мумкин.

Болаларнинг хавфсизлиги, маънавий ва жисмоний соғлиги нуқтаи назаридан қаралганда, фарзандларининг Интернет орқали танишув масалаларини ота-оналар назорат қилишлари лозим бўлган жиҳатлардан бири ҳисобланади.

4. Шахсий маълумотларни йўқотиш – бу Интернет тармоғи фойдаланувчиларининг (болалар ва ўсмирлар) ўта ишонувчанлиги ва очиқлиги боис содир бўлади. Ушбу ҳолатлар ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш пайтида, онлайн харидлар қилаётганда, чат ва форумларда анкеталарни тўлдириш чоғида кузатилади. Шахсий маълумотлар тўплами ёвуз ниятли кишилар учун жуда қулай ўлжа бўлиб, бундан улар ўзларининг ғаразли ва ноқонуний мақсадларида фойдаланишлари мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар (саҳифалар) шахсий маълумотлар йўқоладиган (ўғирланадиган) асосий жой бўлиб ҳисобланади. Кўп сонли ёш фойдаланувчилар ўз аккаунтларида эркин фойдаланиш учун барча маълумотларни, яъни туғилгаи куни ва исмини (телефон рақами, мактаби, яшаш манзили, қайси жойларда бўлишни яхши кўришини, кайфияти ва характерини ёзишни хуш кўради), шу жумладан, катта ҳажмда фотосуратларни ҳам жойлаштиради.

5. Ўйинларга карамлик. Онлайн ўйинлар ҳақиқатан ҳам қизиқарли, уларнинг яратувчилари болалар ўйин жараёнида кўпроқ вақт давомида қолиб кетишлари учун барча чораларни кўриб қўйишган. Замонавий онлайн ўйинларда маълум босқичлардан ўтиш ва ўйин каҳрамонларини такомиллаштириб бориш учун кўп вақт талаб этилади ва бу жиҳатлар, ўз навбатида болаларнинг ўйин жараёнида узоқ вақт қолиб кетишларини таъминлайди. Ўспиринлар ўзларини намоён қилишга эҳтиёж сезганлари боис, бундай имкониятни айнан ана шундай онлайн ўйинлардан ахтаришади. Бу ҳолатлар эса болани руҳий қашшоқлашувига, ўйинга қарам бўлиб қолишига олиб келади. Ўйинларга қарам бўлиб қолиб, кўп болалар овқатланиш, дарс тайёрлашни унутиб, уйқусизликка ҳам дучор бўладилар.

6. Зарарли дастурлар (вируслар, спамлар, жосуслик дастурлари, фишинглар) орқали дастурий маҳсулотларни шикастлаш. Фирибгарлар аксарият ҳолларда ёш фойдаланувчиларнинг ишонувчанлик ва турли хил ҳужумлар ҳақида бехабарлигидан фойдаланиб, уларнинг компьютерига ўзларининг зарарли дастурларини киритишга эришадилар. Шу боис, нотаниш ҳаволаларга ўтиш, номаълум сайтлардан дастурлар ва мультимедиа файлларни юклаб олиш, нотаниш “дўстлар”дан келган хатларни ўқиш, ўз навбатида, компьютерни вирус билан зарарланиши каби салбий окибатларга олиб келиши мумкин.

Компьютер вируси – зарарли дастур тури бўлиб, ўзининг нусхаларини ярата олади ва бошқа дастурлар кодига кириб, турли алоқа каналлари оркали ўзининг нусхаларини тарқата олади. Вируснинг мақсади – компьютерни ишдаи чиқариш, файлларни ўчириш, фойдаланувчи ишини тўсиш ва ҳ.к.

Жосуслик дастурлари – компьютерга унинг конфигурацияси, фойдаланувчи, унииг фаолияти ҳақидаги маълумотларни тўплаш учун яширин тарзда ўрнатиладиган бўлиб, у, шунингдек, созлаш тизимини ўзгартириш, фойдаланувчига билдирмаган ҳолда дастурлар ўрнатиш ва унинг хатти-ҳаракатлари ҳақида тегишли жойга маълумотларни fishingюбориб туриш сингари бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

Спам — зарарли материалларпи ўз ичига олган хатларни оммавий тарзда жунатиш.
Фишинг (инглизча fishing “балиқ овлаш”, “турга тушириш”) — одатда расмий хабар ниқоби остидаги хат ёки ҳавола. Жабрланувчи шахс алдовни сезмаслиги учун сайт ёки хабар аслидагидек (расмий) кўринишга эга бўлади.

Юқорида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, қолаверса, ёшларни Интернетда ҳимоя қилишни назарда тутган ҳолда, Интернет хавфсизлигига оид бир нечта оддий маслаҳатларни тавсия қилмоқчимиз. Бироқ, ҳар бир бола ўзига хос алоҳида индивидуал шахс эканлиги ва уларга алоҳида ёндашув кераклиги боис, мутахассислар болалар ва ўспиринларни қуйидаги тоифаларга ажратишди:

1) 7-10 ёш – бу ёшда боланинг фарқлаш ҳисси жуда фаол бўлгани боис, унга тўғри ахборотларни беришни назорат қилмоқ лозим. Чунки, шу ёшда ахборотни англаш қобилияти шакллана бошлайди. Ушбу ёшдаги фойдаланувчиларнинг аксарият қисми эндигина ўқишни ўргангани, қайси сайтга киргани ва қандай муаммоларга дуч келиши мумкинлигини охиригача тушуниб етмайдилар. Мультфилм ва ранг-баранглиги билан жалб қилувчи ўйинларга қизиқиш бўлгани боис, болалар кўп ҳолларда шу каби ахборотларни излашади. Шу сабабли, 7-10 ёшдаги болаларнинг Интернетдан фойдаланишини ота-оналар ёки катталар томонидан доимо назорат қилиниши зарур. Интернет тармоғида тарқалаётган ва ёш авлодга зиён етказиши мумкин бўлган ахборотларни фильтрлаш ёки зарарли ресурсларни чеклаш мақсадга мувофиқ бўлади, Ушбу ёшдаги болаларга мувофиқ келувчи веб-сайтлар рўйхатини тузиш ёки фильтрлаш дастурларидан фойдаланган ҳолда, Интернетга киришларини назорат қилиб бориш зарур.

Мақсад – ушбу ёш вакилларига Интернетдан фойдаланишда хавфсизликка риоя қилишнинг асослари, мулоқот этикети ва у ёки бу ахборотнинг тўғрилигини идрок қилишга ўргатиш.

2) 10-13 ёш – Мазкур давр ўта муҳим бўлиб, бола учун ўтиш даврининг энг мураккаб пайти ҳисобланади. Ушбу ёшдаги болалар кўп нарсани тушунишга ҳаракат қиладиган ва қизиқувчан бўладилар. Интернет тармоғида ўйинлар ва ахборотларни излаш билан бир қаторда, ушбу ёшдагилар дўст ва танишлар топиш мақсадида ижтимоий сайтлар ва чатлардан фаол фойдаланишади.

3) 13-16 ёш – Мазкур тоифа ўсмирлардан иборат. Ушбу тоифадаги ўсмирлар, шахс сифатида ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида айнан шу ёшда шаклланиши боис, фаолият доирасининг қамрови кенглиги ва алоҳида эътибор талаб этиши билан ажралиб туради. Бу тоифадаги ўсмирлар Интернетдан фаол фойдаланадилар. Интернет улар учун улкан ахборот манбаи, тенгдошлари ва дўстлари билан мулоқот воситаси, шу жумладан, вақтичоғлик қилиш имконияти ҳамдир. Ёшларнинг аксарият қисми ижтимоий тармоқлардан ва тезкор хабарли иловалар (мессенжерлар)дан фойдаланади. Мазкур ёшдаги энг катта муаммо – бу ота-оналар томонидан “болаларимиз улғайди” қабилида уларни тўла назорат қилмасликдир. Бу ёшни яна “ахборот очлиги” ёши, деб ҳам аташ мумкин. Бу даврда болалар улғайиб, барча нарсалар ҳақида кўпроқ билишни хоҳлайдилар. Онлайн мулоқотга кириш улар учун кундалик ҳаётининг бир қисми ҳисобланади.

Бугунги кунда болалар ва ўсмирларларнинг Интернет тармоғидан фойдаланиш вақтини тартибга солувчи норма ишлаб чиқилмаган. Мутахасиссисларнинг фикрлари бир-биридан фарқ қилади. Аксарият руҳшунослар, шифокорлар ва педагогларнинг фикрича, Интернет тармоғидан фойдаланиш вақти қуйидагича тақсимланиши лозим:

  • 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар – кунига 1 соат;
  • 10 ёшдан 13 ёшгача бўлган болалар – кунига 1,5 соат;
  • 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар – кунига 2 соат.

Таъкидлаш жоизки, бу вақт оралиғида экран қаршисидаги бола камида 10 дақиқа танаффус қилиши керак. Усмирлар ва болаларни компьютер қаршисида, жумладан, Интернет тармоғида вақт ўтказишининг юқоридаги каби тақсимланишидан мақсад “Интернетга қарамлик”, кўриш қобилиятининг пасайиши (“қуруқ кўз” синдроми), умуртқа поғонасининг қийшайиши (сколиоз), қоматнинг бузилиши (букчайиш) каби касалликлардан асрашдир.

Ёшларни интернетда ҳимоя қилиш бўйича таклифлар:

  • қидирув хизматидан фойдаланишдан аввал сизга қандай маълумот кераклиги ҳақида ўзингиз аниқ тасаввурга эга бўлинг;
  • нотаниш сайтларга кирманг, ишончсиз манбалар манзилларидан ва нотаниш одамлардан келган хат ва таклифномаларнинг ҳаволаларига ўтманг, бундай веб-саҳифалар ҳаволаларини бошқалар билан бўлишманг;
  • ишончли манбалар ва текширилган сайтларнинг ахборотларидан фойдаланинг;
  • ахборотни бошқа ишончли манбалар орқали икки карра текшириб кўринг; охиригача ўқимай туриб, тарғиф этилаётган шартларга рози бўлманг ва қабул қилманг;
  • кам таниш бўлган ёки сизда шубҳа уйғотаётган веб-сайтларга кирманг;
  • нотаниш файлларни юкламанг ва уларни ота-онангиз рухсатисиз ўрнатманг;
  • кам таниш бўлган сайт ёки турли хил ҳаволалар томонидан муайян талаблар сўралганда, уларни рад этинг, анкетани тўлдирманг, шартларини қабул қилманг;
  • сиз тез-тез фойдаланаётган тўғри ва ҳаққоний контентга эга ресурсларни “танланганлар”га қўшинг;
  • шахсингизга оид маълумотларни махфий сақланг. Ўзингизга тегишли бўлган шахсий маълумотларни (Ф.И.Ш, манзил, телефон, туғилган сана) очиқ фойдаланиш мумкин бўлган тармоқларда жойлаштирманг;
  • сизга нотаниш кишилар ва сайтлардан қўпол, беадаб мазмунидаги хабарлар кела бошласа, ҳақоратли ва таҳдидли мурожаатларни жавобсиз қолдириб, блокировка қилинг. Уларнинг таъсирига тушиб қолманг;
  • агарда сизга нотаниш кишилардан ёки сайтлардан спам-хабарлар кела бошласа, уларни очмасдан ва ўқимасдан ўчириб ташланг. Уларда вируслар бўлиши мумкин;
  • дўстларингиз ва танишларингизга пароль ва логинингизни ошкор қилманг. Уларни сир сақланг. Паролингиз мураккаб, яъни сон, ҳарф ва белгилардан иборат бўлсин;
  • агарда ўйин ўйнаётган бўлсангиз ёки кўп сонли нотаниш фойдаланувчилар бўлган чатда ҳақиқий исмингиз ўрнига “ник”дан фойдаланинг;
  • онлайн муҳитда ким билан танишаётган ва суҳбатлашаётган бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг. Агар нотаниш ёки иккилантираётган шахс сизга дўстлик таклиф килса, қабул қилманг. Суҳбатдошингиз ўзи ҳақидаги ҳақиқий маълумотларни яшириб, ўзини бошқа шахс сифатида кўрсатаётган бўлиши мумкин;
  • эсингизда бўлсин, Интернет бу сизнинг “қолдирган рақамли изингиз”. Бу ерда сиз жойлаштирган барча шахсий маълумотлар, видео, аудио роликлар еки тасвирлар доимий сақланади. Бошқа фойдаланувчилар томонидан мазкур маълумотларингиз ғаразли мақсадларда фойдаланиши мумкин;
  • ҳар қандай вазиятда, агарда сиз нимадандир хавотирлансангиз, буни ота-онангиз билан муҳокама қилинг.

 

Ёшларнинг ота-оналарига тавсиялар:

  • болаларга Интернетдан фойдаланиш жараёнида нима қилиш мумкин ва нима қилиш мумкин эмаслигини тушунтиринг;
  • болангизнинг тармоқда бўлиш вақтини чекланг, у компьютер қаршисида бўлган пайтда мумкин қадар бирга бўлинг;
  • номақбул сайтларни браузернинг “қора рўйхат”ига киритиб қўйинг. Кўпчилик дастурий маҳсулотлар (шу жумладан браузерлар) антивирус ҳимоясига эга бўлиши билан бир қаторда, ота-оналар назорати функциясига ҳам эгадир. Шу боис, улар болаларингиз Интернетда бўлган чоғларида қисман бўлсада ҳимоячи вазифасини бажара олади;
  • агарда фарзандингизга Интернет-чатга кириш ёки хабарларнинг тезкор алмашинуви дастурлари (мессенжерлар)дан фойдаланишга рухсат берган бўлсангиз, унга нотаниш ёки ишониб бўлмайдиган кишилар билан мулоқот қилиш ёки хабарлар юборишнинг хавфли томонлари, Интернетдан фойдаланганда жиддий хавф-хатарларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида уқтиринг;
  • агарда болангиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланса, ўз аккаунтига жойлаштириб бораётган маълумотлар билан таништириб боришини сўранг, логин ва паролидан хабардор бўлинг, ўз саҳифасига қандай ахборотларни жойлаштираётгани ва фойданаётганини назорат қилинг;
  • болангизнинг виртуал оламдаги барча дўстлари ҳақида хабардор бўлиб боринг;
  •  фарзандингизга унинг онлайн дўсти аслида ўзи тасвирлаётгандай эмас, бутунлай бошқа шахс бўлиб чиқиши мумкин эканлигини тушунтиринг;
  • агарда болангиз виртуал дўсти билан реал ҳаётда учрашишни хоҳласа, бундай ҳолатда, эҳтимолий дилхираликнинг олдини олиш мақсадида, бирор-бир яқин (катта ёшдаги) киши билан бирга учрашувга чиқиши лозимлигини тушунтиринг;
  • катта ёшдагилар билан маслаҳатлашмасдан Интернет-магазин орқали харид қилмаслик кераклигини болангизга тушунтиринг;
  • Интернетдан фойдаланиш жараёнида болаларингизга нималар ноқулайлик туғдираётгани ёки кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида сизни хабардор қилиб боришини сўранг.

Хулоса

Мазкур қўлланмада Интернет маконида учрайдиган хавф-хатар, таҳдидлар ва таҳликалар ҳақида сўз юритилгани оқибатида ўқувчида Интернетнинг зарарли ва бузғунчи восита эканлиги ҳақида нотўғри тасаввур уйғониши эҳтимоли ҳам мавжуд. Аслида эса ундай эмас. Интернетда жуда кўп фойдали, маърифий ва қизиқарли ахборотлар мавжуд бўлиб, улардан тўғри ва самарали фойдаланган шахсда турли соҳалар бўйича билими ошиб боради. Ота-оналарнинг вазифаси “виртуал оламнинг” барча ижобий жиҳатлари билан фарзандларини таништириш ва ўргатиб бориш ҳисобланади. Бунинг учун барча ахборотларни ота-оналар, аввало, чуқур текшириши ва буни фарзандларига ҳам ўргатиши, уларни чинакам улкан илм ва юксак санъат намуналари билан таништириб, уларда дунё қиёфасига мос бўлган қадриятлар тизимини шакллантириши лозим бўлади. Шу билан бир қаторда, ёш фойдаланувчиларда Интернет-маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Интернет-маданият – ҳар қандай манба ва мазмундаги ахборотни истеъмол қилиш, ўзлаштириш ва узатишни назарда тутади. Интернет-маданият – бу Интернет тармоғидаги ижтимоий онгга салбий таъсир этувчи, жумладан, амалдаги давлат тузумига қарши қаратилган нохолис характердаги, диний-экстремистик, террористик, ҳаёсизлик, шафқатсизлик ва бошқа мазмундаги ахборотлардан фойдаланишнинг онгли равишда чекланилиши демакдир. Интернет-маданиятнинг замирида мулоқотга нисбатан умумқабул қилинган ахлоқий талаблар, шунингдек, ҳар бир инсоннинг бетакрорлиги ва қадр-қимматининг бевосита тан олиниши мужассам бўлган. Интернет-маданиятни билмаслик фойдаланувчи томонидан Интернет ва ижтимоий тармоқларда чекланмаган микдорда мулоқот қилишига, “аноним” фойдаланувчилар билан текширилмаган ва тасдиқланмаган ахборотлар алмашинувига олиб келиши мумкин.

Бундай тенденция фойдаланувчиларнинг Интернет оламида оммалашаётган кибержиноятчилик, кибербуллинг таъсирига тушиб қолишларига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Бундай ташқари, шуни ҳам таъкидлашни жоизки, доимий равишда сайтларни назорат қилиш ва номақбул контентларни блокировка қилишдан кўра, болалар билан ишончли муносабат, очиқ ва самимий мулоқотда бўлиш анча самарали натижалар бериши мумкин.

Қўлланма Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълими вазирликларининг 2016 йил 7 апрелдаги 14-03-, 24- ва 22-қ/қ-сонли қарори билан тасдиқланган.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*