Ҳукуматнинг 831-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарорига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қарорга мувофиқ, ўқувчилари қуйидаги олимпиадаларда олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритган ўқитувчилар ва мактаб директорларига навбатдаги ўқув йили учун тегишлича 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади:
Халқаро математика олимпиадаси — International Mathematical Olympiad
Халқаро физика олимпиадаси — International Physics Olympiad
Халқаро кимё олимпиадаси — International Chemistry Olympiad
Халқаро биология олимпиадаси — International Biology Olympiad
Халқаро информатика олимпиадаси — International Olympiad in Informatics
Қайд этиш лозим, Президентнинг 2019 йил 3 майда имзоланган «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юқорида номи келтирилган халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиши белгиланган:
🏆1-ўрин (олтин медаль) учун — 500, ўқитувчисига — 450 баравари;
🏆2-ўрин (кумуш медаль) учун — 300, ўқитувчисига — 250 баравари;
🏆3-ўрин (бронза медаль) учун — 200, ўқитувчисига — 150 баравари;
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 6 ноябрь куни имзоланган «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан, юқорида номи келтирилган халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган мактаб ўқитувчиларига — олий, академик лицей ва касб-ҳунар мактабларининг ўқитувчиларига — бош ўқитувчи малака тоифаси берилиши белгиланган.