Юртимиз умумтаълим мактабларида маънавий – маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, уларда ватанпарварлик ва садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида сўнгги йилларда қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги 558-сон қарори асосида тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси”да бу борада муҳим вазифалар белгиланган.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мактаб ўқувчиларининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, ёш авлод онгида маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўргатиб бориш, замонавий билим ва тажриба, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш, бунда мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда.
Мазкур Концепцияда таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқ таълими тизимида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида таълим-тарбияга замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, ўқувчиларнинг билими ва иқтидори, ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу маънода Концепциянинг асосий мақсади этиб ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш белгиланганлиги ҳам жуда муҳимдир.
Концепцияга кўра, мактабларда “Ўзбекистон — Ватаним маним” мавзусида ижодий ишлар танлови, “Давлат рамзлари — фахрим, ғурурим”, “Давлат тили — миллат руҳи” ғояси асосида туркум маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбирлар ташкил қилинади.
Мактаблардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш ва таҳлил қилиш мезонлари асосида аниқланган “қизил” тоифадаги мактабларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида идоралараро ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлиги ташкил этилади. Шунингдек, “сариқ” тоифадаги мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, “яшил” тоифадаги мактаблар тажрибасини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш чоралари кўрилади.
Ўқувчиларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида “оддийдан мураккабга” тамойили асосида ўқувчиларнинг бадиий асарларни танлаш ва синчиклаб ўқиш малакасини ҳосил қилиш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилади.
Ўқувчиларнинг китобхонликка бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқ таълими вазирининг “Китобхон ўқувчи” танловини ташкил этилади, “Мактаб кутубхонаси”, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” рукнида юз жилдлик китоблар тўпламининг нашрини йўлга қўйилади.
Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Умар Ҳайём, Мирзо Улуғбек, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Абдулло Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби кўплаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари ўқувчи-ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилинади.
“Замонамиз қаҳрамонлари” рукнида туркум рисолалар, анимацион, ҳужжатли ва бадиий фильмлар, роликлар яратилиб, таълим-тарбия жараёнига жорий этилади. Мактаб кутубхоналари Ўзбекистон Қаҳрамонлари, илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндаларининг ибратли фаолияти ёритилган адабиётлар билан бойитилади.
Концепцияда мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборини ошириш мактаблардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилган.
Шу мақсадда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари томонидан ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларни маҳаллаларда ташкил этиладиган халқ сайиллари, умумхалқ байрамлари, ўйинлар ва спорт мусобақаларига кенг жалб қилиш бўйича зарур ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Концепцияда белгиланган устувор вазифалар “Янги Ўзбекистоннинг янги мактаби” ғояси асосида мамлакатимизда мактаб таълимини умуммиллий ҳаракатга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни мазмунан янги босқичга кўтаришда муҳим рол ўйнайди.