Узайтирилган қишки таътил кунлари мактабларда ўқувчилар иштирокида тўгараклар ташкил этиладими? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу саволга жавоб бериб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қишки таътил даврида умумтаълим мактабларида ўқувчилар учун тўгараклар ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилмаганлигини маълум қилади.
Вазирлик тасарруфидаги республика ташкилотлари — Болалар кутубхонаси, «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан барча лойиҳалар онлайн тарзда ташкил этилмоқда.
Ҳукуматининг тегишли йиғилиш баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қишки таътил давомида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида китоб мутолаасини оширишга қаратилган онлайн интеллектуал викториналар, радио эшиттиришлар ҳамда телекўрсатувлар намойиш этилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда вазирлик ҳудудий бўлинмалари ҳамда вазирлик таркибидаги барча таълим муассасалари раҳбарларидан қишки таътил кунлари ўқувчилар иштирокида турли тўгараклар ташкил этилмаслигини шахсий назоратга олишлари сўралади, дейилади вазирлик хабарида.