Кичик ёшдаги болаларга инглиз тилини ўргатишнинг инновацион усуллари

Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатимизда чет тилларини ўрганишга катта эътибор бериб келинмоқда. Жумладан, 2012-йил 10-декабрда қабул қилинган «Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳамда 2013–2014-ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг биринчи синфларида хорижий тилларни узлуксиз ўргатишнинг жорий этилиши бунинг исботидир.

Ҳозирги кунда нафақат мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабаларига, балки мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва турли соҳада ишловчи ходимларга ҳам чет тилини, хусусан, инглиз тилини ўргатиш йўлга қўйилган. Бунинг сабаби бор, албатта. Иқтисодий, фан ва маданий жиҳатдан ривожланган давлатларнинг тилларини ўрганиш жаҳон илм-фани ва тараққиёти ютуқларини эгаллашнинг бош омилидир.

Тил ўрганиш ҳам ёш даврларига боғлиқ. Психологларнинг фикрича, болалар катталарга нисбатан тилни тез ва осон ўзлаштирадилар. Болаларда тил ўрганишга бўлган табиий мойиллик, уларда тақлид қилиш хусусияти кучли эканлиги, катталарга қараганда болалар вақтининг кўплиги бунинг асосий сабабларидандир. Шуни эътиборга олиш керакки, 6–7 ёшли болалар маълумотлар маъносини тушуниб эмас, уни механик тарзда ёдлайди. Шунинг учун бошланғич синф ўқувчиларига инглиз тилини ўргатишни грамматик тушунча беришдан бошламаслик зарур. Акс ҳолда чет тилини ўргатишнинг дастлабки қадамиданоқ болани зўриқтириб қўйиш ва қизиқишини сўндириб қўйиш мумкин.

Шундай экан, кичик ёшдаги болаларга хорижий тилни ўргатиш анча мушкул ва масъулиятли. Болаларга инглиз тилини мазмунли ва қизиқарли ўргатиш учун қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин:

– қўшиқ ва шеърлар орқали тушунтириш ёки эсда қолиши қийин бўлган, маънога эга бўлмаган ҳарф ёки бирикмаларни куйга солиб ўргатиш.

Бунга мисол қилиб, болаларнинг инглиз тили алифбосини қўшиқ қилиб ўрганишлари шунчаки ёдлашдан кўра самарали эканлигини кўрсатиш мумкин.

ақлий ва жисмоний ҳаракатлар билан бўғлиқ бўлган ўйинлар;

мультфильмлар; Болалар тил ўрганиш мобайнида мультфильмдаги гапларни тушунмасада, мультфильм қаҳрамонларининг ҳаракатлари орқали улар ишлатаётган сўзларни тушунишга интилади. Бу эса болалар учун қизиқ ва тил ўрганишлари учун самарали йўл.

роль ижро этиш (role play) ўқитувчи бирор маълумотни, масалан, ҳайвон ёки қушларнинг номларини ўргатаётган пайтда роль орқали ижро этиши ёки болаларга ижро эттириши лозим. Мисол учун: бир ўқувчи итнинг вовиллаши, мушукнинг миёвлашини кўрсатиб берса, бошқа бир ўқувчи бу товушлар қайси ҳайвонга тегишли эканлигини билиб, унинг инглизча номини айтиши зарур.

мавзуга оид муҳит; Ўқитувчи мавзусига қараб ўша муҳитни яратиб бера олса, болалар тилни яхши ўрганишади. Масалан: traveling, birthday, in the kitchen ва бошқалар. Traveling (саёҳат) мавзусида ўқитувчи саёҳат уюштириши, саёҳатга қандай воситалар орқали (foot, bicycle, automobile, train, boat, airplane) бориш мумкинлиги, қаерларга саёҳат қилиш (Tashkent, Samarkand, Bukhara, England, USA) муҳимлиги ҳақида маълумот беради. Бу ҳам ўқувчиларнинг сўз бойлигини, тил имкониятларини кучайтиради, дунёқарашини ўстиради.

топишмоқлар; Болаларда топишмоқларнинг жавобини топишга қизиқиш кучли. Шунинг учун ўқитувчи топишмоқни инглиз ёки ўзбек тилида айтсада, унинг жавобини болалардан инглиз тилида айтишини талаб қилиши лозим. Шунда болалар сўзларни тез ўрганишади.

– амалий машғулотлар (мевалар ва бошқа озиқ-овқатларни татиб кўриш, гулларни ҳидлаб кўриш); Бу жумлани бир амалиётчи психологнинг фикрлари билан изоҳлаш мумкин: » Болаларнинг эсида бирор нарсанинг маҳкам ўрнашиб қолишини хоҳловчи педагог бола сезги органларининг мумкин қадар кўпроғини кўзи, қулоғи, товуш органи, мускул сезгиси ва, ҳатто, агар иложи бўлса, ҳидлаш ва таъм билиш органларини эсда тутиб қолиш жараёнида қатнаштиришга ҳаракат қилиши керак». Масалан: ўқитувчи бир ўқувчининг олмани татиб кўриши пайтида унинг ранги қизил(red) ёки яшил(green), таъми ширин(tasty) ёки нордон(sour), хушбўй(fragrant) ҳиди ҳақида маълумот бериши ва бошқа ўқувчиларга ҳам меваларни едириб, у болалардан ўша мева ҳақида инглизча маълумотлар беришини талаб қилиши лозим.Бу ҳои боланинг кейинги ўрганишларида ҳам ёрдам беради.Ўқитувчи ўқувчилардан рангларнинг инглизча номини сўраб қолса, бола дарров мева еган пайтини эслайди, қизил-red, яшил-green эканлигини тез хотирлайди. Демак, бундай усулдан фойдаланиш ўқувчининг маълумотни узоқ муддатда хотирасида сақлаб қолишини таъминлайди.

– имо-ишоралар, юз ифодалари орқали; Ўқитувчи болага бирор гапни гапирганда ёки буйруқ берганда, масалан, бу ёққа кел (come here), китобни оч (open the book), туринг (stund up), доскага қаранг (look at the blackboard) каби гапларда имо-ишоралардан фойдаланса болага тушунарли бўлади.

– кўргазмали қуроллар, плакатлар, китоблар орқали;

кўзга кўринадиган ва кундалик ҳаётда кўп ишлатиладиган нарса, буюмларга ёзиш. Масалан: эшик (door), китоб (book), стол(table), доска (blackboard), ойна (window) ва шу кабиларга ёзиш. Бундай нарса-буюмлар доимо кўзга тушиб туриши ва амлиётда кўп қўлланиши боис, бола бу сўзларни ихтиёрсиз тарзда ўрганади.

янгиликлар орқали; Биламизки, болалар қизиқувчан. Улар бир хилликдан тез зерикади. Шунинг учун уларга ҳар доим бир турдаги усуллардан фойдаланиб дарс ўтиш эмас, балки бундай усулларни ўзгартириб, янгилаб дарс ўтиш лозим. Акс ҳолда болалар ўқитувчининг қандай дарс ўтишини фаҳмлаб олишади ва бунга тайёргарлик кўришади. Усулларни янгилаб дарс ўтиш болаларнинг интилишларини оширади. 

 Хулоса қилиб айтганда, кичик ёшдаги болаларга тил ўргатиш мажбурият сифатида эмас, қизиқарли машғулот тарзида олиб борилиши, бир неча самарали усуллардан фойдаланиб дарс ўтиш уларнинг келажакда оладиган билимлари учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Болаларга чет тилларини ўрганиш қанчалар муҳимлигини табиий шароитлар орқали тўғри тушунтириб борилиши даркор. Чунончи, буюк мутафаккир Абу Наср Форобий ҳам кўплаб хорижий тилларни мукаммал билган, бу тилларда бемалол гаплаша олган ҳамда шу тилларда ижод қилган. Бундай имконият алломанинг дунё илм-фанини ўрганишга, буюк ишларни амалга оширишига туртки бўлган. Зеро, Навоий бобомиз айтганларидек, «Тил билган — эл билади».

Юлдашева Д. А.

🔥5.2 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853